Линклар

logo-print

Мирзиëевнинг "Ойболта"си: Режани бажара олмаган жиззахлик фермерлар мол-мулки мусодара қилинмоқда


Қарздор фермерларнинг нима сабабдан пахта режасини бажаролмагани ҳақидаги гапларини ҳеч ким эшитмаяпти.

Қарздор фермерларнинг нима сабабдан пахта режасини бажаролмагани ҳақидаги гапларини ҳеч ким эшитмаяпти.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ташкил этилган “Ойболта” гуруҳлари туманларда қарздор фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилишни давом эттирмоқда. Озодлик манбаларига кўра, шу кунларда Жиззах вилоятининг Арнасой туманида қарийб ўн кишидан иборат гуруҳ уйма-уй юриб, қарздор фермерларнинг чорвасидан тортиб товуғигача олиб кетяпти.

Жиззах вилоятида таъминотчи корхоналар ва тижорат банкларидан қарзини тўлолмаётган фермерларнинг мол-мулки мусодара қилишга киришилди.

Арнасой туман суд-ижро департаменти, хўжалик суди, прокуратура, ҳокимият, солиқ, молия, тижорат банклари ва милиция ходимларидан иборат “Ойболта” гуруҳи қарзини узолмаётган фермерларнинг уйига бориб, бисотида қолган мол-мулкини тортиб олмоқда.

Маҳаллий ҳокимият тизимида ишлайдиган Озодлик манбаси “Ойболта” гуруҳи Бош вазир фармонини бажариш учун қарздор фермерлар уйининг пардасигача юлиб олаëтганини айтади:

"Менинг бир танишим ана шу гуруҳ таркибида бор. Унинг айтишича, “Қозоғистон”, “Самарқанд”, “Чинобод”, “Янгибўстон”, “Хоразм” совхозларидаги қарздор фермерларнинг мол-мулки мусодара қилинаяпти. Улар ҳар бир фермернинг хонадонидан гилам, мебель, мол, қўй, эчки, ҳаттоки товуғигача олиб кетишаяпти. Баъзи уйлардан пардалар ҳам юлиб олинган. Норозилик билдирганларнинг овози шу гуруҳ таркибида бўлган милиция томонидан ўчирилаяпти”, дейди ўз шахси сир қолишини сўраган маҳаллий мулозим.

Исми сир қолишини сўраган арнасойлик фермерлардан бирининг айтишича, тумандаги 450 фермердан фақат 50 таси бу йилги пахта ва буғдой режасини бажарган, холос:

“Ҳозир 298 та фермер энг катта қарздорлар рўйхатида. Уларнинг таъминотчи корхоналардан, банклардан қарзи 100-200 миллион сўмдан ошиб кетган. Лекин бу қарз қаердан пайдо бўлгани билан ҳеч ким қизиқмайди. Масалан, фермерлар нефтебаза ва химия ташкилотларидан олган маҳсулотларини акт-сверка, яъни солиштирайлик деса, ҳеч ким қабул қилмаяпти. Қарзинг мана шунча, тўлайсан тамом, дейишаяпти”, дейди фермер.

Арнасойлик бошқа бир фермерга кўра, икки-уч йилдан буён сув таъминоти ёмон бўлгани фермерларнинг ҳукумат белгилаган режани бажара олмаëтганининг асосий сабабларидан биридир:

“Қарз сабабсиз пайдо бўлмайди. Гектарига 200 минг сўмдан ёнимиздан тўлаб пахтани чопиқ қилдирамиз. Нақд пул йўқ, пахта харажатлари учун мол-ҳолимизни сотамиз. Мана бу йил пахта айни шоналаб гулга кираётган пайтда сув бўлмади, ҳосилнинг ярми нобуд бўлди. Суратларга олиб қўйганмиз. Комиссиялар келиб ўз кўзи билан кўриб кетган. Сув бермаса қаердан ҳосил бўлсин? Баҳордаги қаттиқ совуқ буғдойларимизни уриб кетди, буни ким тўлайди? Ҳокимият эса бу сабабларни эшитишни ҳам истамайди. Энди эса “Ойболта”сини олиб келиб сўнгги нонимизгача тортиб олаяпти”, дейди фермер.

Бу суҳбатдош айни пайтда Мирзиëевнинг “Ойболта”си ҳокимиятга яқин бўлган фермерларни четлаб ўтаëтганини қўшимча қилади:

“Арнасой тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошқармаси бошлиғига ва ҳокимга яқин фермерларнинг қарзлари бўлса ҳам, ҳеч ким уларга индамайди. Калтак оддий фермерларнинг бошига келиб синаяпти. Масалан, Оязимхон Хидирова деган мард фермер аёл бор. Унинг ҳам ерини ҳоким тортиб олди. Уйингни сотиб ертўлада яшайсанми, бошқа фермерга қул бўлиб ишлайсанми, қарзингни тўлайсан, бўлмаса турмада чиритиб юбораман, деган дағдағалар бўлаяпти”, дейди фермер.

Арнасой туман ҳокимлигининг Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Мунаввар Собиров Озодлик билан суҳбатда, қарзи кўп фермерларнинг мол-мулки мусодарага тушганини тасдиқлади:

“Энг биринчи банк кредитини қопла¸ деяпти. Тўлолмаганларнинг мол-мулки шунақа (мусодара) қилинаяпти”, деди мулозим.

Озодликка ўз манбаларидан етиб келган маълумотга кўра¸ Бош вазири Шавкат Мирзиёев 12 октябрь кечқурун селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимларини фаолликка чақирган эди.

“Ойболта” тадбирида пахта режасини бажармаган ёки давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд-ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси мусодара қилиниши назарда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG