Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:01

Рус медиаси Ўзбекистон – Қирғизистон урушини кутмоқда


“Россияни сув урушига тортмоқдалар”. Бу сарлавҳа gazeta.ru сайтида 12 октябрь куни пайдо бўлди. Материал лиди эса, мана бу: “Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энергия ресурслари устидан назорат ўрнатиш учун уруш бошлайман, деб таҳдид қилмоқда”.

13, 14 октябрь кунлари gazeta.ruникига ўхшаш қўрқинчли сарлавҳалар “болалаб” кетди: “Ўзбекистон Қирғизистонга сув учун уруш очиш билан таҳдид қилмоқда”, “Ўзбекистон Қирғизистон билан уруш бошлашга тайёр”...

Озодлик мухбирлари масалани ўрганар экан, вазият gazeta.ru ёзганичалик таҳликали эмаслигини, лекин хотиржам бўлишга ҳам асос йўқлигини аниқлади.

gazeta.ru ўзининг ваҳимали материалини мана бундай бошлаган:

“Агар Қирғизистон трансчегаравий дарёларда гидроэлектростанциялар қурилишини Россия ёрдамида давом эттирса Ўрта Осиёда уруш бошланиб кетиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов огоҳлантирди”.

Янги гап эскисига омухталанган хабар

Сайтга кўра, у бу информацияни Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг расмий сайтидан олган.

Президент матбуот хизмати сайтидан Каримовнинг “уруш очиш тўғрисидаги огоҳлантируви”ни топа олмадик.

Сайтнинг Туркманистон Президентининг Тошкентга қилган сафарига оид 8 октябрь кунги хабарида ўрганаётганимиз мавзуга оид агрессиядан ҳоли мана бу гап бор:

Mamlakatlarimiz transchegaraviy daryolar suvidan foydalanish borasida ham bir xil yondashuvga ega. Suv-energetika sohasiga oid masalalar xalqaro huquqning umume’tirof etilgan me’yor va tamoyillari asosida, mintaqadagi barcha davlatlar manfaatlarini hisobga olgan holda, xalqaro tashkilotlar ishtirokida ko‘rib chiqilishi zarurligi ta’kidlandi. Transchegaraviy daryolarda yirik gidroenergetika inshootlari qurish masalalariga BMTning tegishli konvensiyalari talablariga to‘la rioya qilgan holda yondashish lozimligi qayd etildi.

Афтидан, gazeta.ru Ислом Каримовнинг бундан 3 йил олдинги баёнотини Бердимуҳаммедов билан қилган сўнгги баёнотига омухталаштириб ташлаган.

3 йил олдинги таҳдид

Ислом Каримов 2012 йил, 7 сентябрь куни қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", деган эди.

Бу баёнот “ёши 3 га кирганига” қарамай, мазмуни шу қадар таҳликалики, эски гапни янгисига аралаштириб, мутлақо янги гапдай тақдим этаётган рус нашрларига эътироз билдириш, балки,қийиндир.

Боз устига ГЭСлар қурилиши масаласида Ўзбекистон ўз позициясида ҳануз қаттиқ турибди.

Миландаги ва Нью-Йоркдаги гаплар

Италиянинг Милан шаҳрида 12-13 октябрь кунлари бўлиб ўтган атроф-муҳит ва сув ресурсларига бағишланган юқори даражали “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” 5- конференциясида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусамадовнинг

ёки

БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг 25 сентябрдаги йиғинида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг сув-энергетика масалалари бўйича айтганлари Каримов-Бердимуҳаммедов қўшма баёнотида айтилган гапларнинг айнан ўзидир.

Қирғизистонликлар нима дейди?

Ушбу мавзуни Озодлик радиоси қирғиз хизмати ҳам ўрганди. Ҳамкасбларимиз расмий Бишкек Қамбарота-1 ГЭСи қурилиб қолса, нафақат Қирғизистоннинг ўзини, балки умуман Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонни ҳам сув билан узлуксиз таъминлаш учун шарт-шароитлари яратилажагини ваъда қилаётганини ёзди, Президент Алмазбек Атамбаев Қозоғистонга сафари давомида “Ўзбекистон қўшниларини душман тутиб янглишаётгани” тўғрисида гапирганини эслади.

Айни пайтда қирғизистонлик таҳлилчилар рус тилидаги нашрларнинг Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари тобора тиранглашиб бораётгани тўғрисидаги ёзмишларини геосиёсий ўйин сифатида баҳоламоқда.

Масалан, сиёсатшунос Марс Сариевнинг фикрича, Россияни Қирғизистонда ГЭС қурилишидан кўра, бу қурилиш воситасида минтақадаги таъсири кучли ҳисобланувчи Ўзбекистонни ўз орбитасига тортиш иштиёқи кучлироқдир.

- Қирғизистонда ГЭС қуриш учун Россиянинг ҳозир имкониятлари чекланган. Яқин 5 йил ичида қуролмаслиги турган гап. Лекин Ғарбга мойил бўлиб тургани учун Москва ГЭС қуриш ғояси билан Тошкентга босим ўтказмоқчи, деди Марс Сариев.

Қирғизистонлик бошқа бир таҳлилчи, иқтисодчи Эмил Уметалиевнинг айтишича, Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси атрофида нафақат Бишкек билан Тошкент ўртасида, балки маҳаллий мутахассислар ўртасида ҳам баҳс-мунозаралар мавжуд.

- Расмий Тошкентнинг огоҳлантирувини сабр-тоқат билан қабул қилиб, қизиққонликка берилмай, масала ечимини излаганимиз маъқул. Бу лойиҳа бўйича, қўшнилар у ёқда турсин, ўзимизнинг экспертлар ҳам муштарак фикрга келган эмас. Шунинг учун ташқи ва ички қарашларни яна бир бор таҳлил қилсак, прагматик қадам ташлаган бўлар эдик, деди иқтисодчи Эмил Уметалиев.

Туя гўшти тишлаб қолган қурилиш

Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши лойиҳасини Қирғизистон билан Россия 2013 йил августида тасдиқлаган эди.

Айни пайтда Россиядаги молиявий инқироз сабабли бир қатор энергетик лойиҳаларни, жумладан Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши қачон бошланиши номаълум.

XS
SM
MD
LG