Линклар

Танишинг: Интернетда очиқчасига маблағ тўплаётган “Ал-Қоида” матбуот агенти


Абу Рофиқ.

Абу Рофиқ.

“Исмим Абу Рофиқ. Мен матбуот агенти, блоггер ва мустақил ҳарбий тренерман. Суриядаги ҳодисаларни ёритиб бораман. Ўзим у ерда кўп вақт ўтказганман”.

18 октябрь куни Facebookда ёзиб қолдирилган ушбу жумлалар муаллифи 23 ёшли, рус тилида сўзлашувчи ўрта осиёлик жангаридир. Бу жангари ўзини “Ал-Қоида”нинг Суриядаги қаноти ҳисобланмиш “Жабҳат ан-Нусра” аъзоси деб ҳисоблайди.

“Исломий давлат” жангарилари АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари уларнинг изидан тушишидан қўрқиб, ижтимоий тармоқлардаги профилларини ўчираётган бир пайтда Абу Рофиқ Интернетда очиқчасига фаолият юритмоқда. Жангари ҳатто ўтган ҳафтада Норвегиянинг Verdens Gang газетасига интервью берди.

Абу Рофиқ 18 ойдан бери ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунда ВКонтакте рус ижтимоий тармоғида унинг бир неча профили бор. Facebook ва Twitterда ҳам камида биттадан ҳисоб очган.

Унинг профилини ёпишса, бошқа тахаллус билан янги ҳисоб очади. Аммо янги саҳифа очганидан кейин доим ўзини таништиради. Бунинг учун рус тилидаги “Шом аскари” ҳештегидан фойдаланади. Бундан ташқари, Абу Рофиқ жуда кўп “селфи”, яъни ҳарбий кийимда қурол ушлаб, ўзини-ўзи тортган суратларни юклайди. Лекин ҳар доим юзининг бир қисмини яширади.

Маблағ тўплаш ва одам ёллаш

Абу Рофиқ ижтимоий тармоқларда тез-тез “жиҳод” ва “Ал-Қоида”ни қўлловчиларни “Ан-Нусра” гуруҳи қурол-аслаҳа сотиб олиши учун ёрдам беришга ундайди.

Абу Рофиқ яна бўлажак жангариларни “Ан-Нусра” жабҳасига қўшилишга чорлайди, “Ал-Қоида”га қўшилишни истаётганларни Сурияга бориш ҳақида маслаҳат олиш учун унга шахсий хат ёзишга чақиради.

17 октябрь куни Абу Рофиқ ВКонтакте тармоғида “Биз сизни кутяпмиз! Келмайсизми? Қуллар парвардигор учун қилиши мумкин бўлган энг ҳимматли иш Аллоҳ йўлига бутун вужуди ва қалби билан берилишдир”, деб ёзди.

18 октябрь куни Facebookда қолдирган шарҳида эса Абу Рофиқ “Ал-Қоида”ни қўлловчиларни “[Сурияга] келишни истайдиган биродарларга ёрдам бериш учун” сахийлик билан хайр-эҳсон беришга чақирди.

“Жабҳат ан-Нусра” тренери

Абу Рофиқ “Жабҳат ан-Нусра”га кирувчи хорижий жангари гуруҳнинг аъзосидир. Гуруҳ ўзининг илк етакчиси номи билан “Сайфуллоҳ катибаси” деб аталади. Чечен миллатига мансуб Сайфуллоҳ Гуржистоннинг Панкиси дарасидан бўлган. Гуруҳга ҳозирги кунда ўзбек миллатига мансуб ва ўзини Абу Убайда Ал-Маданий деб атовчи 24 ёшли жангари етакчилик қилади.

Абу Рофиқнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига кўра, унинг вазифаси “Ан-Нусра”га қўшилган янги жангариларга снайперлик милтиғидан отишни ўргатишдир.

Абу Рофиқ “Сайфуллоҳ катибаси” учун одам ёллаб, уларни машқ қилдириб, гуруҳ учун маблағ тўпласа-да, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Жабҳат ан-Нусра”га байъат бермаганини айтиб ўтган.

Абу Рофиқ яна ҳарбий кийим кийишни хуш кўрса-да, жангларда иштирок этмайди.

Ўзбек ёки месхети турк?

Абу Рофиқнинг ўзбекистонлик экани, Сурияга боришдан аввал Россияда яшагани айтилади.

Жангари “Жабҳат ан-Нусра”ни қўлловчи туркча вебсайтга ўтган йили берган интервьюсида ўзининг ўзбек эканини айтган эди. Интернетга юклаган видеоларда унинг рус тилида ўзбекларга хос талаффуз билан сўзлашини кузатиш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда Абу Рофиқ Россиянинг Қозон шаҳрида яшаганини иддао қилган.

Жангари яна ўз миллати месхети турк эканлигини ҳам иддао қилган. Месхети турклари туркий халқ бўлиб, илгари Грузиянинг Месхетия вилоятида яшаган. Совет даврида уларни СССР бўйлаб, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига тарқатиб юборишган.

Алимент тўламайдиган ота

Абу Рофиқ бир неча марта уйланганини иддао қилади.

3 октябрь куни ёзиб қолдирган шарҳида одамлар унинг бир неча марта уйланганини танқид қилишини айтди.

Биродарларини “тақводор” хотин-қизларга уйланишга ундаб ёзган шарҳида Абу Рофиқ: "“У бир неча марта уйланган, у хотинбоз ва ҳоказо”. Баъзан шунақа гапларни эшитаман”, деб ёзди.

Жангари яна ўзининг ўғли эканини иддао қилиб, ёш боланинг суратларини ўз саҳифасига жойлади. Унинг айтишича, икки йил аввал Сурияга отланишидан олдин ўғлини Россияда қолдирган.

Унинг ҳозирги оилавий аҳволи номаълум. Жангари Сурияда хотини йўқлигини, аммо ВКонтакте ижтимоий тармоғида ўзини Муслима Абдуллаева деб атовчи қиз билан ишқий муносабатда эканлигини айтади.

Аммо “Муслима Абдуллаева” ҳақиқий шахсми ёки Абу Рофиқ томонидан ўйлаб топилган исмларидан бирими - буниси номаълум.

“Сурияга ёрдам”

Verdens Gang газетасига берган интервьюсида Абу Рофиқ Сурияга мамлакат халқини президент Башар Ал-Ассад ҳукуматидан “ҳимоя этиш ва озод қилиш” мақсадида келганини айтди.

Абу Рофиқ ўзининг ВКонтактедаги ҳисобларидан бирида Verdens Gang газетасига рус тилида ёзди. Жангарига кўра, ғарбнинг “ёлғончи матбуоти” “Жабҳатан-Нусра”ни нотўғри тушунган.

“Бу матбуотга ишонманг”, деб ёзди Абу Рофиқ. Жангари Ан-Нусра “бизга қарши курашмаётган насронийларни, яҳудийларни ва бошқа мусулмон бўлмаган гуруҳларни ўлдириш мақсадида эмас”лигини қўшимча қилди.

“Бизнинг мақсадимиз мусулмон ерларини золимлардан, мусулмонларга ёт бўлган ва исломга қарши бўлган истилочилардан ҳамда уларнинг тузумларидан озод қилишдир. Яна бир мақсадимиз ҳақиқий исломий давлат қуришдир”, деди Абу Рофиқ.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG