Линклар

АҚШда Демократик партиядан президентликка номзод бўлиш учун курашаётган собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 22 октябрь куни АҚШ Конгрессида Ливиянинг Бенғози шаҳрида 2012 йилдаги АҚШ элчихонасига қилинган ҳужум бўйича комиссия эшитувларида 11 соат сўроқ қилинди. Уч йил аввал Бенғози шаҳрида Америка элчихонасига ҳужум уюштирилган, оқибатда тўрт нафар АҚШ фуқароси, шу жумладан, элчи Кристофер Стивенс ҳалок бўлган эди.

Клинтон хоним 11 соат давомида аксари республикачилардан иборат комиссия аъзоларининг ўта кескин саволларига жавоб беришига тўғри келди.

Эшитувларда Клинтон хоним Бенғозидаги ҳодиса учун жавобгар эканлигини айтди.

- Мен бунга жавобгар эканимни тан оламан. Давлат котиби лавозимидан кетишдан олдин йўл қўйилган хатодан хулоса ясаб, чет давлатларда ишлайдиган ходимларимиз хавфсизлигини янада кучлироқ ҳимоя қилиш ва келгусида бундай фожиалар бўлмаслиги учун ислоҳотларга қўл урдим, - дейди Клинтон.

2012 йил 11 сентябрида Ливиянинг Бенғози шаҳрида АҚШ элчихонасига ҳужум уюштирилган, оқибатда тўрт нафар АҚШ фуқароси, шу жумладан, АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлган эди.

Ўшанда Ҳиллари Клинтон АҚШ Давлат котиби лавозимида ишлаган.

Конгрессменларни эса ўша пайтда ҳужум арафасида элчи Стивенснинг ваколатхонада хавфсизликни кучайтириш бўйича сўровлари нега эътиборсиз қолдирилди, деган савол қизиқтирмоқда.

22 октябрь кунги эшитувларда комиссия аъзоларининг ўта кескин саволларига жавоб қайтарган Клинтон дипломатлар хавфсизлиги масаласи давлат департаментининг тегишли мутахассислари ихтиёрида бўлгани, қолаверса Ливиядек мамлакатларда бундай ҳужумларнинг барчасини ҳам олдиндан қайтариш мумкин эмаслиги, дипломатлар иши эса муайян хавфларга эгалигини таъкидлади.

-Тажирбали элчилардан сўрасангиз улар бункерларда ўтириб ишлаб бўлмаслигини айтишади, - деди Клинтон.

Демократик партиядан президентликка номзодлик учун курашаётган Клинтон ўз навбатида сиёсий рақибларини Бенғозидаги ҳужумдан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётганликда айблади.

Демократик партия тарафдорлари эса Бенғози бўйича эшитувлари атайлаб Клинтоннинг сайловолди тадбирларига футур етказиш учун ўтказиляпти, деган фикрларни айтишмоқда.

Республикачилар бу иддаоларни рад этмоқда.

– Бу ерда ҳеч қанақа сиёсат йўқ, мақсадимиз Бенғози бўйича ҳақиқатни қарор топтириш, - деди республикачилар партиясидан комиссияга сайланган Марта Роби.

Айни пайтда Ҳиллари Клинтон АҚШда президентликка номозодлик учун кураш олиб бораётган демократик партия вакиллари орасида етакчилик қилмоқда.

Клинтоннинг пайшанба кунги эшитувлардаги чиқишидан эса кўпчилик демократлар қониқиш хосил қилган.

Улар Клинтоннинг чиқиши унинг обрўсини янада мустаҳкамлади, демоқда.

XS
SM
MD
LG