Линклар

logo-print

Гумбази сири кўчган “Минор” масжидида таъмирлаш ишлари бошланди


"Минор" гумбази қопламалари кучли ёмғирга дош бера олмади

"Минор" гумбази қопламалари кучли ёмғирга дош бера олмади

Бир йил муқаддам қуриб битказилган Тошкентдаги "Минор" масжиди гумбазини таъмирлаш ишлари бошланди. Пойтахтда бир неча кун давом этган кучли ёғингарчилик натижасида масжид гумбази қопламаларининг қуйи қисми тўкилиб тушди. Президент Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси билан барпо этилган масжидни таъмирлаш ишларига ўнлаб уста ва ишчилар жалб қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, душанба куни эрталабдан Тошкентдаги “Минор“ масжидининг гумбазини таъмирлаш ишлари бошланган.

Пойтахтда бир неча кун тўхтовсиз ёққан кучли ёмғир натижасида масжид гумбази қопламаларининг қуйи қисми ўтган ҳафта охирида тўкилиб тушди.

Озодлик мобил мухбирининг хабар беришича, таъмирлаш ишларига ўнлаб уста ва ишчилар жалб этилган.

Жума намозларини “Минор” масжидида адо этувчи Тошкентдаги Озодлик манбаси “жума куни гумбаз яп-янги турганди”, деб айтди.

Масжидга ҳар жума чиқаман. Жума куни гумбаз яп-янги турганди. Ўша куни кечга бориб, ёмғир кучайиб кетди. Якшанба куни йўлдан ўтаётиб қарасам, гумбаздаги плиткалар оқиб тушибди,” дейди Озодлик манбаси.

Гумбаз плиткалари тушиб кетгани тасвирланган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Озодлик мухбирига кўра, масжид атрофида назорат кучайтирилган.

Ҳеч кимни суратга олишга қўйишмаяпти. Гумбаз тепасида одамлар тушиб кетган плиткаларни тўплашаяётганини кўрдим,” деди Озодлик мобил мухбири.

Озодлик мухбирининг “Минор” масжиди ходимлари билан боғланиш уринишлари натижа бермади.

Минор масжиди 2014 йил октябрида қуриб битказилганди.

"Ҳеч нарсани аяганимиз йўқ"

Ўзбекистондаги энг йирик масжидни “Шаҳидлар майдони” мажмуасига яқин жойда барпо этиш, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарори асосида, 2013 йил ёзида бошланган эди.

Бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида битказилиб, ишга туширилган масжидни очиш маросимида Ислом Каримовнинг ўзи шахсан иштирок этганди.

Ўшанда президент Каримов масжид мажмуасини барпо этиш учун "ҳеч нарсани аяганимиз йўқ", дея таъкидлаган эди.

Ҳар томонлама ҳеч нарсамизни аяганимиз йўқ. Ким учун? Мана шу ёққа келиб, мана шундай муқаддас жойга келиб, авваламбор тоат-ибодатларини бажарадиган мўъмин-мусулмонларга,” деб айтганди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президентнинг “бевосита ғоя ва таклифлари асосида яратилган лойиҳада миллий меъморчиликнинг анъана ва услубларидан фойаланиш кўзда тутилган,” дея ёзган эди Ўзбекистон расмий нашрлари.

Лойиҳага кўра, масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳ, иккита пештоқ, баландлиги 38 метр бўлган иккита минора ва бир гумбаз қад кўтарган.

Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубларида безатилган устунлар ўрнатилган.

Жамоатчиликка ошкор этилмаган “Минор” масжиди давлат бюджети ва Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси томонидан молиялангани хабар қилинади.

Кузатувчиларга кўра, 2400 ибодатчига мўлжалланган масжид гумбази қопламаларининг бир йил ўтар-ўтмас тўкилиб тушишига, масжиднинг қисқа фурсатда қуриб битказилгани сабаб бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG