Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Анқарада портлашлар: ҳалок бўлганлар сони 80дан ошди


Бугун Туркия пойтахти Анқаранинг темир йўл вокзали яқинида иккита портлаш рўй берди. Турк матбуоти хабарларига кўра, ҳалок бўлганлар сони саксондан ошган. 186 одам жароҳатланган, шулардан 30 нафари реанимацияда. Аввалроқ, Туркия Ички ишлар вазирлиги расмийлари портлашлар оқибатида 30 одам ҳалок бўлгани, 126 одам жароҳатланганини айтишаётганди. Вазирлик расмийларига кўра, портлашлар ҳудкуш террорчи тарафидан содир этилган бўлиши мумкин.

Икки портлаш маҳаллий вақт билан соат 10 ларда атрофида бир-биридан 20 метр узоқликда, бир неча сониялар орасида рўй берган.

Портлашлар Анкарада режаланган "Тинчлик марши" арафасида рўй берди.
Портлашлар Анкарада режаланган "Тинчлик марши" арафасида рўй берди.

Туркия касаба уюшмалари ва сўл қанот партиялар фаоллари бугун Анқара марказида, айнан портлашлар рўй берган ҳудудда тўпланиб, мамлакат жанубидаги ҳукумат хавфсизлик кучларининг курд исёнкорларига қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатиш талаби билан “тинчлик марши”ни ўтказишни режалаётганди.

Марш ташкилотчилари орасида HDP - Халқ Демократик партияси каби курдпараст партиялар ҳам бор эди.

Портлашлар одамлар шу тинчлик маршида қатнашиш учун тўпланаётган пайтда рўй берган.

- Намойиш саҳнаси томон кетаётган эдик, бирдан портлаш бўлди. Ҳаммамиз ётдик. Кейин иккинчиси сал нарироқда рўй берди. Иккита портлаш бўлди, биринчиси жуда кучли эди, - дейди портлаш гувоҳларидан бири.

Анқарадаги портлашлар оқибатида 30 одам ҳалок бўлган.
Анқарадаги портлашлар оқибатида 30 одам ҳалок бўлган.

Туркия ҳаво кучлари 25 июлдан буён Ироқ шимолидаги ПКК - Курдистон ишчи партияси истеҳкомларига қарши зарбаларни бериб келмоқда.

Ушбу амалиётлар ортидан Курдистон ишчи партияси Анқара билан икки йил аввал эришилган оташкесимга нуқта қўйилганини билдирганди.

Туркия ҳукумати Курдистон ишчи партиясини айирмачилик фаолиятида айблаб келади.

Анқара Туркия хавфсизлигига дахл қилувчи ҳар қандай ҳаракатга аёвсиз жавоб қайтаришини таъкидлаб келади.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Анқарадаги портлашларни қоралади: "Миллатимиз бирлиги, осойишатилигига қарши қилинган бу жирканч ҳужумдир бу", - деди Эрдўғон.

Айни пайтда бош вазир Аҳмад Довутўғли бошлиқ ҳукумат фавқулодда мажлисга йиғилган.

АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси Анқарадаги портлашларни қоралаб, баёнот чиқарди.

Биз барчамиз террорчиликка қарши биргаликда курашишимиз лозим", дейилади баёнотда.

Россия ҳам Анқарадаги портлашлар юзасидан Туркия ҳукуматига ҳамдардлик билдирди ва террорга қарши ҳамкорликка тайёр эканини айтган.

XS
SM
MD
LG