Линклар

logo-print

Москванинг Мешчанск туман суди Россия ҳудудида тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” партиясига алоқадорликда гумонланмиш 20 нафар тожикистонликни ҳибсга олишга санкция берди.

Туман суди вакилига кўра, суд қўлга олинганларга нисбатан ҳибсда сақлаш шаклидаги эҳтиёт чорасини белгилаган.

Гумонланувчиларнинг барчаси ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқдалар ва қўлга олиниш сабабидан бехабарлигини айтмоқдалар.

Мазкур иш бўйича тергов учун 12 декабргача муҳлат берилган.

Очиқланган материалларга кўра, 12 октябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Москва шаҳри ва вилояти бўйича бошқармаси тергов хизмати тожикистонлик қатор шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодекси 205.5-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғаган. Бу модда Россия қонунчилигига мувофиқ террорчи ўлароқ эътироф этилган ташкилот фаолиятини ташкил этганлик учун жазони кўзда тутади.

Россия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, полиция Москва вилоятида “Ҳизб ут-Таҳрир” партияси аъзоларининг йирик гуруҳи фаолиятига чек қўйган, бўлимларга 97 киши олиб келинган, улардан 20 нафари ҳибс этилган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг 22 нафар мансуби қўлга олинганини маълум қилган.

Россиянинг айрим нашрлари қўлга олинганларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари экани ҳақида хабар тарқатганлар. РЕН ТВ телеканали манбаларига кўра, ҳизбчиликда гумонланиб ҳибс этилганлардан 20 нафари тожикистонликлардир.

Россия ИИВ иддаосига кўра, бу экстремистик ҳамжамият вакиллари Ислом динига эътиқод қилувчилар орасидан янги мухлислар орттириш, тақиқланган диний адабиёт тарқатиш билан шуғулланганлар, пул йиққанлар, шу жумладан қуролли гуруҳлар жангариларига молиявий ёрдам кўрсатиш учун ҳам.

Россия куч ишлатар тузилмалари бу иш доирасида 25 та тинтув ўтказилгани, тинтув чоғида экстремистик мазмундаги китоблар, алоқа воситалари ҳамда террор ташкилоти ишига оид ҳисоботлар ёзилган электрон ахборот ташувчи воситалар мусодара қилинганини билдирмоқда.

“Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий” партияси Россияда ва постсовет ўлкаларининг бир нечтасида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам суд қарори билан экстремистик ташкилот, деб тан олинган.

XS
SM
MD
LG