Линклар

Туркия Анқарадаги портлашлар қурбонларига аза тутмоқда


Портлашлар ортидан минглаб инсонлар Истанбулда норозилик намойиши ўтказди

Портлашлар ортидан минглаб инсонлар Истанбулда норозилик намойиши ўтказди

Анқара шаҳрида шанба куни юз берган икки портлаш ортидан Туркия бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинди.

Қўшалоқ портлашда, расмий хабарларга кўра, 95 нафар одам ҳалок бўлган ва яна камида 245 нафар одам жароҳат олган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Меҳмет Муаззинўғли қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Биз ўлганлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Чунки, ярадорлардан бир қанчасининг аҳволи оғир,” деб айтди Меҳмет Муаззинўғли.

Туркия ҳукумати “террорчилик амали” деб баҳолаётган ҳодисада яраланганлардан 48 нафарининг аҳволи “ўта оғир” экани айтилади.

Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғли 10 октябрдаги ҳужум худкуш ҳужумчилар томонидан содир этилганига кучли ишоралар борлигини айтди.

"Соғлиқ, Адлия ва Ички ишлар вазирларимиз ҳужумга алоқадор батафсил маълумотни тақдим этишди. Бизда бор маълумотга кўра, ҳужум икки худкуш бомбачи томонидан содир этилганига кучли ишоралар бор," – деди Аҳмет Довутўғли.

Анқарадаги портлашлар Туркияда умумхалқ сайловларига уч кун қолганда юз берди.

Қўшалоқ портлаш бир-биридан яқин масофада ва бир неча сония оралиғида содир этилди.

Портлашлар рўй берган пайтда минглаб одамлар Анқарадаги марказий поезд станцияси яқинига “тинчлик марши”га тўпланаётган бўлган.

Туркия касаба уюшмалари ва сўл қанот партиялар фаолларидан иборат марш қатнашчилари ҳукуматдан мамлакат шарқий ҳудудларида курд исёнчиларига қарши амалиётларни тўхтатишни талаб қилишни режалаштираётганди.

Портлашлар ортидан икки курдпараст партия томонидан ташкиллаштирилган мазкур юриш бекор қилинди.

Портлашлар ортидан ғазабга келган оломонни тарқатиш учун полиция ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ узгани хабар қилинади.

Кейинчалик Истанбулда тўпланган минглаб намойишчилар Анқарада юз берган портлашлар учун ҳукуматни айблади.

Анқарадаги юриш ташкилотчиларидан бири - Туркиядаги курдпараст “Халқ Демократик Партияси” (ҲДП) лидери Салоҳиддин Демирташ, ўз таъбирида, “халққа қарши” ҳужумлар учун давлатни айбдор деб билишини айтди.

"Тинчлик тарафдорлари сифатида биз ғалаба қиламиз. Тинчланинг. Қайғумиз ва ғазабимиз чексиз, аммо ҳисоб сўраш учун бизда куч ва ғайрат бор. Уларнинг бари қонун ўнгида жавоб беради,” деди Салоҳиддин Демирташ.

Июнь ойида ҲДП илк бор умумхалқ сайловида иштирок этаркан Диярбакир шаҳрида ўтказилган юришда юз берган портлашда икки киши ҳалок бўлганди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўған портлашларни қоралаб, уларни “бирдамлигимиз ва мамлакатимиз тинчлигини нишонга олган ҳужумлар” дея баҳолади.

У бомбалашлар ортидан Туркманистонга режалаштирган сафарини бекор қилди.

Ражаб Тойиб Эрдўған 12 октябрь куни Ашхабодда Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон раҳбарлари саммитида иштирок этиши режалаштирилган эди.

Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғли бомбалашлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмагани, бироқ “Исломий Давлат” гуруҳи ва “Курдистон Ишчилар Партияси” (ПКК) эҳтимолий гумондорлар сифатида кўрилаётганини айтди.

АҚШ Президенти Барака Обама Туркия президенти билан телефон орқали суҳбатлашган ва Оқ Уйнинг маълум қилишича, "ушбу ҳужумларда ҳалок бўлган ёки яраланганлар яқинларига ўз ҳамдарлигини билдирган".

Кремлнинг маълум қилишича, Россия Президенти Владимир Путин Эрдўғанга телеграмма юбориб, таъзия билдирган.

XS
SM
MD
LG