Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Сиёсий газетадан... кўйлак, сенаторларга ҳурматсиз тадбиркор ва уч эгизак


Навоийда уч эгизак туғилди.
Навоийда уч эгизак туғилди.

Самарқандда суд ижрочилари раҳбари пора билан ушланди. Ўзбекистондаги нуфузли сиёсий газетадан либос сифатида фойдаланган хонанда танқидга учради. Бобур Мирзонинг махфий васияти эълон қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Самарқандда суд ижрочилари раҳбари пора билан ушланди”

Самарқанд вилояти Булунғур тумани суд ижрочилари бўлими раҳбари Шокир Зоҳидов пора билан қўлга олинди (“Даракчи”, 8 октябрь).

Зоҳидов жорий йил 16 сентябрь куни ўз хонасида ижро ишини ижобий ҳал этиш учун фуқародан 400 доллар пора олаётганда қўлга туширилган. Тергов жараёнида суд ижрочилари раҳбари аввал ҳам ўша фуқародан 100 доллар олгани аниқланган.

Ҳуқуқ идоралари маълумотига қараганда, Ш.Зоҳидов пул олишнинг турли тизимларини ўйлаб топган. Қайд этилишича, суд ижрочилари раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

“Ўзбекистонда “Сенатор” номли бўёқ ишлаб чиқарилгани қонунчиларга ҳурматсизлик сифатида баҳоланди”

Ўзбекистонда сотувчига чиқарилган “Сенатор” номли бўёқлар мамлакат парламентининг юқори палатаси аъзолари – cенаторларга нисбатан ҳурматсизлик саналади (“Ҳуррият”, 7 октябрь).

“Бизнинг мамлакатимизда сенатор бу парламентнинг юқори палатаси аъзоси. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, оддий бўёқнинг айнан шундай ном билан аталишини қандай тушуниш керак? Наҳотки, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотини харидоргир бўлиши ёки танилиши учун шундай ном билан аташ шарт бўлса?” деб ёзади журналист Улуғбек Раҳмонов.

Мақолада корхоналар мутасаддиларига маҳсулотларини номлашга юзаки эмас, жиддий ёндашиш лозимлиги эслатилган. Қайд этилишича, “Сенатор” номи билан аталган бўёқ хона ичини, гулқоғоз, мармар каби юзаларни оқлашда ишлатилмоқда.

“Наманганда киракашларнинг соғлиғи... сартарошхонада назоратдан ўтказиляпти”

Наманган вилоятида йўналишсиз таксиларнинг техник созлиги ва ҳайдовчиларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиш хўжакўрсинга амалга оширилмоқда (“Диёнат”, 8 октябрь).

Масалан, Чортоқ туманидаги “Шаҳри Омон Шариф транс” уюшмаси ҳайдовчилари сартарошхонада тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Қайд этилишича, вилоят ҳудудида ҳаракатланаётган таксиларнинг деярли барчаси қоидаларга мувофиқ жиҳозланмаган.

Айни пайтда бутун вилоят бўйича йўналишсиз такси хизмати кўрсатувчи 16 та корхона мавжуд, уларга бириктирилган автомобиллар сони эса бор-йўғи 79 тани ташкил этмоқда. Газетага кўра, юзага келган бўшлиқни 1500 та ноқонуний киракашлар тўлдирган. Бунинг оқибатида эса банкдан ташқарида кунига ўртача 70-80 миллион сўм айланмоқда.

“Пахта теримчиларининг даромади солиқдан озодми?”

Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига жалб этилган шахсларнинг даромадлари солиққа тортилмайди (“Адолат кўзгуси”, 8 октябрь).

Бу ҳақда ҳуқуқшунос Исроил Қурбонов маълум қилади. Самарқандлик фермер Келдиёр Сафаровнинг бу борадаги саволига жавоб берган ҳуқуқшунос

Солиқ кодексининг 179-моддасида жисмоний шахсларнинг солиққа тортилмайдиган даромадлари келтирилганини қайд этган. Улар қаторида пахта терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилган шахсларнинг даромадлари ҳам саналган.

“Ўзбекистондаги нуфузли газетадан либос сифатида фойдаланган хонанда танқидга учради”

Ўзбекистонлик хонанда Умидахон мамлакатдаги етакчи газетадан тикилган либосни кийиб телевизорда чиққани учун танқид ва эътирозларга учради.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, “Топ дизайнер” кўрсатувида модель сифатида қатнашган хонанда “Ўзбекистон овози” газетасидан тикилган либосни кийган ҳолда кўринган.

“Умидахон бу либосни кийишга қандай розилик берди? Дизайнер либос учун мамлакатимиздаги энг етакчи нашрларга мурожаат қилиши шартмиди? Маънавият, миллий ғурур ҳақида тинимсиз бонг урсаг-у, дизайнерлар газеталардан шу йўсинда фойдаланишса...” дея эътироз билдиради шоу бизнес нашри.

“Бобур Мирзонинг махфий васияти эълон қилинди”

Бобур Мирзо умрининг охирларида – 1529 йил 11 январда Агра яқинида махфий васиятнома ёзиб қолдирган (“Ҳуқуқ оламида”, 8 октябрь).

Васиятнома форс тилида, Бобур Мирзонинг ўз таъбири билан айтганда, “султонатнинг мустаҳкам бўлиши учун” ёзилган. Ҳукмдор меросхўр шаҳзода Ҳумоюнга қўл остидаги одамларнинг диний эътиқодини ва ибодатгоҳларини ҳурмат қилишга чақиради.

“Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг”, деб насиҳат қилади Бобур Мирзо.

Васиятномада Амир Темурнинг бошқарувидан ибрат олиш лозимлиги, сунний ва шиа жанжалларидан кўз юмиш уқтирилган. Махфий васиятнома айни пайтда Ҳиндистондаги Бҳопал давлат кутубхонасида сақланмоқда.

“Ўзбекистон ёшлар термаси Осиё чемпионати финал босқичида қатнашади”

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19) Осиё чемпионати финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди (“Ўзбекистон овози”, 8 октябрь).

Ўзбекистонлик футболчилар Бангладешда ўтган саралаш ўйинларида Бутан термасини 7:0, Шри-Ланкани 3:0, мезбонларни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, 100 фоизлик натижа билан қитъа чемпионатига якуний босқичига йўлланма олган. Ёшлар (U-19) ўртасидаги Осиё чемпионати 2016 йилнинг 13-30 октябрь кунлари Баҳрайнда ўтказилади.

“Навоийда уч оғайни дунёга келди, яна тўрт эгизак туғилиши кутилмоқда”

Навоий вилояти Қизилтепа тумани Хўжа Ҳасан маҳалласида яшовчи 29 ёшли Қизлархон Жумаева икки қиздан кейин бирданига уч ўғилли бўлди.

Бир қатор матбуот нашрлари хабарига қараганда, чақалоқлар – Ҳасан, Ҳусан ва Эгамберди ўз муддати ва меъёрдаги вазнда дунёга келган.

Маълум бўлишича, учинчи чақалоқ оила учун “сюприз” бўлган. Туғруқ олдидан ўтказилган текширувда у кўринмаган.

Яқин орада Навоийдаги перинатал марказга келтирилган навбаҳорлик аёл тўрт эгизакни дунёга келтириш кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG