Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:15

Модаркуш қиз, дипломи ҳеч ерда ўтмайдиган институт ва виртуал хиёнат


Бухорода 17 ёшли қиз онасини болта билан чопиб ўлдирди. 1000 доллар пора талаб қилган тафтишчи 5 йилга қамалди. “Uzmobile” хизматидан мижозлар норози. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Тошқин, сел хавфи бор ҳудудлардаги хўжаликлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилди”

Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги тошқин, сел ва қор кўчкиси мавжуд ҳудудлардаги хўжаликлар доимий ва вақтинча хавфсиз ҳудудларга кўчирилди (“Ўзбекистон овози”, 15 октябрь). Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Ғуломов маълум қилган. Кўчиришлар 2014-2015 йилларда ва 2020 йилгача сувларни Ўзбекистон сув оқимлари бўйлаб барқарор ўтказиб юбориш дастури ва ҳукуматнинг тошқинга қарши комиссияси мажлиси қарорлари асосида амалга оширилган.

“Бухорода 17 ёшли қиз онасини болта билан чопиб ўлдирди”

Бухоро вилояти Пешку туманида 1998 йилда туғилган Робия Жабборова келинойиси Моҳигул Авезова билан бирга ўз онасининг жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 15 октябрь). Марҳума Нордона Ашрапованинг тергашлари, йигитлар билан юрмаслик ҳақидаги огоҳлантиришлари қизи Робия Жабборованинг нафратини қўзғаган. Қотилликнинг асосий иштирокчиси Моҳигул Авезова ҳам қайнонаси кўнглидан жой тополмаган. Сабаби, марҳума Н.Ашрапова М.Авезованинг ўғли Хайрулло Фузайлов билан никоҳига аввал-бошдан рухсат бермаган, аммо М.Авезова уларнинг хонадонига тўй-томошасиз қочиб келган. Бухоро вилояти прокуратураси вакили Умид Нуруллаевга кўра, қотиллар Нордона Ашраповага дастлаб уйқу дори беришган. Кейин эса уни болта билан чопиб, арқон билан бўғишган. Пировардида эса жасад устига бензин қуйиб ёқиб юборишган. Суд ҳукмига кўра, келин М.Авезова 15 йил, қиз Р.Жабборова 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Давлат тест маркази Қашқадарёдаги менежмент институти ноқонуний фаолият юритганини 3 йилдан кейин билди”

Қашқадарё вилоятидаги Менежмент институти 2010-2013 йилларда лицензиясиз, яъни ноқонуний равишда фаолият юритган, аммо талабаларни ўқишга қабул қилиб ўқитиб келган (“Даракчи”, 14 октябрь). Аммо масъул идоралар, хусусан, олий ўқув юртларини аккредитация қилиш билан шуғулланувчи Давлат тест маркази бу ҳақда орадан уч йил ўтибгина билган. Масалан, Бухоро вилояти Ромитон туманида яшовчи Саодат Ҳотамова 2010-2013 йиллар давомида ушбу институтда таҳсил олган, аммо институтнинг лицензияси йўқлиги кейин маълум бўлиб, у диплом ҳам ололмаган, харажатларига ҳам куйиб қолган. Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Б.Назаров мазкур институт берган диплом ҳуқуқий асосга эга эмаслигини маълум қилган. “Қизиқ, мурожаатда номи қайд этилган институт ваколатли органдан рухсат олмаган ва аккредитацияланмаган бўлса, 3 йиллик фаолияти давомида нега буни ҳеч ким текширмаган?” дея мутасадди идораларни саволга тутади газета.

“Uzmobile” хизматидан мижозлар норози”

“Uzmobile” миллий уяли алоқа операторининг GSM хизмати сифатидан мижозлар рози эмас (“Халқ сўзи”, 14 октябрь). “Ундаги хизмат кўрсатиш сифати мени қаноатлантирмаяпти... Фақат ҳисобимда пул қолмагач, телефонга кириш қўнғироқлари ҳам ўчириб қўйиларкан” деган Учтепа туманилик Ш.Жалилова. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев хизмат сифати ва техник имкониятларни такомиллаштириш чораларини кўрилаётганини маълум қилган. “Uzmobile” оператори GSM стандартидаги хизматни жорий йил йўлга қўйган.

“Виртуал хиёнат ажрашишларга сабаб бўлмоқда”

Кейинги пайтларда Ўзбекистондаги кўплаб ажрашишларга эр-хотиннинг телефон орқали бегоналар ишқий суҳбат ёки ёзишмалар олиб бораётгани ҳам сабаб бўлмоқда (“Оила ва жамият”, 14 октябрь). Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги 3-cон ФҲДЁ бўлими мудири Инобат Бобоқулова маълум қилади. Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш идораси вакили эр-хотин телефон воситасида қинғир йўлларга кираётганини “виртуал хиёнат” деб атаган. “Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда аёлнинг бошқа эркаклар билан танишиб, дўст тутингани, уларнинг ёзишмалари ошкор бўлгач, эрининг ундан кўнгли қолиб, оилалар пароканда бўлаётганига, афсуски, тез-тез гувоҳ бўляпмиз” деган ФҲДЁ бўлими мудири И.Бобоқулова.

“1000 доллар пора талаб қилган тафтишчи 5 йилга қамалди”

Тошкент вилояти Назорат-тафтиш бошқармасининг давлат бюджети ижросини назорат қилиш бўйича масъул ходими порахўрликда айбланди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор этилмаган тафтишчи Қибрай туманидаги “Чингелди” қишлоқ врачлик пунктининг 2005-2015 йилдаги харажатлар сметасини текшириш учун юборилган. Аммо текширув бошламасдан туриб кўп миқдорда камчиликлар борлигини айтиб, врачлик пункти мудирасини қўрқитган ва ишни босди-босди қилиш эвазига 1000 доллар талаб қилган. Врачлик пункти мудираси эса ҳуқуқ идораларига хабар берган ва назорат-тафтиш бошқармаси масъул ходими пора олаётганда ушланган. Хабар қилинишича, жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди айбланувчини 5 йил озодликдан маҳрум этган.

“Мутасаддилар фуқаронинг паспортидаги хатони тўғрилаш борасида талабини қондиришмади”

Бухоролик фуқаро Рустамжон Нажмиддинов янги паспорт олиш чоғи исм-шарифида йўл қўйилган хатони тўғрилаб ёзишни талаб қилди, аммо мутасаддилар турли важ-карсон кўрсатиб, унинг талабини қондиришмади (“Муштум”, 2015 йил сентябрь). Журнал ушбу ҳолат бўйича Бухоро вилояти ИИБга хат йўллаган. Вилоят Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.Жўраевдан жавоб хати келган. Аммо журнал жавоб хати мазмуни фуқаро мурожаатига мутаносиб эмаслиги, қолаверса, расмий мактубда имловий хатолар кўплигини қайд этган. “Паспортингиздаги бор-йўғи иккита хатодан кўпам хафа бўлманг, акажон. Абдулла Қодирий бобомизнинг ибораси ёдингиздадир: “Нега ҳамма нарсага етган ақлингиз шунга келганда оқсайдур?” дея киноя қилган Ўзбекистоннинг ҳажвий журнали.

“Келин-куёв тўй куни сув омборига ғарқ бўлди”

Ўзбекистонлик келин-куёв тўйи куни сув омборига ғарқ бўлган (“Инсон ва қонун”, 13 октябрь). Газета хабарида воқеа қачон ва қаерда рўй бергани очиқланмаган. Қайд этилишича, соҳилбўйида ўтказилган тўйда ширакайф бўлиб қолган меҳмонлар сув омборида қайиқда сайр қилишни таклиф этишган. Келин-куёв ҳам алоҳида қайиққа ўтирган. Аммо келин-куёв ўтирган қайиқни ширакайф меҳмонлар қайиғи уриб ағдариб юборган ва улар нобуд бўлган. Муаллиф бу ҳолатга тўйдаги кимўзар мусобақани сабаб сифатида кўрсатган ва мазкур ҳаётий воқеадан хулоса чиқаришга даъват этган.

XS
SM
MD
LG