Линклар

logo-print

“Европанинг энг сўнгги диктатори” яна президент бўлди


Александр Лукашенка жорий йилги сайлов Европа Иттифоқи билан яқинлашишга имконият яратишидан умидвор.

Александр Лукашенка жорий йилги сайлов Европа Иттифоқи билан яқинлашишга имконият яратишидан умидвор.

Ғарб томонидан “Европанинг энг сўнгги диктатори”, деб таърифланадиган Александр Лукашенка Беларусда якшанба куни ўтказилган президентлик сайловининг ғолиби сифатида эълон қилинди. Бу билан Беларусни 21 йилдан бери бошқариб келаётган ва Европа Иттифоқининг “қора рўйхати”га киритилган Лукашенка бешинчи марта президентликка сайланмоқда.

Беларус Марказий сайлов комиссияси якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловида 83,49 фоиз овоз олган Александр Лукашенка ғолиб бўлганини маълум қилди.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловда сайловчиларнинг 86,7 фоизи иштирок этган. Президент Лукашенка 11 октябрь куни сайлов участкасида овоз бераётиб журналистларга бу галги сайловда 2010 йилдаги сайловга нисбатан озроқ овоз олса хафа бўлишини айтган эди. 2010 йилдаги сайловда у 79 фоиздан кўпроқ овоз олганди.

11 октябрь куни сайлов участкалари ёпилганидан сўнг 200га яқин мухолифатчи Минск марказида Лукашенкага қарши намойиш ўтказди.

-Лукашенка, 20 йил, 21 йилдан бери ҳокимиятда ўтирибсиз. Энди кетишингиз керак, чунки сизнинг келажагингиз йўқ. Бизнинг эса келажагимиз бор. Яшасин Беларус! - деб ҳитоб қилди митинг иштирокчиларидан бири

Лукашенканинг сайловдаги рақиби, “Хавари Правду” ҳаракатидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган Татьяна Короткевич 4,42 фоиз овоз олиб иккинчи ўринни эгаллаган.

-Мен ўзим учун овоз бердим. Мен ўз номим олдига ғалаба рамзини чиздим. Мен ва менинг командам ғалабага эришиш имконияти бор, деб ўйлаймиз. Мен оддийгина бир гап айтмоқчиман: камида 10 фоиз овоз оламан ва сайловнинг иккинчи босқичига чиқаман, - деган эди Корткевич овоз бериш жараёни пайтида.

Президентликка номзодини кўрсатган, аммо сайловда жуда оз миқдорда овоз олгани айтилаётган Сергей Хайдукевич ва Николай Улахович Марказий сайлов комиссияси ҳали овоз бериш натижаларини эълон қилмай турибоқ, ғалаба билан Александр Лукашенкани матбуот орқали муборакбод этишди.

Беларусда биринчи марта сайлов икки кун мобайнида ўтказилди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 10 октябрь куни ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида 7 миллион сайловчининг 36 фоизи овоз берган. Мухолифат давлат хизматчилари, бюджет соҳаси ходимлари ва талабалар ҳукумат босими остида муддатидан олдин овоз берганини айтмоқда.

Халқаро кузатувчилар сайлов жараёнида демократик тамойиллар бузилгани тўғрисида гапираётган бўлса-да, Лукашенка овоз бериш Ғарб талаб қилган тамойиллар асосида ўтганини билдирди:

-Мен сизга самимий айтаманки, Ғарб истаган нарсанинг ҳаммасини, Ғарб Беларусдаги президентлик сайлови арафасида кўришни истаган барча талабларни, тан олиб айтаманки, тўлиқ бажардик, - деди Лукашенка.

Айни пайтда Беларус президенти ушбу сайлов, Ғарб истаган тақдирда, ўз мамлакатининг Европа билан яқинлашувига хизмат қилишини, бироқ Беларус ҳар доим Россия билан иттифоқчи бўлиб қолаверишини таъкидлади.

Александр Лукашенка шу билан бешинчи марта президентликка сайланмоқда. У Беларусни 21 йилдан бери бошқариб келади. С

Ғарб ва мухолифат Беларусда ўтказилган сайловлар қонунбузарликлар ҳамда демократик тамойилларга амал қилинмаган тарзда ўтказилишини танқид қилиб келади.

2010 йилда ўтган президентлик сайловидан сўнг Минскда ўтган мухолифат митинги ҳукумат томонидан аёвсиз бостирилиши ва мухолифат лидери Николай Статкевич қамоққа олиниши ортидан Европа Иттифоқи Беларус ҳукуматининг 201 расмийси ва 18 ширкатига нисбатан санкциялар жорий этган эди.

Жорий йилги сайлов арафасида эса 6 йилга қамалган мухолифат лидери Статкевич қамоқдан муддатидан олдин озод қилинди. 10 ва 11 октябрда Минскда ўтказилган мухолифат митингларига ҳукумат томонидан ҳеч қандай тўсқинликлар қилингани йўқ.

Европа Иттифоқи Беларусда 11 октябрга белгиланган президент сайлови пайтида сиёсий таъқиблар рўй бермаса, 140 нафар Беларус фуқароси, жумладан, президент Александр Лукашенкага нисбатан санкцияларни тўхтатишга тайёрлигини билдирганди. Европа Иттифоқи расмийлари, шунингдек, Беларуснинг Украинадаги можарони бартараф қилиш ҳаракатларидаги ижобий ролини эътироф этишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG