Линклар

logo-print

Москвада Борис Немцов хотирланди


Борис Немцовга қабрига ўрнатилган тош

Борис Немцовга қабрига ўрнатилган тош

9 октябр куни марҳум мухолифатчи Борис Немцов 56га тўлар эди. Сана муносабати билан шу йил февральда Москвада отиб кетилган Немцов қабрига хотира ҳайкали ўрнатилди. Шу куни Швейцариянинг Базел шаҳрида Немцовнинг қизи ва яқинлари марҳум сиёсатчи хотирасига бағишлаб концерт ташкил қилди.

Москвада Троекурово қабристонида таниқли сиёсатчи Борис Немцов қабри устига мемориал қабр тоши ўрнатилди. Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси шу йил 27 февраль куни кечаси Кремль олдида отиб кетилган эди.

Б.Немцов монументи

Б.Немцов монументи

Петербурглик ҳайкалтарош Вячеслав Бухаев ясаган улкан тошда битилган Немцов исмида бешта ўқ изи тасвирланган. Қабр тоши мухолифат лидерининг 56-туғилган кунига бағишлаб ўрнатилди.

Немцовни хотирлаш маросимига йигирмадан зиёд дўстлари ва сафдошлари келди.​

- Борис Немцов, сўзсиз, юксак давлат ва жамоатчилик арбоби эди,- деди РПР-Парнас партияси етакчиси Михаил Касьянов.

Маълум бўлишича, хотира тоши Немцовнинг дўстлари – Альфред Кох, Игорь Лившиц ва Олег Сисуевлар ташаббуси билан қўйилган.

- Немцов Россия тарихида қўзғалмас пойдор сифатларга эга одам сифатида ном қолдиради: у ўта ростгўй, чексиз эркин ва сотилмас эди. Шунинг учун уни душманлари жуда ёмон кўришган, ана шу сабабли уни ўлдиришди,- деди Олег Сисуев йиғилганлар олдида.

Айни пайтда, жума куни Швейцариянинг Базел шаҳрида мухолифат лидери хотирасига “Очиқ Россия” жамияти кўмагида катта концерт дастури ўтказилади. Бу тадбирда “Океан Эльзи”, Андрей Макаревич, Андрей Гаврилов ва бошқалар иштирок этади. Айтиш жойизки, айнан шу концерт Борис Немцовнинг ўлимидан 40 кун ўтиб Москвада маҳаллий ҳукумат босими остида ўтказилмай қолган эди.

Немцов ўлдирилган Москворецкий кўпригини кўпчилик "Немцов кўприги" деб атайди

Немцов ўлдирилган Москворецкий кўпригини кўпчилик "Немцов кўприги" деб атайди

Шунингдек, 9 октябрь куни Москвадаги Зверевнинг замонавий санъат марказида кўнгиллилар томонидан уюштирилган “Немцов мост” кўргазмаси очилади. У Борис Немцовнинг ўлдирилган жойидаги кўнгилли шаҳарликлар ва мэрия ўртасидаги хотира жойи учун кураш тўғрисида сўзлаб беради.

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов 27 февраль куни кечаси Москвада, Кремль ёнидаги кўприкда отиб кетилган эди.

Мухолифатчини ўлдирганликда гумонланиб чеченистонлик беш киши ҳибсга олинган. Бироқ, тергов ҳанузгача бирор жиддий натижа бергани йўқ.

АҚШнинг 2015 йилдаги “Озодлик” мукофоти “Владимир Путин даврида Россияда демократия, инсон ҳуқуқлари ва адолатли судлов учун курашига бағишланган умр учун” муносиб топилгани учун Борис Немцовга берилди.

XS
SM
MD
LG