Линклар

Рус учоқлари зарбасидан Суриядаги касалхонада 13 киши нобуд бўлди


Сурия шимолий-ғарбида рус ҳарбий учоқлари дала госпиталига қарата берган ҳаво зарбаси оқибатида шифокорлар дохил 13 одам нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Сармин шаҳрига ҳаводан зарба берилгани ҳақида баёнот берган, бироқ баёнотда госпиталь ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув гуруҳи фаолларининг Франс-пресс агентлигига маълум қилишларича, ҳодиса сешанба куни Идлиб вилоятининг Сармин шаҳрида содир бўлган.

Ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар орасида касалхона шифокорлари ва ҳамширалари ва тинч аҳоли вакиллари бор.

Госпиталга Сурия-Америка тиббий жамияти бошчилик қилади.

Шифохона ходимлари ҳаво ҳужумларини тасдиқладилар, бироқ бунинг Россия учоқлари амалга оширган-оширмагани ҳақида аниқ бир гап айтолмадилар.

Сурия-Америка тиббий жамияти 19 октябрь куни Ҳалаб шаҳри жанубидаги иккита касалхона рус ҳарбий учоқлари зарбасига учрагани, буни оқибатида касалхоналардан беморлар эвакуация қилинганини билдирди.

Жамият айни пайтда рус ҳарбийларидан касалхоналарни нишонга олишни бас қилишни талаб этмоқда.

Чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Сармин шаҳрига ҳаводан зарба берилгани ҳақида баёнот берган, бироқ баёнотда госпиталь ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Сурия расмий агентликлари эса рус ҳарбий учоқларидан берилган зарбалар оқибатида террорчилар истеҳкомлари тор-мор этилгани ҳақда хабар қилди.

Россия Башар Ассад режимига мухолиф бўлган исёнчилар истеҳкомларига зарба бергани учун тез-тез танқид қилиб турилади.

Суриялик ҳуқуқ фаолларининг сешанба куни тарқатган маълумотига кўра, Россия авиацияси рейдлари натижасида ҳалок бўлган 370 кишининг 127 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Ғарблик таҳлилчилар Россия ҳарбийлари "Исломий Давлат" эмас, Башар Ассад мухолифларига қарши зарбалар бераётгани ва ўз ҳарбий иштироки воситасида Сурия режимини қувватлаш ниятида эканини айтишади.

Башар Асад Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбалари бошланганидан уч ҳафта ўтиб, сешанба куни Москвага кутилмаган ишчи ташрифи билан борди.

Москвада у Россия раҳбариятига Сурияга ҳарбий мадади учун миннатдорчилик билдирган.

XS
SM
MD
LG