Линклар

logo-print

Жиззахнинг Дўстлик туманида пахтадан қайтаётган ҳашарчилар минган эшак аравани Нексия автомобили уриб юборди. Оқибатда 7 яшар бола ўлди, унинг онаси комага тушди, уч ҳашарчи турли даражадаги жароҳат билан касалхонага ётқизилди. Жиззахлик манбанинг айтишича, эшак араванинг ташқи ёритгичлари бўлмагани учун ҳайдовчи қоронғуда кўрмай қолган.

4 октябрь куни оқшом рўй берган воқеа ҳақида Озодликка хабар берган манба ҳашарчилар бораётган аравани автомобиль уриб юборганини айтди:

- Қарама-қарши йўлдан келаётган эшак аравани урган. Аравани устида одамлар сочилиб кетган. Аравада бўлган аёлнинг етти яшар боласи шу ернинг ўзида ўлган. Аёлнинг ўзи ҳозир комада ётибди. Иккита ҳашарчи қизнинг оёғи синган. Эшак шу ерни ўзида насмерт ўлган. Аравани дабдаласи чиқиб кетган, - дейди исми сир қолишини истаган жиззахлик манба.

Озодлик ҳалок бўлган бола 2008 йилда туғилган Даврон Ниёзов эканини аниқлади.

Унинг онаси Расулова Ҳосият автоҳалокат оқибатида миясидан қаттиқ жароҳат олиб, кома ҳолатида Дўстлик тумани касалхонасига ётқизилган.

Жиззахнинг Дўстлик тумани касалхонаси врачларидан бири бемор ҳозир ҳам хушсиз ётганини айтди:

- Ҳозир жонлантириш бўлимида ётибди. У билан бирга тўрт киши олиб келинганди. Учтаси чиқиб кетди. Бола ўлди. Бу аёл ҳозир комада, ўзига келгани йўқ, - деди Дўстлик тумани касалхонаси врачи.

Бу йил ҳам пахта мавсуми билан боғлиқ бир неча ўлим ҳолати кузатилди.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри яқинида 7 октябрь куни кечқурун рўй берган автоҳалокат оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган эди. Озодлик манбаларига кўра, қоронғида катта тезликда келаётган Нексия автомобили ҳайдовчиси пахта ташийдиган трактор прицепининг тагига кириб кетган.

4 октябрь куни Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида пахта теримига чиқарилган аёл қариндошининг уйида қолдирган икки ёшли боласи қудуққа тушиб кетиб, чўкиб ўлди.

1 октябрь куни эса бортида 37 нафар ҳашарчи бўлган “Газ-53” русумли юк автомашинаси Сирдарё вилояти Мирзаобод туманининг собиқ 8-совхози ҳудудида ағдарилиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида пахта ортиб кетаётган трактор 12 ёшли болани уриб юборди. Озодлик манбаларига кўра¸ 23 сентябрь куни кечки соат олтиларда рўй берган бу ҳалокат оқибатида ўқувчи бола воқеа жойининг ўзидаëқ жон берган.

20 сентябрь куни Тошкент вилоятида 25 ёшли милиция ҳодими пахтадан машинасида қайтаётиб пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида нобуд бўлди.

Шунингдек, айни шу куни Хоразм вилоятида урганчлик шифокорлар чиққан теримчилар автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида унинг ичида бўлган саксонга яқин теримчидан йигирмадан зиёди тан жароҳати олди.

Ўзбекистон Халқаро ташкилотлар томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун танқид қилиб келинади.

Бироқ расмийлар мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат ҳолатлари йўқлигини, пахта кампанияси ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъкидлашади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG