Линклар

Сенатнинг собиқ раиси ва президентликка номзод ҳам пахта даласида


ХДП раиси Ҳотамжон Кетмонов

ХДП раиси Ҳотамжон Кетмонов

2006-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси бўлиб ишлаган, ҳозирда Хоразм вилояти адлия бошқармасида ишлаётган Илгизар Собиров шу кунларда далада пахта термоқда. Озодлик манбаларига кўра, пахта далаларида Сенатнинг собиқ раиси сингари турли даражадаги мулозимларни ҳам кўриш мумкин. Улар орасида республика бош вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Орипов ҳам борлиги айтилмоқда.

Хоразм вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги пахта штабидаги Озодлик манбасига кўра¸ барча ташкилот раҳбарларининг қўл остидагиларга ўрнак сифатида пахта териши ташкил қилинган.

"Ўтган йилларда ëшуллилар (раҳбарлар) отизга кириб пахта термас эди. Бу йил Пўлат Раззоқович (Вилоят ҳокими) масалани қаттиқ қўйди. Раҳбарларни ўзлари 40-50 кило пахта териб бошқаларга намуна бўлсин, деди. Масалан, адлиядан (Вилоят адлия бошқармаси) Илгизар Матяқубович далага чиқиб, энг кўп пахта териб турибди¸” дейди Озодлик манбаси.

Ревизорлар пахта термоқда

Ўзбекистондаги пахта сафарбарлиги ҳақида мақолалар бераëтган eltuz.com нашри 27 сентябр куни Хоразм вилояти Хазорасп туман ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисдан ëзиб олинган овозларни эълон қилди.

Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова тарафидан мажлис залининг ўзидан ëзиб олинган ушбу аудио тасмада туман ҳокими Ўктам Қурбонов барча раҳбарлар истисносиз пахтага чиқиши шартлигини дағдаға қилади.

Мазкур аудио ҳужжатдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги назорат-тафтиш Бош бошқармасидан хизмат сафари билан туманга келган ревизорларни ҳам пахта теримига жалб қилингани тушунилади.

Хоразм вилоят ҳокими пахта штабидаги Озодлик манбаси бу аудио ëзувни шундай изоҳлади:

“Республика КРУ сидан келган олти нафар ревизор Ҳазорасп мактабларида текшириш ўтказиб турибди. Ҳоким нега улар пахтага чиқмайди, деб савол қўйди. Халқ таълими ëшуллиси мажлисда туриб, улар республикадан вазифа олган ревизор деб тушунтириш берди. Ҳоким бўлса, улар куни билан пахтага чиқсин¸ ревизияни эса кечқурун қилсин, деб буйруқ берди. Эртасига ревизорлар биз республикадан келганмиз¸ туман раҳбарига бўйсунмаймиз, деб эътироз билдиришган. Хоким эса республика пахта штаби орқали Молия вазирлигига чиқиб, уларни пахта теримига чиқаришга эришди¸” – дейди Озодлик манбаси.

Кетмонов ва Абдулла Орипов ҳам далада

2015 йилги президентлик сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов Тошкент волоятида пахта термоқда.

Тошкент шаҳар пахта штабидааги Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошқарув кенгаши бутун ходимлари билан биргаликда шанба ва якшанба кунлари пахта теришга чиқмоқда.

“Тошкентдаги барча муассасалар қатори Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг идорасидаги барча ходимлар Тошкент вилоятига теримга сафарбар қилинган¸” деди у.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашидаги Озодлик манбасининг айтишича партия идорасида ишловчиларни пахтага чиқариш режаси ва графиги тузилган.

“Режа тузилган. Бу режа асосида ХДП бошқарувидаги каттадан кичик бир ëқдан бош чиқариб умухалқ ҳашари бўлган пахта теримида қатнашмоқда. Бундан ташқари шанба-якшанбадан бошқа кунлари биз пахтакорларни теримга тарғиб қилиш ишида ҳам фаолмиз¸” дейди манба.

Тошкент Ахборот технологиялари институтидаги Озодлик манбаси эса барча ўқитувчи-профессорлар пахта тераëтганини билдирди.

"Институт домлалари ва талабаларининг кўпчилиги шу кунларда Жиззахда ëтиб пахта термоқда. Талабалар пахтадан қочиб кетмаслиги учун улардан паспортлари ҳам олиб қўйилган. Абдулла Орипов ҳам Жиззахда пахта термоқда"¸ дейди манба.

У мамлакатда телекоммуникация ривожига масъул - бош вазир собиқ ўринбосари Абдулла Ориповни назарда тутмоқда.

2012 йилда Ўзбекистон Бош вазирининг Алоқа ва информацион технологиялар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори лавозимларидан бўшатилган Абдулла Орипов Тошкент ахборот технологиялари институтида оддий ўқитувчи бўлиб ишламоқда.

Ҳамма пахта теримига!

Бу йилги пахта кампаниясида ўтган йилгидан фарқли тарзда раққоса¸ хонанда¸ гўянда ва созандаларнинг бевосита қатнашиб, пахта тераëтгани кузатилади.

Ўтган ҳафта Тошкентда кино ва теaтр артистлари ортидан фоҳишаалар ҳам пахтага чиқарилган эди.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатиши ортидан, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари зиммасига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG