Линклар

logo-print

Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жойлашган аёллар бошқарувидаги “Рошани” теле- ва радиостанцияси ходимлари учун оддий бошланган иш куни бирданига ҳақиқий драмага айланди.

Қундузликлар шаҳарни бир неча ҳафта олдин ўраб олган толиблар тобора яқинлашиб келаётганидан хабардор эди. Шундай бўлса-да, “Рошани” директори Седиқа Шерзай жангариларнинг 28 сентябрь куни шаҳарга қилган ҳужуми кутилмаган ҳодиса бўлганини айтади.

“Толиблар ҳужуми эрталаб бошланди. Аммо биз тўқнашув шаҳар ташқарисида бўлади, ҳукумат кучлари толибларни ортга чекинишга мажбур қилади, деб ўйлагандик”, дейди Шерзай.

Лекин ўша куни толиблар шаҳарга бостириб кирди ва тез орада улар биринчи бўлиб йўқ қилишни истаган муассасалар орасида “Рошани” борлиги аён бўлди. Жангарилар радио иморатига ўт қўйишди ва Шерзай 2008 йилда асос солган станцияни вайрон қилишди. Аммо Шерзай ва унинг ишчилари ўз ҳаётларини сақлаб қолишга муваффақ бўлдилар.

28 сентябрь куни бошқа қундузликлар каби Шерзай ҳам одатдагидек ишга отланган эди. Аммо у тез орада ўша саҳар бошқача эканлигини англади. Шерзайнинг айтишича, ўша куни отишма овози эшитилган ва ҳудудга аскарлар ҳамда танклар юборилган.

“Радиостанция бир неча ҳукумат биноси ёнида жойлашган эди”, дейди Шерзай. Унинг айтишича, станция яқинида жойлашган полиция бўлимида шиддатли жанг рўй берган.

Қизиғи шундаки, “Рошани” жойлашган бино томон йўл олган жангарилар ўзлари билмаган ҳолда станция ходимлари ҳаётини сақлаб қолган бўлишлари мумкин.

Шерзай уларни кўрганидан кейин ишхонасига кира олмаслигини англаб етган ва бонг урган.

“Мен ишга етиб келган ҳамкасбларимга қўнғироқ қилдим ва уларга станцияни тарк этиб, уйимга боришни буюрдим”, дейди Шерзай.

“Рошани”да Шерзай билан яна саккиз аёл ишлаган. Ўша куни улар қийинчилик билан омон қолишган. Шерзай ва унинг ҳамкасблари бир амаллаб отишма ва ракета ҳужумлари қарида қолган шаҳардан қочиб чиқишган.

Ҳозир 35 ёшда бўлган Шерзай турмуш ўртоғи, қизи ва икки ҳамкасби билан Қобулга қочиб борган. Бошқалар қўшни Балх ва Тахор вилоятларига йўл олган.

“Гувоҳлар менга қуролланган шахслар станциянинг жиҳозларини талон-тарож қилиб, иморатни ёқиб юборганини айтишди. Асбоб-ускунларимизнинг аксари яп-янги эди, айримларини ҳали ҳатто очмаган эдик”, дейди Шерзай.

Хусусий станцияга ҳужум қилинишидан атиги икки ой аввал FMрадиоканали халқ орасида оммалашиб бораётгани сабаб Шерзай телеканал ҳам очган эди.

“Рошани”нинг радио- ва теледастурлари аёллар ва ёшлар билан боғлиқ масалаларга бағишланган. Станция ижтимоий, маданий, спорт ва кўнгилочар дастурларни Қундуз ҳамда қўшни Чордара, Хонобод, Алиобод туманларида эфирга узатган.

Шерзай янги жиҳозлар октябрь ойида очилиши кутилган янги тренинг маркази учун олинган бўлганини айтди.

“Биз аёлларга видеотасвир олиш ва уни таҳрир қилиш бўйича тренинг ўтказмоқчи эдик. Бизни керакли асбоб-ускуна билан таъминлай оладиган хусусий ширкат билан аллақачон шартнома имзолаган эдик”, дейди Шерзай.

Олдиндаги машаққатли йўл

Афғонистон кучлари Қундуз шаҳрини бир неча кун ичида қайтариб олган бўлса-да, жанглар давом этмоқда. 2001 йилда АҚШ етакчилигида толиблар тузумининг ағдарилишидан кейинги 14 йил ичида Афғонистон хавфсизлик кучлари бирор марта ҳам йирик шаҳарни қўлдан бой бермаган эди. Қундузнинг толиблар томонидан забт этилиши шаҳарнинг келажагини номаълум қилиб қўйди.

“Энди нима бўлишини билмайман”, дейди Шерзай.

Толибларнинг “Рошани”га қилган ҳужумини матбуот ташкилотлари, жумладан, Афғонистоннинг Журналистлар маркази, Чегара билмас мухбирлар (RSF) ҳамда Amnesty International кескин қоралади.

RSF ташкилоти толиблар ҳужуми ортидан журналистлар Қундузни тарк этганини, камида беш радиостанция, уч телестанция, ҳамда беш газета шаҳардаги фаолиятини тўхтатганини билдирди.

Шерзай Қундуздаги вазиятни хавотир билан узоқдан кузатиб бормоқда.

“Ҳатто ҳукумат кучлари Қундузни тўлиқ қайтариб олганидан кейин ҳам мен ёки бошқа хабарчилар ҳукумат вилоятимиздан толибларни бутунлай йўқ қилиб, хавфсизлигимизни таъминламаса, қайтиб бориб ишимизни давом эттирмаймиз”, дейди у.

Шерзай қайтиб бориб ишини давом эттира олган тақдирда ҳам қийинчиликларга дуч келишини айтади.

“Толиблар Қундузда аёллар матбуотини яратиш йўлидаги кўп йиллик ҳаракатларимизни йўққа чиқарди. Шаҳарда вазият яхшиланганидан кейин ҳаммасини яна бошидан бошлашимизга тўғри келади”.

Мустава Сарвар ва Фарангиз Нажибулла ҳаммуаллифликда ёзган ушбу мақола НодирАтаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG