Линклар

Ўзбекистон ва Япония қатор ҳужжатларни имзолашни режаламоқда


Япония бош вазири Шинзо Абэ.

Япония бош вазири Шинзо Абэ.

24 октябрь куни Ўзбекистонга президент Ислом Каримов таклифига биноан Япония бош вазири Шинзо Абэ келиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалаларни, минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

“Ташриф якунлари бўйича томонларнинг Қўшма баёноти қабул қилиниши, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа кўплаб ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган”, деб ёзади uza.uz.

Япония бош вазирининг Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга ташрифи арафасида Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Шинзо Абэга мурожаат қилиб, ундан минтақа раҳбарлари билан учрашувларда инсон ҳуқуқларининг аянчли вазиятини ҳам муҳокама қилишга чақирган.

Ҳуқуқ фаоллари мурожаатида Япония бош вазиридан фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ фаолларини сиëсий асосда тазйиқ қилишни тўхтатиш, ноҳукумат ташкилотлари ва мустақил журналистлар фаолиятига эркинлик бериш, одамларнинг йиғилишлар ўтказиш ҳаққидан фойдаланишини таъминлаш, ҳибс ва қамоқхоналарда қийноқ қўллаëтганларни жазога тортиш каби масалаларни кўтариш сўралган.

Япониядаги элликка яқин йирик ширкат вакиллари ҳамроҳлигида Марказий Осиëга сафар бошлаган Шинзо Абенинг минтақа ҳукуматлари билан асосан бизнес-ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Япония Бош вазири етакчилигидаги делегация Ўзбекистонда 26 октябргача бўлади.

XS
SM
MD
LG