Линклар

logo-print

Улуғбек Йўлдошев: Россиядаги энг зўр кинони мен суратга олаяпман


Кинорежиссер Улуғбек Йўлдошев

Кинорежиссер Улуғбек Йўлдошев

Ўзбекистонлик киноактер ва режиссер 41 яшар Улуғбек Йўлдошев шу кунларда Россияда барчани ўзига тортадиган фильм лойиҳасини амалга ошираëтганини айтди. 2014 йили “Яшил карета” фильмида Москва кўчаларини супураëтган дангаса фаррош ролини ўйнаган Улуғбек Йўлдошев ўз устози Шуҳрат Аббосов ғояси асосида янги бадиий фильм устида ишламоқда.

Озодлик билан суҳбатда режиссёр фильмга оид тафсилотларни ҳозирча очиқламаслигини айтди:

- Қанақа кино экани премъерагача сир бўлиб туришини истар эдим. Тўйдан олдин ноғора чалмайлик, деган фикрдаман. Энг муҳими, бу кино шу пайтгача Ўзбекистондан етишиб чиққан киночилар суратга олган энг сара кинолардан ҳам зўр бўлади. Россиядаги энг зўрлардан ҳам кучли кино бўлса ажабмас, - дейди суҳбатдош.

Кинорежисер Улуғбек Йўлдошев бундан олдин кўп қисмли “Бизнинг қўшнилар” фильмини Россиядаги “Мир” телеканали учун суратга олган эди.

Россия телеканалларида намойиш қилиниб, телетомошабинлар шуурини ишғол қилган “Оқдаги қизил”, “Севги алангаси”, “Навбатчи фаришта” каби фильмларда эса Улуғбек Йўлдошев иккинчи режиссер сифатида иштирок қилган.

Озодлик билан суҳбатда Йўлдошев уй бекалари кўрадиган фильмларда эришган тажрибасини катта драматик асар яратиш йўлида сарфлаëтганини айтди:

Киночи Улуғбек Йўлдошев рассом Никас Сафронов билан

Киночи Улуғбек Йўлдошев рассом Никас Сафронов билан

- Қўл чиқиб кетмаслиги учун киночи доимо суратга олиб туриши керак. Енги-елпи сериал оляпсан, деган эътирозларга менинг жавобим шу. Кинода фаррош ролини ўйнаган бўлсам ҳам кўча супуриш ëки қурилишда ишлаш қўлдан келмайди. Кино олиш бўйича мутахассисман. Шу боис, бу сериалларни олдим. Ўзбекистонда эса “Судхўрнинг ўлими” фильмида иккинчи режиссер бўлдим. “Парвона” спектаклида бош ролни ўйнадим. Ҳозир эса ТВ бошловчилик ҳам қилаяпман. Тасвирчилик ва монтажни ҳам биламан. Устозим Шуҳрат Аббосов бир йигитга қирқ ҳунар кам деган, - дейди суҳбатдош.

Рустам Ҳамдамов¸ Шавкат Абдусаломов¸ Али Ҳамроев¸ Темур Бекмамбетов каби ўзбек кино мактаби тамсилчилари ортидан Россия кино дунëсини забт қилаëтган Улуғбек Йўлдошев Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилган.

Тошкентдаги Театр ва рассомчилик институти режиссерлик факультетини тугатган Йўлдошев аввалига “Дев ва пакана”, “Парвона” фильмларида актер сифатида ўзини синади, кейин эса “21 аср Насриддини”, “Қалдирғочлар қайтади” каби фильмларда режиссер сифатида қатнашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG