Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

Тошкент вилоятида "маски-шоу" ортидан тадбиркор ва фермерларга жиноят иши очилди


Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтган шанба куни прокуратура томонидан ўтказилган рейд натижасида хусусий фирма ва камида учта фермер хўжалиги вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Озодлик манбаларининг билдиришича, Қўшқўрғон қишлоғи ҳудудида жойлашган “Хўжаобод” номли бильярдхонага қора ниқобли гуруҳ бостириб кирган ва бир неча кишини олиб кетган. Манбалардан бири рейд ўтказилишига бильярдхонада наркотик моддалари сотилгани сабаб бўлганини айтади. Лекин ҳуқуқ-тартибот идоралари бильярдхона эгалари ва фермер хўжаликлари масъул шахслари савдо қоидаларини бузганлик айби билан жиноий жавобгарликка тортилганини билдирди.


Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 17 октябрь куни қора ниқобли гуруҳ иштирокида йирик амалиёт ўтказилгани ҳақида Озодликнинг Қўшқўрғон қишлоғидаги манбаси хабар қилди.

“Бўстонлиқ туманида жойлашган “Хўжаобод” бильярдхонаси ОМОНчилар томонидан босилди. Бу барда наркотиклар сотилган, кайф-сафо қилинган. Бильярдхона эгалари ниқоб кийган ОМОНчилардан аранг қочиб қутулишди. Барнинг ҳамма жиҳозлари мусодара қилинди”, дея билдирди манба.

Унинг иддао қилишича, Қўшқўрғон қишлоғи ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш маскани ва бильярдхонада наркотиклар савдоси билан шуғулланиб келинган.

Лекин Озодликнинг Бўстонлиқ туманидаги бошқа манбаси “Хўжаобод” бильярдхонасининг наркотиклар савдосига алоқаси бўлганига доир иддаоларни тасдиқлай олмаслигини билдирди. Бу манбага кўра, “Саида Садаф Бону” хусусий фирмасига қарашли бильярдхонада ўтказилган рейд пайтида у ердаги мижозлардан айримлари олиб кетилган. Улар орасида бўстонлиқлик маҳаллий фермерлар бўлган, дейди у.

Бўстонлиқ тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси 17 октябрь куни Қўшқўрғон қишлоғида рейд ўтказилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, махсус операция Тошкент вилоятининг солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти санкцияси асосида ўтказилган. Рейд натижасида битта хусусий фирма ва учта фермер хўжалигига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлаган манба, бошқа тафсилотларни очиқлай олмаслигини билдирди.

“Рейд ўтказишга прокуратура (солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадни легаллаштиришга қарши курашиш) департаменти санкция берган. Рейд натижасида “Хўжаобод” маиший хизмат кўрсатиш шохобчасида савдо қоидалари бузилгани бўйича жиноят иши очилди. Бу шохобча бильярдхона, пиво бари ва ошхонадан иборат. Жиноят ишида бильярдхонага эгалик қиладиган “Саида Садаф Бону” МЧЖ ва яна учта маҳаллий фермер хўжалигии масъул ходимлари фигурант сифатида ўтмоқда. Булар “Қўшқўрғон Агро Плюс”, “Салимхўжа Омад” ва “Баракат М” фермер хўжаликлари мансабдор шахсларидир”, дея билдирди Озодлик манбаси.

Рейд пайтида неча киши ҳибсга олинганини очиқлай олмаслигини билдирган Озодлик манбаси “Хўжаобод” биллиардхонасида гиёҳванд моддалар сотилгани тўғрисидаги иддаоларни изоҳлашдан бош тортди.

“Бир нарсани айтишим мумкин, вилоят прокуратураси департаменти “Саида Садаф Бону” МЧЖсига қарашли маиший хизмат кўрсатиш шохобчасида сертификатсиз бўлган турдаги товар-моддий бойликларни сотиб, савдо-сотиқ қонун-қоидасини бузганлик бўйича жиноят иши қўзғатган”, дея таъкидлади Бўстонлиқ тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда қора ниқобли махсус гуруҳларнинг хусусий бизнесга тегишли корхона ва шохобчалар, бозор ва дўконларга рейдлар уюштириши сўнгги уч йил ичида кузатила бошлади.

Халқ орасида “маски-шоу” номи билан танилган рейдлар давомида мол-мулклари мусодара қилинган тадбиркорлар ўз ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилиб келишади. Кўпинча рейдлар пайтида тадбиркорларнигн моллари қонуний асоссиз олиб қўйилиши, рўйхатга туширлмаслиги, ёки тегишли жарима тўлангандан кейин ҳам қайтариб берилмаслиги айтилади.

XS
SM
MD
LG