Линклар

Матбуот шарҳи: Эрига қарши киллер ёллаган боғча мудираси, “ўлиб тирилган” Алишер Узоқов


Қамчиқ довони йўл қурилишида миллионлаб маблағ ўмарилгани фош этилди. Тошкентда “наушник” эшитиб кетаётган қизни трамвай босиб кетди. Актёр Алишер Узоқовнинг ўлгани ҳақидаги хабар асоссиз. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Фарғонада 5000 доллар эвазига эрини ўлдиртирган боғча мудираси узоқ муддатга қамалди

Фарғона вилояти Риштон туманида 5000 доллар пул ваъда қилиб, ўз эрини ўлдиртирган боғча мудираси қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 22 октябрь). Исми ошкор этилмаган боғча мудираси эри билан келишолмай қолган. Гап шундаки, Қозоғистон ва Россияда устачилик қилган эр уйига қайтгач, боғча мудираси бўлган хотинини “машинада бегона эркаклар билан юргани учун” калтаклаган. Калтаклаш бир неча марта такрорлангач, аёл ўз куёвига эрини ўлдирган одамга 5000 доллар беришга тайёр эканини айтган ва ундан ёлланма қотил топишни сўраган. Куёв эса қайнотасини ўзи болта билан ўлдирган. Қайнонасига эса бу ишни ёлланма қотил қилганини айтиб, 5000 долларни ундиришга ҳаракат қилган. Аммо бу орада жиноят фош этилиб, қайнона ва куёв узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Тергов жараёнида боғча мудираси бўлган аёл қотилликдан ташқари давлат маблағларини ўзлаштиргани ҳам аниқланган. Қотил куёв эса бунга қадар бир неча бор фирибгарлик содир этгани маълум бўлган.

Қамчиқ довони йўл қурилишида миллионлаб маблағ ўмарилгани фош этилди

Тошкент шаҳрини Фарғона водийси билан боғловчи Қамчиқ довонидаги йўл қурилишида жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирилгани фош этилди (“Даракчи”, 22 октябрь). Қайд этилишича, жиноий гуруҳ “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари Носиржон Жўраев ва унинг ходимлари ҳамда қурилиш билан шуғулланган фирма вакилларидан иборат бўлган. Ушбу жиноятга Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг номи ошкор этилмаган мансабдорлари ҳам аралашган. Хусусан, Қамчиқ довонидаги Эргашсой, Оҳангарон, Қамчиқсой, Резаксой кўприкларини қурилишида 200 миллион сўм, Ангрен шаҳридаги асфальт-бетон заводи қурилишида 205 миллион сўм, довонда қўриқлаш пунктлари, вольер қурилишида 45 миллион сўм ўзлаштирилган. Газетага кўра, жиноятчилар жиғилдонни тўлдириш учун яна бошқа янги-янги найрангларни ўйлаб топган. Қайд этилишича, жиноятчилар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган.

Ҳуррият: Давлат тилини бузганларни қатъий жазолаш лозим

“Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига риоя этмай, ўзбек тили қоидаларини бузаётган шахслар жазога тортилиши лозим (“Ҳуррият”, 21 октябрь). Газета илгари сурган таклифга кўра, давлат тилини бузгани учун оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёзувчи, таржимон, актёр, суҳандон, ишлаб чиқарувчи, реклама берувчилар, умуман, тил қоидаларига риоя этмаган барча шахслар жаримага тортилиши керак. Бунинг учун эса қонунга фуқаролар ва мансабдорларнинг масъулиятини оширувчи қўшимча бандлар киритилиши мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, газета бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун Давлат тили маркази ташкил этиш таклифини илгари суради.

Тошкентда “наушник” эшитиб кетаётган қизни трамвай босиб кетди

Тошкентда “наушник”да мусиқа тинглаб кетаётган қизни трамвай босиб кетди (“Инсон ва қонун”, 20 октябрь). Воқеа айнан қачон рўй бергани ва жабрдийда номи очиқланмаган, аммо газета мухбири Фарида Қорақулова ушбу фожиага ўзи гувоҳ бўлганини маълум қилган. Қайд этилишича, трамвай йўлини кесиб ўтмоқчи бўлган қиз қулоқчинда мусиқа тинглаб кетаётгани боис трамвайнинг огоҳлантирувчи қўнғироғини эшитмаган. Илкис йўлни кесиб ўтаётганда фожиа рўй берган. Муаллиф кўча-кўйда қулоқчин тақиб, тартиб-қоидаларни менсимай, ёшу қарини туртиб-суртиб кетаётган йигит-қизлар кўпаяётганини танқид қилган.

Сирдарёда 3 ёшли болани ўлдириб, Қозоғистонга қочиб кетган қотил 10 йилдан кейин ушланди

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида қотиллик ва босқинчилик жиноятини содир этиб, Қозоғистонга қочиб кетган жиззахлик Олимжон Тилагов орадан 10 йил ўтиб қўлга олинди (“Адолат кўзгуси”, 22 октябрь). О. Тилагов Янгиер шаҳрида яшовчи таниш аёлининг уйига бориб, уни болға билан урган, 3 ёшли боласини бўғиб ўлдирган. Аёл мўъжиза туфайли тирик қолган. Қайд этилишича, О. Тилагов одамхўрлик эвазига арзимас миқдорда бойликка эга бўлган. Кейин эса у қўшни давлатга қочиб кетган. Қозоғистонда ҳам босқинчилик содир этиб, 10 йилга қамалган. Жазо муддатини ўтаб Ўзбекистонга қайтгач, 10 йил аввалги қотиллиги учун маҳкамага тортилган. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди О. Тилаговни 20 йилга озодликдан маҳрум этган.

Почта жўнатмасидан миссионерлик мазмунидаги материаллар топилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари Ўзбекистонга почта орқали юборилган жўнатмалар орасидан миссионерлик мазмунидаги материалларни топди (“Тошкент оқшоми”, 20 октябрь). Исми ошкор этилмаган фуқарога юборилган почта жўнатмасидан “Откровения Бога людям” деб аталган 6 дона миссионерлик адабиёти топилган. Бошқа бир фуқарога йўлланган буюмлар орасида 30 га яқин диний мазмундаги китоб борлиги аниқланган. Божхона идораси хабарига кўра, Россиянинг Москва, Челябинск ва Оренбург шаҳарларида поездда келаётган Ўзбекистон фуқаролари уяли алоқа телефонидан мамлакатга олиб кириш тақиқланган диний аудио ва видеолар топилган.

Актёр Алишер Узоқовнинг ўлгани ҳақидаги хабар асоссиз

Ўтган ҳафта “ўзбекистонлик актёр Алишер Узоқов юрак хуружидан вафот этди” деган миш-миш тарқалди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, мазкур гап-сўздан телефонлар “портлаган”. Мазкур ҳафтада эса ушбу хабар асоссиз экани маълум бўлди. “Юрак хуружидан вафот этган актёр” дўсти, актёр Акбархўжа Расуловнинг тўйида кўриниш берган.

XS
SM
MD
LG