Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:29

Хакасияда ўзбекистонлик ИШИДга қизиққани учун қамалди


20 октябрда 22 яшар ўзбекистонлик йигит устидан Россиянинг Хакасия республикасида чиқарилган суд ҳукми кучга кирди.

“Хакасия” информацион агентлигига қарашли 19рус.инфо сайтининг бу ҳақдаги хабарини Озодликка Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Хакасия республикаси бошқармаси матбуот хизмати тасдиқлади.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик Бобурбек Азимов ИШИДнинг Сурия ҳудудидаги қуролли гуруҳлари сафларига қўшилишга тайёргарлик кўргани учун қамалган

Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Хакасия республикаси бошқармаси матбуот хизмати хабарномасида айтилишича, Хакасия ҳудудида вақтинча истиқомат қилиб келган 22 яшар Бобурбек Боқижон ўғли Азимов Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30- моддаси, 1- банди ҳамда 208- моддаси 2- бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Азимов Россия ҳудудида тақиқланган ИШИДнинг (Ироқ ва Шом Ислом давлати) Сурия ҳудудидаги қуролли гуруҳлари сафларига қўшилишга тайёргарлик кўргани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

ФСБ хабарномасида айтилишича, Бобурбек Азимов аввалига Интернетдан ИШИДга оид материалларни ўқиган, террорчи гуруҳ тайёрлаган видеороликларни томоша қилган, мустақил равишда ИШИД байроғини ясаган. Кейин эса, дейилади хабарномада, Азимов ўзини террорчилар сафида туриб реал фаолият олиб боришга тайёрлаган, ИШИД аъзоларининг қарашлари ва фаолиятини, уларнинг Сурия ҳукуматига қарши террористик акциялариниқўллаб-қувватлаган.

Хўш, қўллаб-қувватлов Азимовнинг айнан қандай ҳаракатларида акс этган? У конкрет қандай ҳаракатлар қилган?

Озодликнинг бу саволларига Федерал хавфсизлик хизмати Хакасия республикаси бошқармаси матбуот хизмати жавоб беришни ва умуман Бобурбек Азимов ва унинг иши юзасидан батафсил маълумот беришни истамади. “Беришимиз мумкин бўлган барча маълумот тарқатганимиз матбуот хабарномасида айтилган”, деди матбуот хизмати ходими.

Хабарномада айтилишича, Бобурбек Азимов Хакасия республикаси маркази Абакан шаҳри автовокзалида шу йилнинг майида Федерал хавфсизлик хизматининг Хакасия республикаси бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Суд ҳукми билан Бобурбек Азимов 2 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган, у жазони умумий режимли колонияда ўтайди. ФСБ хабарномасида айтилишича, ўзбекистонлик йигит ўз айбига тўла иқрор бўлган.

Федерал хавфсизлик хизмати Хакасия республикаси бошқармаси матбуот хизмати вакилининг Озодликка айтишича, Бобурбек Азимов иши Сибирдаги бу республикада “ИШИД билан боғлиқ биринчи воқеадир”.

Озодлик радиоси Бобурбек Азимовнинг ишини тўлароқ ўрганиш учун унинг Ўзбекистондаги яқинларини ҳамда Абакандаги танишларини изламоқда.

“Ўзбекистонлик ишидчи” қандай муҳитда яшаётган эди?

Бу саволга Азимовнинг қамалганига оид хабарни эълон қилган 19рус.инфо сайтининг 20 октябрь кунги бошқа бир хабари жавоб бўлиши мумкин.

“Хакасияда мусулмонлар масжиди учун жой йўқми?” деган сарлавҳа остида берилган материалда республика бўйлаб 50 дан зиёд православ ибодатхонаси мавжудлиги айтилган. 2011 йили Абакан шаҳрида бошланган жоме масжиди қурилиши тўхтаб қолганидан ташвиш билдирилган. Шу кунгача масжид лойиҳасини тайёрлаш ва қурилишни бошлаш учун 10 млн рублдан кўпроқ пул сарфланган. Маблағ тўлалигича маҳаллий қавм томонидан йиғилган.

19рус.инфо сайтига кўра, жоме масжиди қурилишини Абакан шаҳри мэрияси тўхтатиб қўйган, лекин сабабини тушунтиришни истамаяпти.

“Муаммо ечими йўқдай кўринмоқда. Вазиятни ўрганиш ва республикада диний таранглик юзага келишига йўл қўймасликни сўраб “Маҳалла” аъзолари Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Хакасия республикаси бошқармасига мурожаат қилди. ФСБ эса, мусулмонлар мурожаатномасини прокуратурага жўнатган. Бу идора эса, жавоб беришга шошилмаяпти”, деб ёзди 19рус.инфо.

Хакасиядаги “Маҳалла”

Сибирнинг жанубидаги республика маркази – Абакан шаҳрида жоме масжид қуриш ташаббуси маҳаллий мусулмонларнинг “Маҳалла” ташкилотидан чиққан. Ташкилот асосчиси ўзбекистонлик Жўнайдилло Насруллоев 2011 йили маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Хакасияда 10 мингдан зиёд мусулмон борлигини айтган.

Фавқулодда фаоллик

Ҳарбий самолётлари Сурияга кирган кундан бошлаб Россияда “ишидчилар” кўпайиб кетгандай туюлмоқда.

Ҳар ҳолда Россиянинг гоҳ у шаҳри, гоҳ бу ҳудудида “ишидчи” ушлангани тўғрисидаги хабарлар кейинги пайтларда деярли ҳар куни пайдо бўлмоқда.

Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Хакасия республикаси бошқармаси матбуот хизматининг Азимов иши бўйича хабарномасидаги мана бу характерли деталга эътибор беринг: “Азимов <…> Сурия ҳукуматига қарши террористик акцияларни қўллаб-қувватлаган”.

Энг сўнгги хабар

20 октябрь куни LifeNews Москвада террорчи ташкилотларнинг 20 аъзоси қўлга олинганини хабар қилди. Айтилишича, уларнинг 14 нафари “Хизб ут-Таҳрир ал-Исломий” ташкилоти аъзоларидир.

“Федерал хавфсизлик хизматининг Москва шаҳри ва области бошқармаси Ички ишлар вазирлигининг “Зубр” махсус қўшини ёрдамида Сурия ва Ироқдаги ИШИД ҳудудида фаолият юритаётган террор ташкилотларининг 20 аъзсини қўлга олди”, дейилган хабарда.

XS
SM
MD
LG