Линклар

Украинада ИШИД тарғиботчилари фаоллигича қолмоқда


Врачликка ўқишни ташлаб¸ ИШИД худкушлари сафига қўшилган Муҳаммад Далаин.

Врачликка ўқишни ташлаб¸ ИШИД худкушлари сафига қўшилган Муҳаммад Далаин.

Иордания парламенти депутатининг Харьковдаги Медицина университетида ўқиëтган 23 яшар ўғли икки ҳафта бурун ўзини Ироқда портлатиб юборди. Бадавлат дунëвий оилада ўсиб¸ Украинада врачликка ўқиëтган Муҳаммаднингқандай қилибхудкушга айлангани ИШИДга одам ëллаëтганларнинг айнан ҳаëт тажрибаси йўқ ëшларни ўз нишонига айлантирганини кўрсатади.

"Исломий давлат” Муҳаммад ëш ва ғўр бўлгани учун унинг ҳаëти билан ўйнади ва ундан фойдаланди”¸ дейди Харьков Медицина университетида Муҳаммад билан ўқиган яна бир иорданиялик талаба.

Бундан икки ҳафта аввал Ироқда худкушлик амалиëти содир этган Муҳаммад Далаин ўзи билан бирга яна 30 одам ҳаëтига зомин бўлди.

Иорданиядаги таниқли адвокат ва депутат Мазен Далаиннинг ўғли Муҳаммад ишидчилар сафига ишсизликдан¸ пулсизлик ва йўлсизликдан қўшилаëтганлардан фарқ қилади.

Иорданияда танилган бадавлат оиланинг севиб уйланган аëли билан яшаëтган бўлғуси врач ўғли Муҳаммад¸ отасининг таъкидича¸ ишидчилар домига айнан украиналик хотини орқали тортилган.

Аввалги турмушидан бўлган боласини боғчага олиб келиб-олиб кетиш жараëнида¸ Муҳаммаднинг украин хотини Мария¸ дўстлари ва яқинлари таъкидича¸ бу ерда озарбайжонлик эр-хотин билан танишган.

Айнан улар таъсирида Мария Исломнинг энг радикал оқимига кирган ва эрини ҳам жиҳодга ундашни бошлаган.

Марияни қаттиқ яхши кўрган Муҳаммад¸ отаси ва дўстларига кўра¸ кўп ўтмай унинг радикал қарашлари босими остида қолган.

- Айнан Мария Муҳаммадни “Сен бу ерда ўтирмай¸ Ироқ ва Сурияга бориб жиҳод қилишинг керак. У ерга бориб нимадир қилишимиз мумкин бир пайтда¸ биз бу ерда жимгина ўтирибмиз” деб ИШИДга қўшилишга ундаган¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Харьковда ўқиëтган иорданиялик талабалардан бири.

Бундай босимлар остида 3-курсни битирар-битирмас Муҳаммад июнь ойида Харьков Медицина университетини ташлаб¸ Мария билан Туркия орқали Сурия¸ ундан эса¸ Ироққа кетган. Улар билан чеченлар¸ шунингдек тунислик эр-хотиннинг ҳам Харьковдан бирга кетгани айтилмоқда.

Мария ва Муҳаммаднинг кутилмаганда дунëвийликдан чекиниб¸ радикал диндорликка ўтганидан хабар топган Мазен Далаин¸ бир неча бор ўғлини бу йўлдан қайтаришга уринган.

Отанинг айтишича¸ июнь ойида Харьковда сўнгги марта кўришганида Муҳаммад отаси билан кўп тортишмаган¸ соқолини қирдириб¸ Сурияга бориш фикридан қайтганини билдирган. Ўғлини нотўғри йўлдан қайтарганига ишониб ватанига жўнаб кетган ота¸ бир неча кундан кейин унинг жиҳодга кетгани¸ бир неча ой ўтиб эса¸ ўзини портлатиб юборганидан хабар топган.

Ўғлининг ишидчилар ўлжасига айлангани учун айбни Украинада очиқ тарзда тарғибот олиб бораëтган гуруҳларни айлаган Муҳаммаднинг отаси Мазен Далаин¸ Киев ҳукуматига ўғлини ИШИДга ëллаганларга оид маълумотларни тақдим этган. Аммо депутат отага кўра¸ украин расмийларидан бу борада бирор жавоб бўлмаган.

- Мен Украина расмийларидан ëш талабалар¸ айниқса¸ ўз ота-онасидан узоқда ўқиëтганларни ИШИДга ëллаëтган жиноятчиларни қамоққа олиб¸ тегишли жазога тортишни талаб қиламан”¸ деди Иордания парламенти депутати Мазен Далаин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG