Линклар

logo-print

Ғарб Теҳронни БМТ резолюциясини бузганликда айблади


АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр.

АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Германия Эроннинг қанотли ракеталарни синовдан ўтказганига оид фактларни ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш илтимоси билан чоршанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилди.

Ғарб давлатлари тахминича, бу синов Теҳронга қарши жорий этилмиш халқаро санкциялар режимини бузган ҳолда амалга оширилган бўлиши мумкин.

“10 октябрь куни отилган ўрта олисликдаги ракета ядро каллагини етказишга қодир”, дея билдирди БМТ Хавфсизлик Кенгаши қошидаги санкциялар бўйича қўмита таркибига кирувчи АҚШ делегацияси раҳбари Саманта Пауэр. АҚШ мулозимига кўра, ракетанинг учирилиши “провокацион” характерга эга бўлган ва минтақадаги барқарорликка путур етказиш мақсадини кўзда тутган.

“Биз Санкциялар бўйича қўмитадан БМТ экспертлари кўмагида бу масалани ўрганиб чиқишни ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқишни сўраймиз”, деди Пауэр.

Эронга қанотли ракеталар технологиялари билан боғлиқ ишланмаларни амалга оширишни тақиқловчи резолюция 2010 йилда қабул қилинган ҳамда у Теҳрон билан БМТ Хавфсизлик кенгаши беш доимий аъзоси ва Германия ўртасида бир неча ой муқаддам тузилган ядровий битим тўла бажарилмагунича бир неча йил давомида амалда бўлади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларидан Россия ва Хитой ракеталарга оид ишланмалар учун Эронга қарши киритилмиш санкцияларни дастакламайди, шу важдан сўнгги ракета синови учун унга нисбатан янги жазо чоралари қўлланилиш эҳтимоли кам.

Эрон томонидан амалга оширилмиш ракета синовини қоралаган Қўшма Штатлар айни пайтда Теҳроннинг ракета технологияларига оид резолюцияни бузиши билан ядровий битимни бир-бирига боғламаётганини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG