Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

Андижонда милиция амалдорини кабинетида қийноққа солишди


Капитан Адбурашид 29 ёшли Эргашевни аъзойи баданлари кўкариб, кабинетида стулига боғланган холда топишган
Капитан Адбурашид 29 ёшли Эргашевни аъзойи баданлари кўкариб, кабинетида стулига боғланган холда топишган

Андижон вилоятининг Бўз туманида номаълум шахслар туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи муовини Абдурашид Эргашевни ишхонасида хушидан кетгунича дўппослаган, танасининг баъзи қисмларини олов билан куйдиришган, кейин қўл оёғини стулига боғлаб, оғзига латта тиқиб кетишган. Хушига келган капитан Эргашев нима бўлганини эслолмаслигини айтмоқда. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмийлари бу юзадан тергов жараëни бораëтганини билдиришди.

Ўзбекистон хавфсизлик идораларидаги Озодлик манбасининг айтишича, воқеа 21 октябрь куни кечаси соат 10лар атрофида Андижон вилояти Бўз тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими биносида рўй берган.

Эртаси куни тонгда ҳамкасблари ишга келишганида капитан унвонидаги 29 ёшли Эргашевни аъзойи баданлари кўкариб, кабинетида стулига боғланган холда топишган.

"Кабинетида уриб, курсисига боғлаб, хонасини кулфлаб чиқиб кетишган. Ҳозир ўзига келган, лекин нима бўлганини эслолмаяпти ёки айтгиси келмаяпти. Бизга маълум бўлишича, улар тўрт киши бўлишган. Кимлар экани номаълум. Суриштирув кетяпти", деди Андижон вилояти хавфсизлик тизимидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмийлари ҳам шундай воқеа бўлгани, бу юзадан тергов жараëни бораëтганини тасдиқлашди.

- Бундай ҳолат ҳокимият одамига қўл кўтариш дейилади ва бунга жиддий чора кўрилади,- деди бошарма расмийси.

Андижоннинг Бўз тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биносида кузатув камераси ўрнатилмаган, бино атрофи темир панжара билан ўралмаган.

Абдурашид Эргашев бир йил олдин Бўз тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи муовини лавозимига тайинланган.

Унгача капитан Эргашев йўл-патруль хизмати катта инспектори сифатида ишлаб келган.

Қонунсиз жамият

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тўхтатилган ҳайдовчиларнинг йўл-патруль хизмати ходими билан тортишиши тез-тез учраб турса-да¸ милиция амалдорининг ўз иш кабинетида дўппосланиши камдан-кам учрайдиган ҳодисадир.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг таъкидича¸ Бўз туманидаги ҳодиса Ўзбекистондаги қонунсиз жамиятда милиция амалдорларининг жиноий доиралар ичига нақадар аралашиб қолганидан далолатдир.

- Бу оддий қароқчиларнинг иши эмас. Дўппосланган милиция амалдори ҳеч нарса демаяптими, демак бу ерда бир нарса бор. У "ҳеч нарса эсимда йўқ", деяпти, айтолмайди ҳам. Негаки, ўзига нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилиши мумкин. Ўзи айб аслида жабрланганнинг ўзида бўлиши мумкин, бир нарса бўлган бу ерда. Катта маблағ эвазига катта ваъдалар бериб, қилмаган бўлиши мумкин. Бунинг ҳаммаси ўзбек милициясининг уюшган жиноий гуруҳлар ичига қанчалар кириб кетганидан дарак беради,- дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Икромовга кўра, Бўздаги ҳолат бўйича ДАН амалдорини дўппослаганлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг ҳокимият вакилига қўл кўтариш, тан жароҳати етказиш, қароқчилик бандлари бўйича 9 йилдан 11 йилгача қамлишлари мумкин.

- Лекин, тергов қаергача боради, бунисини билмаймиз,- дейди Суръат Икромов.

Шу йилни август ойида икки фуқаронинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимини тортқилаб¸ уни Дамас русумидаги машинага тиқишга уриниши акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганди.

Озодлик суриштируви давомида¸ бу воқеанинг Қарши-Ғузор катта йўлида содир бўлгани ва ҳокимият ходимига қўл кўтаришда айбланаëтган фуқароларга нисбатан жиноий иш очилгани аниқланди.

XS
SM
MD
LG