Линклар

logo-print

ЕИ Беларусга нисбатан жорий этилган санкцияларни вақтинча бекор қилди


Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Гарлем Дезир.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Гарлем Дезир.

Якшанба куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайлови танқидий баҳоланганига қарамай, Европа Иттифоқи Минскка нисбатан жорий этилмиш санкцияларни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Гарлем Дезир январь ойидан бошлаб санкцияларни тўрт ойга тўхтатиш қарори “энг шаффоф ва осойишта йўсинда” ўтган сайловдан кейин олинганини билдирди.

12 октябрь куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда ўтган учрашувида чиқиш қиларкан, Дезир: “Агар улар ортга қадам ташлаётганига гувоҳ бўлсак, санкциялар исталган маҳал қайта тикланиши мумкин”, дея қайд этди.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Беларусда сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши каби ижобий ўзгаришлар содир бўлаётганига урғу берди.

Айни пайтда Штайнмайер “бу сайловлар, табиийки, биз ўзимиз учун белгилаган халқаро стандартларга мувофиқ эмас”, дея қўшимча қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари 11 октябрь куни Беларусда ўтказилган президент сайловига танқидий баҳо берган. ЕХҲТ кузатувчиларига кўра, мазкур сайловда Минск расмийлари ташвиқот учун тенг шарт-шароитларни таъминламаган, овоз бериш ва берилган овозларни санаш чоғида қонунбузарликларга йўл қўйилган.

Беларус Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, якшанба кунги сайловда амалдаги президент Александр Лукашенка қарийб 83,5 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

XS
SM
MD
LG