Линклар

Молдова суди собиқ бош вазирни яна 30 кунга ҳибсда қолдирди


Молдова собиқ бош вазири Влад Филат.

Молдова собиқ бош вазири Влад Филат.

Молдова суди коррупцияда айбланаётган собиқ бош вазир Влад Филатни яна 30 суткага ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Мазкур қарор банк тизимида қарийб 1 миллиард доллар маблағ йўқолиши билан боғлиқ равишда прокуратура томонидан собиқ бош вазирга қарши илгари сурилаётган айблов асосида 18 октябрь куни чиқарилган.

2009 йилдан 2013 йилгача Молдова ҳукуматига етакчилик қилган Владимир Филат 15 октябрь куни парламент биносида Миллий аксилкоррупция қўмитаси ходимлари томонидан сўроқ учун қўлга олинганди. Молдова қонунларига кўра, жиноят содир этганликда гумонланган шахс айблов қўйилмасдан 72 соат мобайнида ушлаб турилиши мумкин, бундан кейин эса суд эҳтиёт чораси ҳақида қарор қабул қилиши лозим.

Прокурор Корнелиу Гурин қаноатича, Филат бир тадбиркордан 250 миллион доллар миқдорида пора олиб, унга Молдовадаги уч асосий банкдан бирини билвосита назорат қилиш имкониятини яратиб берган. Молдова нашрларининг ёзишича, айнан шу банкдан 2014 йилги парламент сайлови арафасида миллиард доллар миқдорида маблағ йўқолган.

Собиқ бош вазир ўзига қўйилаётган айбловларни рад этиб, сиёсий фитна қурбони бўлганини даъво қилмоқда.

Банкка оид можаро мамлакатда норозилик тўлқинини келтириб чиқарган, минглаб намойишчи Кишинёв марказий майдонида юқори лавозимли сиёсатчилар истеъфосини талаб қилиб чиққанлар.

XS
SM
MD
LG