Линклар

Қирғизистон: Қочувдаги маҳбус билан отишма яна уч кишининг ҳаётига нуқта қўйди


22 октябрь оқшомида Бишкекнинг “Дўстуқ” мавзеида қочоқ маҳбус Алтинбек Итибаевни қўлга олиш бўйича махсус амалиёт чоғида милициянинг “Барс” махсус отряди ходими Тўлўбек Исмаилов ва тинч аҳоли вакилларидан икки киши нобуд бўлди.

Икки соатча давом этган махсус амалиёт пайтида милицияга автомат билан қаршилик кўрсатган Итибаевнинг ўзи ҳам ўлдирилган.

Алтинбек Итибаев 50-тергов ҳибсхонасидан қочган ва озодликда қолаётган маҳбусларнинг сўнггиси эди.

Маълумотларга кўра, Ўш шаҳрида туғилган ва муқаддам судланган Итибаев Қирғизистонда тақиқланган “Жайшул Маҳдий” гуруҳининг фаол аъзоси бўлган. У парламент депутати Санжар Қадиралиевнинг отилишига алоқадор бўлгани ва 2010 йил 30 ноябрида Бишкекдаги Спорт саройи олдида портлаш уюштиргани учун Свердлов туман суди қарори билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Кейинроқ Бишкек шаҳар суди эҳтиёт чорасини 21 йиллик қамоқ жазосига алмаштирган, сўнгра у бу муддатни ўтаётган қаттиқ режимли қамоқхонадан манзил колонияга кўчирилганди.

22 октябрь куни тушдан кейин Бишкек яқинидаги дала ҳовлилардан бирида қочоқ маҳбусларнинг яна бири - Эдиль Абдрахманов қўлга олинганди.

Ҳибсхонадан қочганлардан яна иккиси - Данияр Қадиралиев ва Азамат Мусуралиев аввалроқ ўтказилган махсус амалиётларда йўқ қилинган.

Итибаевни тутиш бўйича сўнгги амалиёт чоғида ҳалок бўлган милиция капитани Тўлўбек Исмаилов оиласи қирғиз расмийлари 3 хонали квартира ва 1 миллион сўм (тақрибан 14300 АҚШ доллари – таҳр.) ажратишга қарор қилганлар. Ички ишлар органларида 14 йилдан кўпроқ ишлаган 37 ёшли Исмаиловнинг ортида уч фарзанди қолгани айтилмоқда.

Пайшанба куни ўтказилмиш амалиёт чоғида Итибаев яширинган хонадонга қўшни квартирада яшаган 79 ёшли Батиш Қўйчуманова ва 56 ёшли Медет Какеев ҳам нобуд бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрга ўтар кечаси Чуй вилоятининг Қуйи Наврўз қишлоғида жойлашган 50-тергов ҳибсхонасидан 9 киши қочиб кетган. Улардан 5 нафари ўша тундаёқ ушланган, тўрт нафари эса қочишга муваффақ бўлганди.

Ҳибсхонадан қочганларнинг 7 нафари “Жайшул Маҳдий” гуруҳининг аъзоси сифатида террорчиликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

XS
SM
MD
LG