Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:45

Жиҳодчиларга сотиб юборилган ўзбекистонлик ўзини отиб ташлашларидан бонг урди


Ўзини юртдоши томонидан Сурияда урушаëтган гуруҳлардан бирига сотиб юборилган Қодиров Жалолиддин деб таништирган шахс Twitter ижтимоий тармоғидаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларга мурожаат қилиб¸ жонини сақлаб қолиш учун ëрдам сўради. Ўзининг Туркия-Сурия чегара шаҳрида сақланаëтганини билдирган йигит¸ “тезда қутқармасангизлар¸ мени ўлдириб юборишади”¸ деган сўнгги хитобидан сўнг Twitterдан ғойиб бўлди.

Twitter ижтимоий тармоғидаги фолловерлари сони қарийб 6000 га етган @Eshittizmi фойдаланувчиси лентасига 8 октябрь куни @yordamberilar номли фойдаланувчидан кетма-кет 11 та твит ташланди.

Twitterдаги ëзувлар сурати.
Twitterдаги ëзувлар сурати.

Озодлик имло хатоларининг айримларинигина тузатиб тақдим этаëтган бу 11 твитда мана булар ëзилган:

Манга ёрдам керак. Мани Ислом деган бола май ойида Масквадан Истанбулга ишга деб чақирганди хозир Туркияни Хотой деган шахридаман.

Ислом билан Телеграмда танишгандим. Телеграмда Гофур бой номида кирарди¸ у алдаб чақириб мани сотди.

Икки марта қочдим ушлаволиб роса уришди¸ хозир иложини қилиб интернетга кирдим билишса мани ўлдиришади.

Мелиса ё пракуратурага ҳабар беришти иложиси борми? мани қутқарилар сизи ўқийдиганлар копакан шунга сизга ёздим.

Исломди фамиласи зокиров экан у ўзи хозир туркиядами ўзбекистондами буни билмиман.

Ëши 20-22да сариқроқ бола фаргонани киргили диган жойиданлигини билдаман ҳолос акалар илтимос мани қутқарилар.

Акалар илтимос пракратурага телефон қилиб манга ёрдам берилар мани исмим Қодиров Жалолдин ака тезда қутқармаселар ўлдирворишади.

Мани уришганда оёгим билан қўвиргам синганди шунга уришга жўнатишмади яқинда уришга опкетишади синган жойларим энди тузалди.

Уришга бормасам отиб ташлашаркан 2та туркман болани бугун отворишди илтимос ёрдам берилар пасолствагаям хат ёздим.

Аниқ жойими билмиману лекин гаплари орасида хатайми хотойми диган жойделигимизи биламан холос.

Исломди ушаш керак бошқалардиям сотган бўлиши ё сотиши мумкин ёрдам берилар алдаяпти деб бепарво бўмелар одамлар ёрдам берилар.

@Eshittizmi номли фойдаланувчига ташланган бу ëзувлар билан айни пайтда @yordamberilar Twitterдаги фолловерлари сони 2500 га яқинлашиб қолган @shuxratbek5 лентасига ҳам айни хитобни ташлади:

“Акажон сизиям ўқийдиганлар кўпакан илтимос ёрдам беринг Теша теккан гаплар аккаунтига тwит ёздим ўша тwитларди рт қиберин.

Ҳазиллашяпти ё алдаяпти тухмат қиляпти деб бепарво бўмелар ака ёрдам берилар.

Компютерди ўчиряппан¸ билиб қўлишса ўлдиришади¸ ака тwитларимга эътиборсиз бўмелар манга ёрдам берилар.”

Сўнгги твитдан бери ўтган 24 соат давомида ўзбекистонлик Twitter фойдаланувчилари бу нидога кўп ҳам эътибор кўрсатишмади¸ улардан айримлари уни Озодликка йўллаб¸ бу сўровга аниқлик киритиш¸ имкони бўлса¸ Суриядаги урушаëтган томонлардан бирига (айнан қайси гуруҳга сотилгани айтилмаган твитларда – таҳр.) сотиб юборилганини айган бу йигитга ëрдам беришни сўрадилар.

Кун давомида Сурия-Туркия чегарасидаги Ҳатай шаҳрида сақланаëтгани¸ Сурияга урушга боришни истамаëтгани учун отиб ташлашлари таҳдид остида қолганини иддао қилган Жалолиддин Қодировнинг на ўзи ва на айнан қаерда эканини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзининг Туркиядаги ўзбек элчихонасига ҳам ëрдам сўраб мурожаат қилганига ишорат этган Жалолиддин Қодиров тақдиридан хабари бор-йўқлигини аниқлаш учун Озодлик мухбири элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилди.

Консуллик бўлими расмийлари ўзларига Қодиров Жалолиддин деган шахсдан ҳеч қандай мурожаат бўлмаганини билдиришди.

Озодликка маълум тафсилотларни эшитган ўзбек дипломати¸ бу масалада дарҳол Туркия ваколатли идоралари билан ишлашни бошлаши¸ агар ҳақиқатан ҳам Қодиров Жалолиддин исмли Ўзбекистон фуқароси Туркия ҳудудига киргани аниқланса¸ уни топишга ҳаракат қилажакларини айтишди.

Озодликка келаëтган ҳикоялардан Россияда иқтисодий бўҳрон бошлангани ортидан ўзбекистонлик муҳожирларни Туркияга ишга таклиф қилиб¸ сўнгра уларни Суриядаги ишидчиларга сотиб юбориш ортидан катта пул қилаëтган одам савдогарларининг кўпайиб бораëтгани англашилади.

Суриядаги жиҳодчилар сафига одам ëллаш билан шуғулланаëтган жиноий гуруҳларнинг¸ асосан Одноклассники ва ВКонтакте¸ шунингдек Telegram, Facebook, WhatsApp каби ижтимоий тармоқлар орқали ўз қурбонларини алдаб-авраëтгани айтилади.

Ҳозирда Суриядаги жиҳодчилар сафида жанг қилаëтган ўзбекистонликлар сонининг 800 дан 3000 нафаргача экани тахмин этилади.

XS
SM
MD
LG