Линклар

logo-print

Жиззахлик ўқитувчи ўқувчиларига нисбатан жинсий тажовузда гумонланяпти


Жиззах вилояти Зомин туманидаги 50-умумтаълим мактаби биноси

Жиззах вилояти Зомин туманидаги 50-умумтаълим мактаби биноси

Жиззах вилояти Зомин туманининг жисмоний тарбия ўқитувчиси жинсий эҳтиёжини етти яшар ўқувчи қизларга нисбатан ғайритабиий усулда қондирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Озодлик манбаларига кўра, ўқитувчи икки нафар биринчи синф қизни спорт залига олиб кириб, уларни алдаб жинсий эҳтиёжини қондирган. Айни пайтда ўқитувчи ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда.

Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳарчасида жойлашган 50-умумтаълим мактабининг 22 яшар жисмоний тарбия ўқитувчиси ўз ўқувчиларига нисбатан жинсий эҳтиёжини ғайриоддий усулда қондирганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Озодликка ўқитувчи йигитнинг исм-шарифи маълум, бироқ тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис унинг шахси ошкор қилинмаяпти.

Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг зоминлик манбасига кўра, воқеа 15 октябрь куни мактабда содир бўлган:

“15 октябрь куни тахминан соат 12ларда 50-мактабнинг 1993 йилда туғилган жисмоний тарбия ўқитувчиси икки нафар 1-синф ўқувчи қизларини алдаб, спорт залига олиб кирган. У қизларга “мен сизларни текширишим керак, сизларни гижжаларинг бор” деган. Шундай қилиб, у қизларни алдаб ечинтириб жинсий эҳтиёжини қондирган. Қизлар уйга келгандан сўнг оналарига бу воқеани йиғлаб айтиб берган”, деди манба.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ишлайдиган Озодлик манбаси ўқитувчининг жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирганликда гумонланаётганини тасдиқлади, аммо қизларнинг номусига тажовуз бўлмаганини айтди:

“Бу ўқитувчи ҳибсга олинган, айни пайтда Зомин туманидаги ички ишлар бўлимининг изоляторида сақланмоқда. Биринчи суриштирувдан маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам ўқитувчи қизларни спорт залига олиб кириб, гижжаларингни текшириб кўришим керак, деб алдаган. Кейин уларнинг иштонини ечиб, орқа томонини мойлаб жинсий эҳтиёжини қондирган. Лекин номусга тажовуж бўлмаган”, деди ички ишлар мулозими.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддасига кўра, айбланувчи жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган ва унга жабрланувчининг 14 ёшга тўлмагани аён бўлса, у 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Зомин туманининг халқ таълими бўлими мудири Ғанишер Шербеков Озодлик билан суҳбатда бундай воқеа бўлганини яширишга уринди. Мухбир гумонланаётган ўқитувчининг исми шарифини айтганидан сўнг, у бу воқеани ички ишлар вакиллари ўрганаётганини айтди:

“Тасдиқланмади у ҳали, қизлар мактабда ўқишини давом эттиряпти. У ёғини энди ички ишлардан сўрайсиз”, деди Ғанишер Шербеков.

Шербековнинг айтишича, гумонланувчи ўқитувчи Олимпия захиралари коллежини битириб, мактабга ишга кирган.

Ўзбекистонда балоғат ёшига етмаган қизларнинг номусига тажовуз қилиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, Андижон вилояти Балиқчи туманининг Олимбек қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 17 сентябрь куни 5-синф ўқувчиси 36 яшар йигит томонидан ваҳшийларча зўрланган эди.

21 июль куни Тошкентнинг Сирғали туманида 4 яшар қизалоқ аввал зўрланиб, кейин бўғиб ўлдирилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG