Линклар

Германия қуролли кучлари Термиздаги таянч масканини ёпмоқчи


Ушбу сурат 2011 йил декабрида Германия мудофаа вазири Томас де Мезьер Термездаги таянч масканидан Афғонистоннинг Қундуз шаҳрига жўнаётган пайтда олинган.

Ушбу сурат 2011 йил декабрида Германия мудофаа вазири Томас де Мезьер Термездаги таянч масканидан Афғонистоннинг Қундуз шаҳрига жўнаётган пайтда олинган.

Германия қуролли кучлари жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида жойлашган ўз таянч масканини ёпади. Бу ҳақда Франс-пресс агентлиги хабар тарқатди.

Агентликнинг Бундесвер вакили сўзларига таянган ҳолда ёзишича, бу мақсадда бир неча кун олдин Термизга 21 нафар ҳарбий етиб келган, яқин орада уларга яна 16 ҳарбий қўшилиши кутилмоқда.

Термиздаги таянч масканидан 10 йил мобайнида Афғонистон шимолида жойлашган немис ҳарбийлари таъминоти учун фойдаланилган. Германиялик ҳарбийлар Афғонистондан 2013 йил охирида олиб чиқиб кетилганди.

Бундесвернинг Термиздаги таянч масканидан фойдаланиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари кенг кўламда бузилаётгани ва маскан учун катта ҳақ тўланаётгани муносабати билан Германияда кўп марта танқидга учраган.

Der Spiegel ҳафтаномаси шу йил апрелида Ўзбекистон 2016 йилда маскандан фойдаланиш учун аввалгидек 35 миллион евро эмас, балки 70 миллион евро миқдорида ижара ҳақи сўраётганини хабар қилганди. Ўшанда Германия Мудофаа вазирлиги Термиздаги таянч масканидан бундан буён фойдаланиш юзасидан Тошкент билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълум қилган.

Вазирликнинг сўнгги хабарномасида бундесвер “2015 йил августидан АҚШ ҳарбий-транспорт авиацияси хизматларидан фойдаланаётгани”, шунинг учун Ўзбекистондаги ўз таянч масканидан воз кечиши мумкинлиги айтилган.

XS
SM
MD
LG