Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:16

Каримов: МДҲ мулоқот учун муҳим, лекин кун тартиби "реалликдан узилган"


Россия Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. Бурабай, Қозоғистон. 2015 йил 16 октябрь.
Россия Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. Бурабай, Қозоғистон. 2015 йил 16 октябрь.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган ҳафта Қозоғистонда бўлиб ўтган МДҲ саммити кун тартибини “реалликдан узилган”, дея танқид қилди.

Президент Каримов саммитда сўзлаган нутқида МДҲнинг давлатлараро мулоқот ва фикр алмашишнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этди. Тошкент раҳбари 15-16 октябрь кунлари ўтказилган саммит “таҳликали вазиятдан чиқиш йўлини биргаликда излаш” учун муҳим эканини алоҳида қайд этди, дея хабар қилди давлатга қарашли ЎзА агентлиги.

Лекин, “шу билан бирга, шуни ҳам қайд этиш жоизки, собиқ иттифоқ маконида бошқа давлатлараро тузилмаларнинг пайдо бўлаётгани туфайли МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши ва унинг бошқа органлари мажлислари аксарият ҳолларда умумий характерга эга бўлиб қолмоқда. Мажлисларда кўрилаётган масалалар кўпинча бугунги кунда Ҳамдўстлик ҳудудида юзага келаётган воқеаларга деярли дахли йўқ ва моҳиятан кундалик ҳаётдан анча йироқдир”, дея Каримов сўзларидан иқтибос келтирди ЎзА расмий нашри.

Хусусан, мазкур анжуман кун тартибига “умумий характердаги мурожаат қилиш, баёнот бериш, келишув комиссияларини тузиш, қабул қилинган қарорлар ижроси тўғрисида ахборот бериш каби у қадар аҳамиятли бўлмаган масалалар киритилган”ини таъкидлади Каримов.

Қозоғистоннинг Бурабай шаҳрида ўтказилган саммитда кўпчилик кузатувчилар Россия Президенти Владимир Путиннинг Афғонистонда хавфсизлик вазиятининг ёмонлашаётгани, “Исломий давлат” эксртемист гуруҳи ўз таъсир доирасини кенгайтираётгани боис Марказий Осиёда Россиянинг ҳозирлиги ошириш эҳтиёжи пайдо бўлганини урғулаш уринишларига эътибор қаратди.

Бунда Путин Россиянинг Суриядаги ҳарбий интервенциясини айнан “Исломий давлат” таҳдидига қарши туриш мақсади билан ёқлади.

Саммитдан аввал президент Каримов Россиянинг Суриядаги вазиятга ҳарбий аралашувини танқид қилди. Рус матбуотида Каримовнинг “айрим давлатлар тўғри ҳаракат қилаяпмиз, деб ўйлайди. Лекин қаергадир киришдан олдин, у ердан қандай қилиб чиқиб кетишни ўйлаш лозим”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Президент Каримов "Афғонистонда юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда, кўплаб мутахассислар Ироқнинг аянчли аҳволини такрорламаслик учун Афғонистонда ISAF (НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари-таҳр.) ҳарбийларини кўпайтириш, уларнинг бу мамлакатда бўлишини яна бир неча йилга узайтириш керак, деган фикрга қўшилмоқда. Бунинг учун жиддий асослар бор", дея баён қилди.

Бунда Каримовнинг минтақада хавфсизликни таъминлаши мумкин бўлган ягона тузилма НАТО эканини таъкидлаб, Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотини тилга олмаганини ҳам кузатувчилар эътиборини қаратди.

XS
SM
MD
LG