Линклар

Истанбулда полиция “ИШИД қароргоҳини эмас, мадрасани босган”


Ўзбек ва тожик муҳожирлари фарзанлари таълим олган ўқув маркази

Ўзбек ва тожик муҳожирлари фарзанлари таълим олган ўқув маркази

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 18 октябрда полиция "ИШИД қароргоҳини эмас, балки мадрасани босган".

Бу ҳақда Озодликка “Ўзбеклар Бирлиги” жамиятининг бошлиғи Адам Чевик маълум қилди.

Озодлик Туркияда нашр этилувчи Vatan газетасидаги мақолага иқтибосан Истанбулнинг Пендик минтақасида ўтказилган рейдда Ўзбекистон ва Тожикистондан балоғатга етмаган ўнлаб бола “Исломий давлат” жангарилигига тайёрланган марказ фош этилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Истанбул полицияси террорга қарши кураш бўлими томонидан амалга оширилган рейд давомида Пендик минтақасидаги учта манзилда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган жами 53 одам қўлга олинган.

Қўлга олинганларнинг 29 нафари катта ёшдагилар ва 24 нафари ўсмирлар бўлган.

Турк полицияси дастлаб мазкур марказда тайёргарликдан ўтганлар Сурия ва Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи сафларига қўшилиши керак бўлганини билдирганди.

Қўлга олинганларнинг балоғатга етганлари Истанбул полициясининг аксилтеррорчилик бўлими ҳибсхонасига олиб кетилган.

18 ёшгача бўлган 24 нафар ўсмир ҳам полициянинг балоғатга етмаганлар ишлари бўйича бўлимида сўроқ қилиниб, қўйиб юборилган.

“Тушунмовчилик”

“Ўзбеклар Бирлиги” жамиятининг бошлиғи Адам Чевик Чевик ИШИД қароргоҳи иддаоси билан рейд нишонига айланган Пендикдаги манзил амалда Ўзбекистон ва Тожикистонлик муҳожирларнинг фарзандларига Қуръон ва Исломий таълим берган таълим маркази бўлганини айтди.

Унинг илова қилишича, полиция томонидан қўлга олинган барча муҳожирлар шахслари аниқлангач, қўйиб юборилган.

Барча муҳожирлар ўша куннинг ўзидаёқ қўйиб юборилди. Уларнинг ҳеч қандай қуролли гуруҳга алоқаси бўлмагани аниқланди,” деди Адам Чевик.

Шу билан бирга у озод этилган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан 15 нафари Туркияда яшаш изнини берувчи ҳужжатга эга бўлмаганини эътироф этди.

Туркияда истиқомат қилувчи ўзбек диаспораси вакили Намоз Нормўъминга кўра, Туркия полицияси ўзбек фаоллари билан суҳбатда ўзбек ва тожик муҳожирлари "тушунмовчилик" туфайли қўлга олинганини айтган.

Истанбулдаги полиция рейдлари юздан зиёд одам ўлимига сабаб бўлган 10 октябрь кунги Туркия пойтахти Анқарада содир этилган террор ҳужумлари ортидан ўтказилганди.

Намоз Нормўъминнинг ишонишича, Истанбулдаги рейдлар Анқарадаги портлашлар ортидан мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли рейдларга боғлиқ бўлиши мумкин.

"Туркия бир жараён давом этаяпти. Бу жараённи тушунтириш бир оз қийинроқ. Бўлажак сайловлар муносабати билан жудаям катта ижтимоий кескинлик бор. Полиция билан гаплашганимизда буларнинг (ўзбек ва тожик муҳожирларининг - таҳр.) гуноҳи йўқ экан, бу ерда тушунмовчилик бўлган экан, деган маънодаги гаплар айтилди," деди Намоз Нормўъмин.

Туркия Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб қилмайдиган мамлакатлардан биридир.

2014 йилнинг биринчи ярмида Туркияга сайёҳ сифатида сафар қилган ўзбеклар сони 130 мингни ташкил қилган.

Ҳозирда Туркияда минглаб ўзбекистонликлар меҳнат муҳожири ёда бошпана изловчи сифатида истиқомат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG