Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:03

Тожикистонда илк онлайн интим дўкон очилди


Тожикистондаги биринчи онлайн шаҳвоний дўконнинг Facebook тармоғидаги саҳифасидан скриншот.
Тожикистондаги биринчи онлайн шаҳвоний дўконнинг Facebook тармоғидаги саҳифасидан скриншот.

Тожикистонда мамлакат тарихида илк бор онлайн интим магазин очилди. Харидорлар уйига шишириладиган қўғирчоқлардан тортиб вибраторгача бир неча соат ичида етказиб беришни ваъда қилаётган дўкон асосан мусулмонлар яшайдиган мамлакатда диний уламолар ғазабини келтирмоқда.

sex_shop_tj администраторларидан бири Озодлик радиоси тожик хизмати билан Viber мессенжери орқали суҳбатлашиб, ширкат харид қилинган буюмларни буюртма олинганидан кейин ярим соатдан беш соатгача бўлган вақт ичида ўз манзилига элтиб беришини айтди.

Администраторнинг айтишича, магазин харидорлар шахси сир қолишини кафолатлайди.

Тожикистонда кредит карталар ҳамда онлайн тўлов тизимлари кенг тарқалмагани учун харидорлар маҳсулотларни олаётган пайтда пул тўлайди.

Магазиннинг ижтимоий тармоқларда, жумладан, Instagram ҳамда Twitterда ҳисоби бўлиб, бу ҳисобларга озгина одам ёзилган. Ширкатнинг аниқ манзили эса очиқланмаган.

Аммо ширкат ўз маҳсулотларини пойтахт Душанбе ва иккинчи йирик шаҳар Хўжанддаги харидорларга етказиб беришини айтмоқда.

Шишириладиган қўғирчоқ 70 доллар туради. Бу эса Тожикистондаги ўртача ойликнинг деярли ярмига тенгдир.

Бу масала юзасидан тожикистонликлар ижтимоий тармоқларда ҳамда Душанбе кўчаларида ўтказилган сўров давомида турлича фикр билдирдилар. Айримлар бундай магазин миллий қадриятларга путур етказишидан хавотирда эканлигини айтса, бошқалар танлаш ҳуқуқи муҳим деб ҳисоблашларини билдиришди.

Озоди вебсайтида “Муҳаммад” исмли муштарий: “Ёшларимизни бундай иллатлардан сақлашимиз керак. Болаларингизга мактабда бунақа нарсаларни ўргатмаган бўлар эдингиз”, дея шарҳ қолдирди.

“Азизов Азизов” Одноклассники ижтимоий тармоғида: “Бу одамлар касал бўлса керак, шифокорга кўринишсин”, деб ёзди.

Душанбеда яшовчи Беҳруз эса “XXI асрда ва Интернет асрида одамларнинг танлаган йўли ва хоҳишлари назорат қилинмаслиги керак, бундай қилиб бўлмайди ҳам”, деб ёзган.

Бошқалар бу масалага ҳазиломуз ёндашди. Toptj.cом сайтида аноним фойдаланувчи: “Хитойда ишлаб чиқарилган резина келинлар – энди ҳамма нарсани биламан”, деб ёзди.

Аммо диний уламолар учун бу кулгили масала эмас. Улар интим магазин ва унинг шаҳвоний ўйинчоқлари оила қуриш бўйича анъанавий қадриятларга ҳамда ёшларнинг руҳий соғлиғига жиддий таҳдид солади, деб ҳисоблашади.

Тожикистон Ислом университети профессори Мавлавий Абдураҳим Каримов тожикистонликларни ҳақиқий эркак ва аёллардан воз кечмасликка чақириб, қўғирчоқлар билан жинсий алоқа қилиш “зино”га тенг келишини айтди.

Душанбелик имом Қобилжон Боев интим ўйинчоқлардан фойдаланиш исломий қадриятларга зид эканлигини билдирди.

Тожикистонда муллалар ҳурмат қилинади ва уларнинг жамиятдаги таъсири катта. Тожикистоннинг дунёвий ҳукумати аҳолининг Ислом динига амал қилишини назорат қилишга уринишига қарамасдан, кейинги йилларда мамлакат аҳолиси борган сари динга берилмоқда.

Интим магазиннинг тожик жамиятида ўрни бор-йўқлиги магазин маҳсулотларининг бозори қандай бўлишига боғлиқ бўлади.

Дўкон маъмурининг айтишича, ҳозирча уларда байочди (стартап) учун етарли харидор бор.

Озодликнинг инглиз хизмати чоп қилган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG