Линклар

Россия Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов бошчилигидаги ҳарбий делегациянинг Тошкентга сафари тугар-тугамас¸ 13 октябрь куни Ўзбекистонга россиялик ҳарбийларининг яна бир гуруҳи амалий сафар билан келди. Россия нашрларининг ëзишича¸ рус генераллари Тошкентдан ўз ҳаво кучларининг Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан учиб ўтишига рухсат сўрамоқда.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидаги шахси очиқланмаган манбасига таяниб хабар тарқатди.

Россия ҳарбийларига ўз ҳаво кучларини Ўзбекистон ҳудудидан ўтиш учун рухсат нега керак бўлиб қолганини очиқламаган Регнум манбаси¸ бундай эҳтиëжнинг Афғонистондаги вазият билан боғлиқ эканига шама қилган.

Озодлик билан суҳбатда россиялик ҳарбий шарҳловчи Виктор Литовкин Россия ҳарбийларига Ўзбекистон ҳаво коридори Афғонистон шимолий минтақаларини ишғол қилишни давом эттираëтган Толибон ва “Исломий давлат”га байъат келтирган жиҳодий гуруҳлар истеҳкомларини бомбалаш учун керак бўлишини айтади:

- Ўтган ҳафта Афғонистон вице-президенти¸ генерал Абдурашид Дўстум Москвага келди ва Россиядан ҳарбий ëрдам сўради. Агар Кобулдан расман шундай сўров бўлса¸ албатта¸ Россия Афғонистон ҳукуматига жангариларни бомбалашда ëрдам беради. Бунинг учун Ўзбекистон ҳаво коридори керак бўлади. Афғонистоннинг муайян ҳудудларига энг қисқа йўл Ўзбекистондан ўтади¸ дейди Литовкин.

Генерал Дўстумнинг Россия сафари давомида Озодлик мухбири билан суҳбатлашган матбуот котиби Султон Файзий:

- Россия томони ҳаво ва қуруқликда жанг олиб боришда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Бизга ҳаводан дастак, қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етишмаяпти. Террорчиликка қарши курашни қўллаш учун бизга кўп ёрдам керак¸ деган эди жумладан.

Кейинги ҳафталар ичи Афғонистон шимолидаги Қундуз¸ Таҳор¸ Бадахшон ва Ғазни вилоятларини толиблар¸ ҳамда ҳукумат кучларига қарши толиблар билан бирга урушаëтган “Исломий давлат”га қўшилган гуруҳлар назоратга олишга уринмоқда.

Жангариларнинг Тожикистон ва Туркманистон чегарасига бевосита туташ ҳудудларни ишғол қилгани Марказий Осиë ҳукуматларини жиддий хавотирга солиб қўйди.

2004 йилдан бери Тожикистон ҳудудида Россиянинг 201-ҳарбий базаси жойлашгани ва тожик-афғон чегарасини асосан Россия ҳарбийлари қўриқлашига қарамай¸ Имомали Раҳмон 6 октябрь куни Владимир Путин ҳузурига бориб¸ ундан Афғонистондаги урушнинг ўз ҳудудига ëйилмаслигини таъминлаш учун қўшимча ҳарбий мадад сўради.

Айни шу Афғонистондан келаëтган таҳдид масаласи 7-8 октябрь кунлари Тошкентга келган Туркманистон президентининг Ислом Каримов билан учрашувида муҳокама қилган бош мавзуларидан бири бўлгани тахмин қилинмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ минтақада юзага келган хавотир ва саросима оқибатида Россия Афғонистонда ҳам ҳарбий кампания бошлаши мумкин:

- Россияликлар ҳозир ўзларини ҳуқуқий жиҳатдан саводли тутмоқдалар. Уларга Афғонистонда ҳарбий амалиëт бошлаш учун халқаро майдонда тан олинган ҳуқуқий механизмни ишга солиш керак. Суриядаги амалиëтларини ягоналегитим ҳукумат биздан ҳарбий ëрдам сўради¸ деган қабилда оқлаëтган каби¸ уларга Марказий Осиë ва Афғонистон ҳукуматлари биздан ëрдам сўради ва биз улар сўрови билан ëрдам кўрсатаяпмиз¸ деган асос керак. Раҳмон Сочида¸ Дўстум Москва ва Грознийда тўғридан-тўғри шундай ëрдам сўради. Москва берадиган ҳарбий ëрдам амалда қандай бўлади¸ буниси ҳозирча менга қоронғу. Бу ҳарбий маслаҳатчиларни юборишдан ташқари¸ 201-ҳарбий базани янада кенгайтиришгача бўлиши мумкин¸ дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Рафик Сайфулин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG