Линклар

Туркия ҳукумати АҚШ ва Россия Суриядаги курдларни дастаклаётгани юзасидан мазкур давлатлар элчиларига норозилик билдирди.

Франс пресс агентлигига кўра, АҚШ ва Россия элчилари сешанба куни Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва уларга курдларнинг Демокрактик бирлик партияси террор ташкилоти сифатида тан олинган Курдистон ишчи партиясига алоқадорлиги тушунтирилган.

Айни пайтда Туркия бош вазири Аҳмат Довутўғли Қўшма Штатлар Суриядаги курд исёнчиларига қурол етказиб бераётгани борасида ташвиш билдирди.

Жаноб Довутўғлига кўра, АҚШ етказаётган қуролларнинг Курдистон ишчи партияси қулига тушиши эхтимоли каттадир.

Сурияда “Исломий давлат” террор гуруҳига қарши курашаётган курд исёнкор кучлари вакиллари АҚШ уларга ҳаводан 120 тонна қурол-аслаҳа ташлаганини билдирганди.

Довутўғли: "Туркияга қарши уруш очган террор ташкилоти билан ҳар қандай ҳамкорликни Анқара қабул қилмайди", - деб таъкидлади.

XS
SM
MD
LG