Линклар

Сурияга отилган рус ракеталари Эронда қулаб тушдими?


Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ёйинланган бу тасвирда Каспий денгизидаги рус ҳарбий кемасидан «Исломий давлат» гуруҳининг Суриядаги позициясига қарши қанотли ракета отилиши акс этган.

Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ёйинланган бу тасвирда Каспий денгизидаги рус ҳарбий кемасидан «Исломий давлат» гуруҳининг Суриядаги позициясига қарши қанотли ракета отилиши акс этган.

Эрон АҚШнинг Россия Суриядаги аксилҳукумат кучларни мўлжаллаб отган ракеталари нишонга етиб бормай, Эронда қулаб тушганига оид иддаоларини рад этгани ҳам, тасдиқлагани ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, маҳаллий матбуот Эроннинг бир неча шаҳрида кузатилган портлашлар ҳамда учувчи жисмлар ҳақида хабар берди.

Ракеталарнинг аниқ мўлжалга бориб тегишига оид саволлар Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларига зарба бўлиши мумкин. Шусиз ҳам Россиянинг Суриядаги ҳаракатлари Туркия ҳамда ғарб мамлакатларининг ғазабини келтирмоқда.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер 9 октябрь куни ўтган ҳафтада тўрт Россия ракетаси Эрон устидан учиб ўтаётиб қулаб тушганини кўрсатувчи аломатларни тилга олди. Яъни, Картер Россия ракеталари носозликка учраган бўлиши мумкинлигини айтди.

Хабарларга кўра, Россия ҳарбий кемалари Каспий денгизидан 7 октябрь куни Суриядаги мўлжалларни нишонга олиб, ҳаводан 26 ракета билан ҳужум қилган. Бундан ракеталар Эрон устидан учиб ўтганини хулоса қилиш мумкин.

Эрондаги маҳаллий матбуот хабарларида номаълум учувчи жисмлар кузатилгани тилга олинди. Бу хабарларнинг аксари кейинроқ ўчириб юборилди. Айрим эронликлар эса портлашларга ҳамда бинолар шикастланишига гувоҳ бўлишганини билдиришди. Бу каби хабарлар Эрон шимолий-ғарбида жойлашган Ғарбий Озарбайжон ҳамда Курдистон вилоятларида ҳамда Касбий денгизи бўйида жойлашган Гилон вилоятида тарқатилди.

Гилонда жойлашган Merian News янгиликлар агентлиги 7 октябрь куни маҳаллий аҳоли “фалакда ярқироқ жисм”ни кузатгани ҳақида хабар берди. Гувоҳлар “паст учиб ўтган дронга ўхшаш” жисмни кўришганини айтишди.

Golan Saqaz нашри эса Курдистон вилоятида камида битта номаълум жисм кузатилганини хабар қилди.

Entekhab.ir янгиликлар сайтига кўра, Эрон-Озарбайжон чегарасига яқин ҳудудда жойлашган Осторо шаҳрида яшовчилар 7 октябрь куни эрталаб “қулаш овози” эшитилгани маълум қилишган.

Ғарбий Озарбайжон вилоятида жойлашган Такоб шаҳри аҳли эса Қизқапан қишлоғи яқинида “номаълум жисм” ерга қулаганини таъкидлашган. Evian News портлаш сабаб уйлар зарар кўргани ҳамда иморатлар ойналари чил-чил бўлгани ҳақида хабар берди.

Takht News 8 октябрь куни Қизқапандаги портлаш сабаб икки киши жароҳатлангани ҳамда чорва ҳайвонлари ўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Takht News хабарида “хавфсизлик хизмати ходимлари воқеа жойида” эканлиги ҳамда улар учувчи жисм қолдиқларини ўрганаётгани айтилди.

Такоб етакчиси IRNA янгиликлар агентлиги билан суҳбатда қулаш сабаби “номаълум” эканлигини айтди.

Ироқлик пешмерга курдларга тегишли ҳисоб икки “Россия ракетаси” 7 октябрь куни Ироқ устида ерга яқин учиб ўтгани тасвирлангани иддао қилинган видеони тарқатди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Афҳам Марзия 9 октябрь куни АҚШнинг тўрт Россия ракетаси Эронга тушганига оид иддаосини “тасдиқламаймиз”, деди.

Эронлик бригада генерали Муса Камолий “Спутник” Россия давлат янгиликлар агентлиги билан 9 октябрь куни қилган суҳбати давомида АҚШ иддаоларини “очиқ ёлғон” деб таърифлади ва улар психологик жанг олиб бориш мақсадида ўйлаб топилганини айтди.

“Бизга Эронга келиб қулаган ҳеч қанақа Россия ракетаси ҳақида айтилгани йўқ. Сурияга отилган ва Эронга тушгани айтилаётган ракеталар ҳақидаги барча хабарлар аниқ уйдирмадир”, деди Камолий.

Россия мудофаа вазирлиги ҳам бу иддаони рад этди.

9 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал Игорь Конашенков: “Ҳар қандай профессионал бундай амалиётлар давомида мўлжални зарбадан аввал ва кейин тасвирга олишимизни билади. Барча қанотли ракеталаримиз ўз мўлжалига бориб тегди”, деди.

Россия Мудофаа вазирлиги сайтида 7 октябрь куни Эрон ва Ироқ устидан учиб ўтиб, Сурияда портлаган 26 ракета тасвирланган диаграмма эълон қилинди. Россия Сурияда президент Башар ал-Ассадни қўллаб, 30 сентябрдан бери ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келади.

Ассаднинг ҳамкори ҳисобланган Россия ва Эрон яқинда хавфсизлик ҳамда маълумот алмашиш бўйича янги битим имзолади. Бағдодда икки мамлакатнинг умумий назорат маркази яратилган.

Фруд Бежан қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG