Линклар

Сирдарёлик теримчи: Бизни алдашди, бир ойдан буён ҳақимизни бермаяпти...


Ўзбекистонда ҳукумат мамлакат банкларидаги бор нақд пулни пахта тераëтганларга беришни устивор вазифа қилиб белгилаганига қарамай¸ теримчилар ҳақларини ололмаётгани ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда.

“Бу йил пахтага келган теримчилар алданди, ойлик йўқ, пахта пулини бермаяпти, илтимос ёрдам беринг”, - деб ёзди Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида пахта тераётган теримчилардан бири.

Озодлик шу теримчилардан бирига боғланди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган теримчининг айтишича, Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидаги "Жондор" фермер хўжалигида 50дан зиёд одамга бир ойдан бери ҳақ берилмаган.

- Бир ойдан бери пулдан дарак йўқ. Пул қани десак, “банк бермаяпти”. Қачон бўлади, десак “пича кутинглар” дейди. Бир ойдан бери шу аҳвол, дейди Озодлик билан суҳбатда пулини ололмай юрган теримчилардан бири.

Бошқа бир сирдарёлик теримчининг айтишича, ўтган ой ўрталарида биринчи теримда ойлик берилган ва ўшандан буён улар терим учун "бир тийин ҳам" олишмаган.

- Биринчи теримга ҳақ беради, одамларни қизиқтиради. Иккинчи теримга келганда пулни қисади. Бир ойдан бери мана ойлик йўқ, - дейди теримчи.

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин тумани ҳокимлигининг расмийларидан бири пахта пули айрим ҳолларда кечикаётганини айтди. Лекин, “бир ойга кечикиши бўлмаган гап”, - деди.

Пахтакорлар ҳақлари вақтида берилмаётгани сабаби банкларда нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ.

Лекин, сирдарёлик фермер Жўравой аканинг айтишича, теримчиларга ҳақ вақтида берилмаслиги фақат банкларда пул етишмовчилиги билан боғлиқ эмас.

- Банклардан берилади, ҳозир уларга биринчи навбатда теримчиларга бериш тайинланган. Лекин отряд бошлиқлари ушлаб қолиши кўп кузатилади. Накладной билан банкдан пулни олади, лекин шу пул теримчиларга етиб бормайди, - дейди фермер.

Жорий йил апрель ойида Бош вазир Шавкат Мирзиëевга нақд пул тақчиллиги ҳақида мактуб ëзган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари¸ агар нақд пулни банк айланмасига қайтариш муаммосига тезда ечим топилмаса¸ “махсус контингент¸ мониторингга олинган стратегик корхоналар иш ҳақи¸ пахта йиғим теримчилари учун Марказий банк томонидан 2015 йилда 3¸0 триллион сўмдан кўпроқ мадад пуллари чиқаришга тўғри келади ва бу ўз навбатида¸ муомаладаги пул миқдорининг ошишига таъсир кўрсатади”¸ деб огоҳлантирган эди.

2015 йил пахта мавсумига келиб янада кучайган нақд пул тақчиллигини ҳал қилиш учун Марказий банк Бош вазирга таклиф қилган чора-тадбирлардан қайсиларининг ижро учун қабул қилинганию¸ Марказий банк 3 триллион янги сўм босиб чиқарган-чиқармаганига оид маълумот ҳозирча Озодлик ихтиëрида йўқ.

XS
SM
MD
LG