Линклар

logo-print

Афғонистонда илк маротаба халқаро марафон ўтказилди


Жангзада Афғонистонда илк бор марафон бўлиб ўтди

Жангзада Афғонистонда илк бор марафон бўлиб ўтди

Афғонистонда зўравонлик ва исёнлар тўхтамаётган бир пайтда мамлакат тарихида биринчи марта халқаро марафон бўлиб ўтди.

Мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этди.

Марафон 16 октябрь куни нисбатан тинч бўлган Бомиён вилоятида жойлашган водийда бўлиб ўтди.

Бомиён вилояти кўпчиликка ўзининг толиблар йўқ қилган улкан Будда ҳайкаллари билан маълум.

42 километрлик масофада ўтказилган марафонда Афғонистон, Европа, АҚШ ҳамда Канададан келган спортчилар қатнашди.

“Афғонистон марафони” номи билан ўтказилган мусобақада профессионал ва ҳаваскор енгил атлетикачилар иштирок этди.

Улар вилоят пойтахти Бомиён шаҳрини Якавланг тумани билан боғлаб турувчи янги асфальт йўл бўйлаб югурдилар.

Бу йўл 2 500 метр баландликда, Ҳиндукуш тоғлари яқинида жойлашган.

Мусобақада марра чизиғини биринчи бўлиб Европада ўтказилган 20 дан ошиқ марафонда иштирокчиси, британиялик енгил атлетикачи Кит Макинтош кесиб ўтди.

У марафон масофасини югуриб ўтиш учун 2 соат 55 дақиқа сарфлади.

Маҳаллий аёллар учун 10 километр масофали алоҳида марафон ўтказилди.

Бу мусобақада асосан мактаб ўқувчиларидан иборат 45 спортчи қатнашди.

Аёллар ўртасидаги марафон бомиёнлик 15 ёшли ўқувчи Назира Саифийнинг ғалабаси билан тугади.

Саифий ушбу мусобақани “ҳеч қачон унутмайман”, деб айтди.

Мусобақаларни Бомиён вилояти ҳокимиятининг Маданият ҳамда информация бўлими, Бомиён туризм бирлашмаси ҳамда Британия ва Покистонда ўз офисларига эга бўлган Untamed Borders саёҳат ширкати ҳамкорликда уюштирди.

Untamed Borders кейинги йилларда Бомиён вилоятига сайёҳларни жалб қилиб келмоқда.

Ширкат асосчиларидан бири Жеймс Уилкокс Бомиёнда туриб ўтказилган марафон мусобақаси турли миллатларга мансуб афғонистонлик спортчиларга ҳамда чет эллик қатнашувчиларга бирга югуриш ва гўзал манзарадан роҳатланиш имконини берганини айтди.

Уилкокс “Афғонистон марафони” маҳаллий уюштирувчилар ўтказадиган йиллик халқаро мусобақага айланишига умид қилишини билдирди.

Марафон тугаганидан кейин мусобақачилар 2001 йилнинг март ойида толиблар портлатиб юборган дунёдаги энг йирик Будда ҳайкаллари турган жойни зиёрат қилишди.

Жангариларнинг бу ҳаракати халқаро миқёсда кескин қораланган эди.

Ҳозирги кунда ҳам Афғонистонда зўравонликлар тўхтагани йўқ.

14 йил аввал АҚШ етакчилигида толиблар ҳукумати ағдарилган бўлса-да, жангарилар тез-тез ҳужум қилиб туради.

Бомиёнда мамлакатнинг бошқа вилоятларига солиштирганда зўравонлик оздир.

Кейинги йилларда вилоятда велосипед пойгалари, маҳаллий талабалар ўртасида марафонлар ва чанғи пойгалари ўтказиб келинади.

Муаллифлар: Фарангиз Нажибулла, Аббос Нодирий

XS
SM
MD
LG