Линклар

logo-print

Талаба ва ўқувчилар пахтадан қайта бошлади, навбат ободонлаштириш ишларига


Сентябрнинг бошида далага ҳайдалиб, қарийб қирқ кун давомида пахта теришга мажбурланган олийгоҳ талабалари, коллеж-лицей ўқувчилари ва бюджет ташкилотларининг ишчи-хизматчилари уйларига қайта бошлади. Айрим ўқув юртларида 21 октябрдан ўқиш жараёни бошланди. Пахтадан қайтарилган баъзи ташкилотлар ходимлари эса ободонлаштириш ишларига жалб қилинмоқда.

Қор ёққач, ҳашарчиларга рухсат берилди

Мамлакат бўйича биринчи бўлиб Самарқанддаги олийгоҳ ва коллежларга пахтадан қайтишга рухсат берилди. Изн 18 октябрь куни вилоятда қор ёққани билан изоҳланди. Ўша кундан бошлаб вилоятнинг турли қишлоқларида пахта тераётган талаба ва ўқувчилар даладан қайтарила бошланди.

Самарқанд давлат университетининг 3-курсида ўқийдиган талабанинг айтишича, улар 18 октябрь куни пахтадан қайтиб келишган:

“Бизнинг университет талабалари 18 октябрь куни пахтадан қайтиб келдик. Кейин ўша куни тиббиёт институти, архитектура- қурилиш институти талабалари ҳам қайтарилди. Сўнгги тўрт кун ичида Самарқанддаги бошқа барча олийгоҳларнинг талабалари даладан олиб келинди. Коллеж ва лицейларнинг ўқувчилари ҳам пахтадан қайтарилди. Билишимча, далада умуман талаба ва ўқувчилар қолмади, ҳаммаси қайтарилди”, деди исмини очиқламаётганимиз талаба йигит.

19 октябрдан бошлаб эса, Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларидаги олий ўқув юртлари, коллеж-лицейларга пахтадан қайтишга рухсат берилди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари ҳам 20 октябрдан бошлаб уйларига қайта бошлади.

Сурхондарёда ҳам ҳашарчилар даладан қайтарилгани ҳақида хабар қилди термизлик манба:

“Термиз туманида пахта ниҳоясига етди. Ҳамма студентлар, ишчилар пахтадан қайтишди ва ҳаммага дам беришди. Фермерларга пахтанинг поясини йиғиб олишга рухсат беришди. Ҳозир ҳамма ғўзапояни йиғиш билан банд”, дейди термизлик манба.

Жиззах: Ишчи-хизматчилар учун ҳали пахта тугамади

Пахта жараёнини мониторинг қилаётган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг Озодликка айтишича, Жиззах вилоятидаги талаба ва ўқувчиларнинг барчаси пахтадан қайтарилган, лекин ишчи-хизматчилар ҳануз далада:

- Коллеж ўқувчилари ҳақиқатдан пахтадан қайтган. Институтлар талабалари ҳам қайтарилди. Бюджет ташкилотларидан, масалан, медиклар қайтарилди. Кеча ёмғирда кўп ҳашарчилар қайтди. 20 октябрдан бошлаб оммавий равишда ҳамма ҳашарчилар пахтадан қайтарилади дейилган эди. Лекин бюджет ташкилотлар 100 фоиз пахтадан қайтарилмади. Улар ҳали ҳам пахта даласида,- деди Ўктам Пардаев.

Айрим вилоятларда ётоғи билан далага ҳайдалган бюджет ташкилотлари ходимлари уйларига қайтарилган бўлсада, уларни кунлик теримга жалб қилиш давом эттирилаяпти.

“Самарқандда ташкилотлар ишчилари ҳам қайтарилди. Лекин уларни кунликка пахтага олиб кетаяпти. Ҳар ташкилотдан 10-15 одамни автобусда эрталаб далага олиб кетиб, кечқурин қайтариб олиб келаяпти. Кейин шанба-якшанба албатта пахтага чиқасизлар, деб айтишган”, дейди самарқандлик манба.

Маҳаллий ҳокимликлардан олинган маълумотга кўра, пахта терими 5 ноябргача давом этиши ҳақида Тошкент расмийларидан оғзаки буйруқ олинган.

Талабалар учун ўқиш, ишчилар учун ободонлаштириш ишлари бошланди

Жойлардан олинган хабарларга кўра, айрим вилоятларда 21 октябрдан бошлаб институт ва коллеж-лицейларда ўқиш бошланган:

“Пахтадан қайтгач, талаба ва ўқувчиларга икки кунлик дам олиш берилди. 18 октябрда пахтадан қайтганларга бугундан ўқиш бошланди. 19 октябрда қайтганлар эса эртадан ўқишга боради”, дейди бухоролик талаба қиз.

Айни пайтда айрим вилоятлар, жумладан, Самарқандда пахтадан қайтарилган ишчилар энди ободонлаштириш ишларига жалб қилина бошланди.

“Самарқанд шаҳар кўп тармоқли поликлиникасининг 50 нафар ходими 21 октябрь куни эрталабдан Регистон майдони атрофида жойлашган кўчалар ва “Шерлар” майдонидаги кўчаларни тозалаш, дарахтларни оҳаклашга чиқарилди. Лекин ҳеч ким оқ халатда чиқмаслиги қаттиқ тайинланди”, дея хабар йўллади поликлиника ходимларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Бош вазир: Режа муддатидан аввал бажарилди

14 октябрь куни Бош вазир Шавкат Мирзиëев¸ 2015 йилги пахта режаси об-ҳавонинг яхши келгани туфайли муддатидан олдин бажарилгани ҳақида ҳисоб берди. Унга кўра¸ бу йил ҳам мамлакатда 1 миллион тоннага яқин пахта толаси олинган.

Мирзиëев шунингдек жорий терим мавсумида терилган ўзбек пахтасининг 98 фоизи олий ва биринчи навли эканини билдирди.

Айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ шунингдек ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон ҳукумати пахта режасини бу йил ҳам мамлакатда мисли кўрилмаган мажбурий меҳнат ва фермерларни жазолаш орқали бажарганини таъкидламоқда.

Совет даврида Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг 70 фоизгача бўлган қисми машиналар ёрдамида териб олинган. Пахта мавсумида далаларда 50 мингтагача машина ишлаган. Ҳозир эса пахтанинг 90 фоизи қўлда териб олинади.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши боис дунёнинг Target, Walmart, C&A, Marks&Spencer, IKEA, H&M, Tesco дохил етакчи ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча, ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилган 150 чоғли ширкатнинг бозордаги умумий қиймати эса 1 триллион АҚШ долларидан ошади.

XS
SM
MD
LG