Линклар

Мажбурий меҳнатни мониторинг қилишга уринган ҳуқуқ фаоли уй қамоғига олинди


Милиция ходими Елена Урлаевани уй қамоғида сақлаб турибди

Милиция ходими Елена Урлаевани уй қамоғида сақлаб турибди

Пахта теримидаги мажбурий меҳнтани мониторинг қилишга отланган инсон ҳуқуқи фаоли Елена Урлаева 14 октябрь куни уйидан чиқарилмади. Милиция ходимларини суратга олган инсон ҳуқуқи фаолининг фотоаппарати тортиб олинди. Елена Урлаева бунга норозилик тариқасида милиция мулозими блокнотини тортиб олиб, хонасига яшириб қўйгач¸ мулозим фотоаппаратни қайтариб беришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева 14 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш учун йўлга чиқмоқчи бўлганида, милиция ходимлари уни уйдан чиқаришмаган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Елена Урлаевага кўра, унинг уйи эрталабдан милиция ходималри назоратига олинган:

- Бўка тумани ҳокими Даврон Султонов ўқитувчилар, шифокор ва коллеж ўқувчиларини пахта даласида эксплуатация қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда менга ўқитувчилар хабар берди. Мен буни мониторинг қилиш учун чоршанба куни эрталаб Бўкага бормоқчи ва туман ҳокимиятини пикет қилиб, мажбурий меҳнат қулларини ўз жойларига қайтаришни талаб қилмоқчи эдим. Бироқ эрталаб милиция ходимлари уйга кириб келишди, деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, милиция ходимлари уни уйдан чиққани қўймаган:

- Эрталаб Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Илёс Мустафоев ва участка нозири тўсатдан кириб келди. Улар менга бугун уй қамоғида эканлигимни айтишди ва мени ташқарига чиқаришмади. Мен креслода ястаниб ўтирган Илёс Мустафоевни суратга олдим. Бироқ бундан ғазабланган Мустафоев менга ташланиб, фотоаппаратимни тортиб олди. Мен ҳам унинг қўлидаги блокнотини юлиб олиб, тутинган ўғлим Муҳаммадга бердим. У бошқа хонага қочиб кириб ичкаридан қулфлаб олди. Кейин Мустафоев блокнотини қайтариб беришимни сўради, мен эса фотоаппаратимни сўрадим. Унинг таклифимга рози бўлишдан бошқа иложи қолмади, дейди Елена Урлаева.

Мирзо Улуғбек тумани терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Илёс Мустафоев Елена Урлаева уйида

Мирзо Улуғбек тумани терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Илёс Мустафоев Елена Урлаева уйида

Урлаевага кўра, Илёс Мустафоев участка нозирини қоровул сифатида қолдириб, ўзи уйдан чиқиб кетган:

- Шундай қилиб, участка нозири мени кечқурун соат 8 гача уйдан чиқармай ушлаб турди. Бугун эса Муҳаммад ўқийдиган мактаб директори менга телефон қилиб, ўғлим дарсда ҳушидан кетганини айтди. Бу кечаги милиция билан бўлган жанжал оқибати бўлиши ҳам мумкин, деди Елена Урлаева.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Елена Урлаева ўз альянси аъзолари билан пахта терими мавсуми бошланганидан буён мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилишга уринмоқда.

Альянс вакиллари айрим вилоятларда бўлиб, бюджет ташкилоти ходимлари, коллеж ва мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбурий жалб этилаётгани ҳақида бир қанча хабар тарқатди.

Хусусан¸ Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова Хоразм вилоятида пахта теримига талаблар ва давлат муассалари ходимларининг ёппасига жалб этилиши ҳолатларини ўрганаётганида қўлга олинган эди. Милициядаги узоқ суриштирув ва инсон қадрини камситувчи текширувлардан сўнг ҳуқуқ фаоллари 29 сентябрда Тошкентга қайтишга мажбур бўлган эди.

26-27 сентябрь кунлари Хоразм вилоятининг Хазорасп тумани пахта далаларини кузатган ҳуқуқ фаоллари - Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова "Вилоят раҳбарлари Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ва раҳбариятни алдамоқда", деб хабар тарқатди.

Инсон ҳуқуқи фаоллари бюджет ташкилоти ишчилари ва айрим ҳудудларда 18 ёшга тўлмаган ўқувчилар ҳам пахтага теримига чиқарилганига гувоҳ бўлганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG