Линклар

Россиянинг Ленинград вилояти Всеволожск шаҳрида 22 ёшли ўзбекистонлик муҳожир йигитнинг юраги Федерал миграция хизмати ходимлари олиб бораётган текширув пайтида ушлаб қолди. Бу йигитнинг отаси фарзандини зудлик билан шифохонага олиб борди, аммо қутқара олмади: ярим соатдан кейин Дилшод исмли ўзбекистонлик ёш муҳожир врачлар қўлида жон берди.

2015 йилнинг 2 октябрида Ленинград вилоятининг Всеволожск шаҳридаги қурилиш материаллари дўконида маҳаллий Федерал миграция хизмати ходимлари олиб борган текширув пайтида ҳужжатлари текширилаётган ишчилардан бири ўзини ёмон ҳис этиб қолади.

ФМС текшируви тугаганидан кейин 22 ёшли ўзбекистонлик экани аниқланган Дилшод К. исмли бу йигит 48 ёшли отаси томонидан машинада Всеволожск марказий клиникасига соат кундузги 11:30-ларда олиб келинди. Врачлар бола клиник ўлим ҳолатига тушганини билиб, уни тирилтиришга уриниб кўрди.

Аммо реанимация натижа бермади: ярим соатдан кейин шифокорлар ўзбекистонлик муҳожирнинг биологик ўлимини тасдиқлаб чиқди.

Всеволожск Иккинчи Жаҳон Уруши пайтида ном чиқарган “Ҳаёт Йўли” (“Дорога Жизни”) бўйида жойлашган. Айнан шу йўл орқали фашистлар томонидан қамал қилинган Ленинграддан минглаб болалар ва аёлларнинг асосий қисми Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Всеволожск шаҳар Тергов қўмитасида Озодлик сўровига олиб борилган текширув ва куни кеча якунланган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Дилшод юрак ҳуружидан нобуд бўлгани аниқланганини билдиришди:

- Ҳозирда полиция фуқаронинг ўлими тафсилотлари ўрганмоқда. Унинг отаси билан Всеволожскда вақтинчалик яшашга рухсатномаси бўлгани, ҳужжатлари жойида экани маълум, деди ҳодисанинг бундан ортиқ тафсилотларига эга эмаслигини гапирган ва исмини очиқламасликни сўраган маҳаллий тергов бўлими ходими.

Тергов қўмитасида Ўзбекистон фуқароси ўлимига олиб келган бошқа сабаблар ўрганилмоқда.

Шаҳар марказий шифохона шифокорлари 22 ёшли Дилшоднинг юраги қўрқувдан тўхтаб қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG