Линклар

logo-print

Сирдарёда пахта ташийдиган прицепга урилган “Нексия” йўловчилари ҳалок бўлди


Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри яқинида 7 октябрь куни кечқурун рўй берган автоҳалокат натижасида тўрт киши ҳалок бўлди. Озодлик манбаларига кўра, қоронғида катта тезликда келаётган Нексия автомобили ҳайдовчиси пахта ташийдиган трактор прицепининг тагига кириб кетган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги собиқ “Москва” жамоа хўжалигининг ҳудудида 7 октябрь куни кечқурун содир бўлган автоҳалокатда тўрт киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда хабар берган гулистонлик манбага кўра, трактор прицепининг ёритгич чироқлари ишламагани учун катта ёшдаги ҳайдовчи прицепни кўрмай қолган:

“Воқеа кечқурун соат саккизларда содир бўлган. Нексия рулида 72 ёшли отахон бўлган. Пахтасини хлоппунктга ташлаб келаётган трактор прицепининг орқасидан катта тезликда бориб урилган. Айтишларича, прицепнинг чироқлари ишламагани учун қоронғида уни кўрмай қолган. Фалокат натижасида отахон, унинг икки куёви ва бир ёш бола ҳам ҳалок бўлган”, деди манба.

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг исми сир қолишини сўраган инспектори шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Тўғри, трактор прицепининг чироқлари ишламаган, лекин ёруғлик қайтарувчи отражателлари бўлган. Ҳайдовчи анча ёшга бориб қолгани учун ҳам кўрмай қолган бўлиши мумкин. Лекин бизнинг ҳисоботда икки киши ўлгани қайд этилган”, деди инспектор.

Ўзбекистонда пахта ташийдиган тракторларнинг аксарият қисми эскирганлиги ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги оқибатида тунда авариялар содир бўлиши кўп кузатилади.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими 25 яшар Анвар Абдуллаев пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди. Ҳалокат Анвар ўтирган Матиз машинаси пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида содир бўлган.

Ўтган йилда ҳам чироқсиз тракторлар боис пахта териш мавсумида кўплаб йўл ҳаракати фалокатлари содир бўлган эди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 2014 йилнинг 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

2014 йилнинг 17 сентябрь куни эса Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидатунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилди. Расмийларга кўра, трактор шатакка олган прицепларнинг ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG