Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

Толиблар мустақил афғон телеканалларига уруш эълон қилди


Толиблар Афғонистондаги икки йирик телеканал ва улар ходимларини ўз нишони деб эълон қилди. Бунга телеканалларнинг жангариларга қарши “ҳурматсиз ва адоватли ҳаракатлари” сабаб бўлди.

Бу ҳақда 12 октябрь куни билдирув эълон қилган толиблар Tolo TV ҳамда 1TV хусусий каналларини “пропаганда тармоқлари” деб атади. Tolo TV ҳамда 1TV Афғонистонда шуҳрат қозонган мустақил каналлар бўлиб, тез-тез толибларни танқид қилиб туради.

Толиблар бу қарорга келишларига телеканалларнинг Қундуз вилоятидаги аҳволни ёритиши, хусусан, толиблар 28 сентябрь куни Қундуз шаҳрида эгаллаб олган аёллар меҳмонхонасида аёлларни гўёки зўрлагани ҳақидаги хабарлари сабаб бўлганини билдиришди. Жангарилар бу хабарларни рад этиб, уларни “ушбу шайтон тармоқларининг пропагандасига мисол”, дея таърифлади.

Толиблар эълон қилган билдирувда жангари гуруҳ бу икки канални энди оммавий ахборот воситаси деб тан олмаслиги ҳамда уларни “ҳурматсиз ҳамда адоватли ҳаракатлари сабаб ҳарбий нишон” деб ҳисоблаши ёзилган.

“Ушбу телеканалларнинг ҳеч қайси ишчиси, олиб борувчиси, офиси, янгиликлар гуруҳи, журналисти жазосиз қолмайди. Бу каналларнинг барча мухбири ҳамда ҳамкорлари душман ходимлари ҳисобланади, уларнинг барча марказлари, офислари ҳамда юборилган гуруҳлари ҳарбий нишон ҳисобланади ва бутунлай йўқ қилинади”, дейилади толиблар билдирувида.

Tolo TV директори Саад Муҳсиний толибларнинг таҳдиди телеканал ишини тўхтата олмаслигини айтди.

12 октябрь куни Муҳсиний Twitterда “Фахр билан айтаманки, бизнинг одамларимиз доим бетараф ва қўрқувсиз хабар беради”, деб ёзди. “Ҳеч қандай гуруҳ бизни қўрқита олмайди”.

Толиблар пўписасида афғон оммавий ахборот воситалари АҚШ мамлакатда олиб бораётган “пропаганда уруши”нинг бир бўлаги ўлароқ таърифланади. 2001 йил толиблар тузуми АҚШ етакчилигида тугатилган эди.

“Уларнинг дастурлари америкалик босқинчилар ва уларнинг югурдакларини қўллашга қаратилган, жиҳод ва жасур афғон халқига қарши курашувчи ҳамда исломий принципларга қарши чиқувчи ва мамлакатдаги миллий бирликни бузишни рағбатлантирувчи пропаганда материали ўлароқ тақдим этилади”, дейилади жангарилар билдирувида.

Толиблар аҳолини бу икки телеканални “бойкот” қилишга чақирди.

“Одамлар бу каналларнинг асосий офислари ҳамда бўлимларига боришни тўхтатишлари, уларнинг дастурларида иштирок этишни бас қилишлари ҳамда уларнинг хабарларини уйларига киритмасликлари керак. Зиёлилар бу каналларнинг хабарларида иштирок этишни тўхтатишлари, мусулмон халқ бу каналларни кўришни тўхтатиши ва бойкот қилиши керак”.

Матбуотни озод қилиш учун ёрдам

Афғонистон матбуотидаги ўзгаришлар мамлакат ўтган ўн йилда эришган энг катта ютуқлардан бири ўлароқ кўрилади. Толиблар ҳукм сурган йилларда телевизор, мусиқа, мустақил хабарлар ман қилинган эди. Ўша даврида фақат битта радиоканал – “Толибларнинг шариат овози” канали фаолият юритган. Канал дастурларининг аксар қисми азон ва диний маърузаларга бағишланган.

АҚШ халқаро ривожлантириш агентлиги (USAID) ҳамда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда толиблар 2001 йилда ағдарилганидан бери мамлакатнинг эркин матбуотини қўллаш учун бир неча ўн миллион доллар сарфлади.

Эртаю кеч фаолият юритадиган Tolo TV каналига эгалик қилувчи Moby Group ширкати 2004 йил канални ишга солиш учун USAIDдан 2 миллион доллар маблағ олган эди. Аммо 2014 йилга келиб Tolo TV Озодлик радиоси билан суҳбатда канал эндиликда ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаётганини ва АҚШдан бошқа ёрдам олмаётганини билдирди.

1TV каналига афғон ишбилармони Фаҳим Ҳошимий 2009 йил асос солгҳан. Каналнинг АҚШдан ёки бошқа хорижий мамлакатдан маблағ олгани номаълум.

Эришилган ютуқларга қарамасдан, Афғонистондаги эркин матбуот мунтазам равишда диний етакчилар, собиқ уруш қўмондонлари ва ҳатто ҳукумат босими ва ҳужумига дучор бўлиб келади.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти шу йилнинг январь ойида афғон журналистлари дуч келаётган зўравонлик ҳамда таҳдидлар ошиб бораётганини билдирди.

Маркази АҚШда бўлган ташкилот журналистлар бошдан кечираётган таҳқирлашлар, қўрқитишлар ҳамда ҳужумларни ва Афғонистон ҳукумати бу ҳолатларни кўриб чиқишдан ва айбодрларни жазолашдан бош тортаётганини ҳужжатлаштирди.

Ташкилотга кўра, толиблар ўзларига маъқул келмаган хабарлар учун журналистларни очиқчасига нишонга олиб мамлакатда қўрқув руҳининг кучайишига ҳисса қўшмоқда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти июнь ойида Афғонистонда матбуот ходимлари бошдан кечирган зўравонликларга айбдорлар жазосиз қолаётганини қоралади.

Ўтган йили Афғонистонда уч мухбир ўлдирилган эди.

БМТ яқинда эълон қилган ҳисоботда толиблар қўли 2001 йилдан бери кузатилмаган даражада узайгани айтиб ўтилган.

БМТга кўра, ҳозирги кунда мамлакат туманларининг ярмида хавф-хатар даражаси “юқори” ёки “ўта юқори”дир. Охирги 14 йил ичида бундай ҳол кузатилмаган эди.

Озодлик/Озод Европа радиоси мухбири Фруд Бежан мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG