Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:52

Ўзбекистонлик Новосибирскда уч яшар болани ўлдирганликда айбланмоқда


 Иллюстрация. Лавҳадаги воқеага алоқаси йўқ.
Иллюстрация. Лавҳадаги воқеага алоқаси йўқ.

Новосибирскда уч яшар болани уриб ўлдирганликда ва яна икки болага тан жароҳати етказганликда айбланаётган ўзбекистонлик иши судга оширилди.

Терговчилар 30 яшар айбланувчи Бахтиёр Акрамовнинг умрбод қамалиши мумкинлигини гапирмоқда.

Новосибирск вилоят прокуратураси Бахтиёр Акрамов устидан айблов хулосасини тасдиқлади.

Новосибирск область Тергов қўмитаси ходимаси Анастасия Кулешова Озодликка бундай деди:

- У (Бахтиёр Акрамов) яқинда Россия фуқаролигини олган, аммо келиб чиқиши Ўзбекистондан. У Ўзбекистон фуқароси бўлган бир аёл билан яшаб келган. Бу аёлнинг олдинги турмушидан учта боласи бўлган. Бахтиёр Акрамов Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг қатор моддалари, жумладан қотиллик ва болаларни калтаклаш юзасидан жавобгарликка тортилди, деди Анастасия Кулешова.

Терговчига кўра, жорий йил мартида, эрталаб 7-ларда Акрамов маст ҳолатда Новосибирск шаҳри Октябрский туманида у билан бирга яшовчи ўзбекистонлик аёлнинг квартирасига келади.

Квартирада 5 ва 1,5 ёшдаги икки қиз ва 3 ёшли ўғил бола ҳам бўлган. Хонада ухлаб ётган болаларни кўрган Бахтиёр уларни “тарбиялашга” ўтади ва ҳаммасини уйқудан турғизиб, “физзарядка” қилдиришга уринади. Девор олдига турғизиб қўйилган болалар айбланувчининг аҳволидан қўрқиб, йиғлашга тушади.

Болалар йиғиси маст Акрамовни жазавага келтиради ва у онанинг кўз олдида болаларни савалашни бошлайди.

Суд-тиббий экспертизаси у қизларнинг бошига бир неча маротаба мушт билан урганини, овози баландроқ бўлган ўғил бола (Руслан) нинг бошига камида 11 марта зарба берганини аниқлаган. Болалар дод-войидан баттарроқ ғазабга келган Бахтиёр ўғил болани оёғидан кўтариб камида уч марта деворга уради.

Анастасия Кулешованинг Озодликка билдиришича, болаларнинг онаси томонидан чақиртирилган полиция келгунига қадар кайфи тарқаб қолган Бахтиёр Акрамов ҳодиса жойидан қочган. Бироқ тез орада у ҳибс этилди.

Ўзбекистонлик бу шахс ўз айбига иқрор бўлмади ва тергов якунига қадар ўзининг бу ҳодисага алоқаси йўқлигини гапириб келди.

Шифохонага олиб кетилган уч яшар Руслан эса бир неча кундан кейин реанимация хонасида вафот этди.

Новосибирск прокуратураси боланинг ўлими оқибатида турли назорат идоралари вакилларининг 8 нафари "қаттиқ маъмурий жавобгарликка тортилгани"ни маълум қилди.

Боланинг ўлими ва иккита қизчанинг танасида аниқланган жароҳатлар асосида Тергов қўмитаси Бахтиёр Акрамовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105- моддаси 2- қисми (ўта шафқатсизлик билан бола ўлдириш) ва 116- моддаси 1- қисми (калтаклаш) асосида жиноят иши қўзғатди ва ҳозирда тергов якунига етгани айтилди.

Терговчилар илгари судланмаган Акрамовнинг айби судда ўз исботини топса, Россия қонунчилигига биноан, умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG