Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:31

Путин МДҲга умумий молия бозори ва ИШИДга қарши коалиция таклиф қилди


Бурабайга келган МДҲ раҳбарлари.
Бурабайга келган МДҲ раҳбарлари.

Бурабай саммити ҳақидаги расмий маълумотларга кўра¸ унда янграган асосий таклифлар¸ одатдагидек яна Россия президентидан чиққан.

Доллардан воз кечайлик...

Ғарб санкциялари ва сиëсий изоляция туфайли иқтисоди оғир аҳволда қолган Россия президенти 16 октябрь куни МДҲ аъзоларига ўзаро савдодан доллар билан ҳисоб-китобни чиқариб ташлаб¸ тўловларни миллий валюталарда амалга оширишни таклиф қилди.

2012 йилда Арманистон¸ Беларус¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Россия ва Тожикистон Ашхоботда МДҲнинг интеграциялашган валюта бозори ҳақида Келишув имзолаган.

Назарбоев МДҲ саммитига келганларни кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

Россия шу йил августида бу ҳужжатни ратификация қилгани ортидан Путин бошқаларни ҳам бу ҳужжатни маъқуллашга чақирди:

- Бу келишувнинг кучга кириши мувофиқлашган валюта сиëсати олиб бориш ва истиқболда МДҲнинг умумий молия бозорини шакллантиришга имкон беради¸ деди Кремль раҳбари жумладан.

Ғарб билан муносабатлари кескин совуқлашиши ортидан Хитой каби йирик савдо шерикларини ҳам АҚШ долларини ўзаро ҳисоб-китобдан чиқаришга чақирган Путиннинг Бурабайдаги бу таклифи¸ Евроосиë иқтисодий иттифоқига кирмаган давлатларга тегишли¸ дейди молиявий таҳлилчи Сапарбий Жубаев:

- Ўзбекистон билан ҳисоб-китобни қайси курс бўйича қилишни ҳеч ким тушунмайди. Шунинг учун Ўзбекистон хоҳлаган тақдирда ҳам бундай тўлов тизимига ўта олмайди Валюта бозорини интеграция қилиш таклифи фақат эркин конвертацияси бор давлатларга тааллуқли¸ деб айтиб қўйиш керак. Озарбайжон ва Молдова Евроосиë иқтисодий иттифоқига киришни истамади¸ Тожикистон эса¸ кира олмади. Шунинг учун Путин таклифини бу уч давлат дарҳол қабул қилса керак¸ дейди молиявий таҳлилчи.

Путин ИШИДга қарши коалицияга қўшилишни таклиф қилди

Айрим кузатувчилар томонидан Путин & Co тўпландиси деб аталадиган МДҲнинг навбатдаги саммитида Путин томонидан ўртага ташланган яна бир таклиф¸ МДҲ давлатларини Суриядаги террорчиларга қарши коалицияга қўшилиш чақириғи бўлди:

- Минтақадаги терроризмга қарши ҳаракат ва уринишларни мувофиқлаштириш борасида айрим прогресс бор. Яқин Шарқ давлатлари билан амалий мулоқот ўрнатишга муваффақ бўлинди. Ҳозир Саудия Арабистони¸ БАА¸ Миср¸ Иордания¸ Исроил ва бошқалар билан музокара жараëнидамиз¸ АҚШ ва Туркия билан ҳамкорликни йўлга қўйишга уринаяпмиз¸ деди Путин жумладан.

Бу курашда имкон қадар кенг коалиция тузиш зарурлигини таъкидлаган Кремль раҳбари МДҲ давлатларини Бағдоддаги ахборот марказига қўшилишга чақирди:

- Ҳар хил тахминларга кўра¸ ИШИД сафида ҳозирда Россия ва МДҲ давлатларидан чиққан 5 мингдан 7 минггача одам жанг қилмоқда. Биз¸ албатта¸ уларнинг Сурияда бугун орттираëтган тажрибасини кейинроқ уйимизда қўллашларига йўл қўя олмаймиз. Шу боис¸ ҳамдўстлигимиз доирасида халқаро террорчиликка қарши курашдаги ҳамкорлик эҳтиëжи ошиб бораëтганини таъкидлаш жоиз¸ деди Путин.

ИШИД жангариларининг Суриядан Афғонистонга кўчаëтганини айта туриб Путин¸ ўз ҳамкасбларини жангариларнинг Марказий Осиëга ўтиш уринишларини биргаликда тўхтатишга тайëр бўлишга чақирди ва МДҲнинг 2020 йилга қадар ҳарбий ҳамкорлик концепциясининг нақадар муҳимлигини яна бир бор тилга олди:

- Ҳозир ҳаммамиз ҳамдўстлик ташқи сарҳадларидаги вазиятни диққат билан кузатишимиз зарур. Бу ерда¸ Афғонистондаги вазият ҳақида ташвиш билан гапирган Ўзбекистон президенти айтганларга қўшилмасликнинг иложи йўқ¸ деб Ислом Каримовнинг ҳозирча матбуотга очиқланмаган чиқишини қувватлаган Путин.

Жангариларнинг Афғонистондан Марказий Осиë ҳудудига ўтишга уриниши ҳақида Россия таъкидлаëтган таҳлика бўрттирилган ва бундан мақсад минтақа давлатларини ҳарбий жиҳатдан яна Россия етовига қайтаришдир¸ дейди россиялик таҳлилчи Аждар Куртов:

- Агар қандайдир назарий таҳлика бўлса¸ у фақат ИШИДдан бўлиши мумкин. Лекин Афғонистонда ИШИД ғалаба қозонгани йўқку! Бу ерда улар нақафат ҳукумат кучлари¸ балки Толибон ва бошқа гуруҳлар билан ҳам уруш қилаяпти. Шу боис¸ Афғонистондаги вазиятнинг ëмонлашуви ҳақида гапирганда¸ бу ерда яна бир қонли фуқаролар уруши бошланиши ҳақида гапириш ўринли. Лекин бу урушнинг Афғонистон ҳудудидан қўшниларга кўчиш эҳтимоли¸ деярли йўқ ҳисоби. Чунки ИШИД бўладими¸ Толибон¸ Афғонистонда уруш қила туриб¸ ўз тарафдорлари анчагина бўлган жойни тўлиғича назоратига ола олмай туриб¸ қўшни давлатга уруш қилиш ўзи учун ўлим ҳукми эканини яхши билади, деган Куртов бундай бўрттиришдан мақсад Марказий Осиëни КХШТ қучоғига қаттиқроқ тортиш¸ Ўзбекистон каби ундан чиққанларни эса¸ қайта бағрига олиш деб қўшимча қилади.

Туркманистон Путин ва Назарбоевга норозилик нотаси йўллади

МДҲ саммити арафасида учрашиб¸ қўшма матбуот анжумани ўтказган Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путинлар Афғонистондаги жангларнинг Марказий Осиë чегарасига яқинлашгани Тожикистон ва Туркманистонни танг ҳолга солиб қўйгани ҳақида ташвиш билдирдилар.

Бу баëнот ортидан Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотаси очиқлаб¸ Қозоғистон президентини “афғон-туркман чегарасидаги ташвишли воқеалар” ҳақидаги баëнотини воқеликка тўғри келмайдиган¸ деб баҳолади.

Туркманистон давлат чегарасидаги вазият ҳақида қозоқ томони қилган баëнотга ўз қатъий норозилигини билдирган туркман томони¸ Қозоғистон раҳбариятини бундан кейин объектив маълумотга таяниб иш кўришга чақирди.

МДҲ раҳбарларининг 8 май куни Москвада бўлиб ўтган учрашувида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан айтишиб қолгани ортидан¸ бундай йиғинларга қўшилмай қолгани иддао қилинаëтган Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Бурабай саммитига келмади.

Саммит бошланган айни кунда у расмий туркман делегациясини АҚШ билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Вашингтонга жўнатди.

XS
SM
MD
LG