Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:45

Тожикистонда фоҳишага қамоқ жазоси бериш қонунийлаштирилди


Тожикистонда фоҳишалиги учун бир марта жаримага тортилган аёл фаолиятини яна давом эттирса, 10-15 суткага қамалиши мумкин. Бу ҳақда Тожикистон парламенти қабул қилган маъмурий кодексга киритилган ўзгартиришларда айтилади.

Тожикистон парламенти 15 октябрь куни фоҳишаларга бериладиган жазони кучайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Энди, агар фоҳиша бир йил давомида иккинчи бор қўлга тушса, 10 суткадан 15 суткагача қамоқ жазоси олиши мумкин. Бундан ташқари фоҳиша тортиладиган жарима миқдори ҳам икки бараварга 800 сомони (117 АҚШ доллари)дан 1600 сомони (234 доллар)га кўтарилди.

Шу пайтгача қўлга тушган фоҳиша 400 сомонидан 800 сомонигача жарима тўларди.

Тожикистон қонунларида фоҳишалик жиноят эмас, маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади.

Тожикистон парламенти қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакили Бахтовар Сафаровнинг айтишича, маъмурий кодексга бундай ўзгартишларни киритишдан асосий мақсад фоҳишаликни камайтиришдир:

“Энди илк бор фоҳишалик билан шуғулланаётганларга жазо бериш ваколати ички ишлар вазирлигига, такрор қўлга тушганлар эса судларга топширилади. Суд фоҳишани қилган гуноҳига қараб жарима солиши ёки 15 суткагача қамаши мумкин”, деди Бахтовар Сафаров.

Аммо “СПИН-Плюс” ташкилотининг раиси Пўлат Жамолов фикрича, фоҳишаларга 15 суткалик жазо бериш билан уларнинг сонини камайтириб бўлмайди:

“Мана фоҳишани 15 суткага қамашди деб фараз қилайлик. Уни боқиш учун яна қанча маблағ сарфлаш керак. Бу ортиқча харажат. Энг яхши усул уларни жарима қилиш. Лекин жарима ҳам икки томонлама бўлиши керак. Фоҳиша ҳам, унинг хизматидан фойдаланган шахс ҳам катта миқдордаги жаримага тортилиши керак”, дейди Пўлат Жамолов.

Тожикистон ИИВ маълумотига кўра, ўтган йили уч кун давомида ўтказилган рейдда 500 фоҳиша ушланиб, жаримага тортилган. Уларнинг 450 нафарида тери-таносил касалликлари аниқланган.

Шунингдек, мамлакатда 157та исловотхона борлиги, шулардан 77таси Душанбе шаҳрида фаолият олиб бориши ҳам аниқланган.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода берган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда аниқланган 2066 нафар фоҳишанинг 51 нафарини балоғат ёшига етмаган қизлар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG