Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:09

Рамзан Қодиров "шайтон"ни тамсил этган илонни енгди


Чеченистон лидери Рамзан Қодировнинг илон билан олишуви акс этмиш видеодан скриншот.
Чеченистон лидери Рамзан Қодировнинг илон билан олишуви акс этмиш видеодан скриншот.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров 21 октябрь куни Instagram ижтимоий тармоғида қумли соҳилда жойнамоз ёйиб, ибодат қилаётгани тасвирланган видеони эълон қилди. Видеода Қодиров илонга хотиржамлик билан мурожаат қилиб, уни ушлаб олади ва уни худди ҳеч бир зиёни йўқ ташландиқ нарсадек улоқтириб юборади.

Йиртқичлар билан суратга тушиш бўйича Рамзан Қодиров ўз хўжайинидан ўзиб кетди.

Россия президенти Владимир Путиннинг йўлбарс изидан боргани, дельфинлар билан бирга сузгани ва турналар билан бирга “учгани” бизга маълум.

Аммо Қодировдан фарқли ўлароқ, Путин питон шаклидаги “ёвузлик кучлари”ни соч турмагини ва ибодатини бузмасдан енггани ҳақида мақтана олмайди.

Кремль қўлловида иш олиб борадиган Қодиров ўзига хос онлайн фаолият юритиб келади. Танқидчилар уни Чеченистонни бошқариш учун инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол қилишда айблаб келадилар. Қодиров 21 октябрь куни Instagram ижтимоий тармоғида қумли соҳилда жойнамоз ёйиб, ибодат қилаётгани тасвирланган видеони эълон қилди.

Малакали мутахассис тайёрлаган видеода йирик питон Қодиров томон ўрмалаб боради. Қодиров илонга хотиржамлик билан мурожаат қилиб, уни ушлаб олади ва уни худди ҳеч бир зиёни йўқ ташландиқ нарсадек улоқтириб юборади.

Қодиров томошабинларга видео “катта фалсафий, мафкуравий ва диний маънога эга” эканини эслатиб ўтди.

“Илон ер юзининг юз миллионлаб одам азият чекаётган кўп жойини эгаллаб олган ёвузлик тимсолидир. Бу Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия, Миср ва Африка мамлакатларидир. Улар Украина халқини ушбу гирдобга тортишга уриняптилар”.

“Шайтон кучлари халқларни, динларни, мамлакатларни бир-бирига гиж-гижлайди. Улар бошқариладиган хаос ҳукм суришини, дунёнинг ярми оч қолиб, янада қашшоқлашишини ва уларга ташланган аянчли емишларга шукур қилишларни хоҳлайдилар. Бундай бўлмаслиги лозим!”

Хўш, Қодиров назарда тутган шайтон ким?

Қодиров бирор шахс ёки мамлакатни ажратиб кўрсатмади. Аммо унинг сўзлари Россия расмийларининг АҚШ араб мамлакатларидаги зўравонликларга айбдор эканлиги, Украинада россияпараст президентнинг ағдарилишини уюштиргани ва умуман олганда, дунёни бўйсундириш ниятида экани ҳақидаги иддаолари билан ҳамоҳангдир.

Қодиров “сайёра келажаги” ҳақида қайғурувчиларни “бирлашишга, бир-бирига қўл узатишга” чақирди. Сиёсатчиларга эса: “Бутун бир миллат ёки мамлакатни ҳар доим қашшоқлик, қўрқинч, зулмда ушлаб тура олмаслигингизни тушунинг”, дея хитоб қилди.

Қодиров Instagramда унинг саҳифасига ёзилган 1,3 миллион одамга “Биз зулмни енга оламиз” дер экан, сўзи охирида #ОстановитеДьявола #StopTheDevil (#ШайтонниТўхтатинг) ҳештегини ёзди.

Қодиров бу сўзларни таҳлилчилар ва сиёсатчилар Кремль 30 сентябрь куни Сурияда бошлаган ҳаво ҳужумлари Россияни исломчи жангарилар, жумладан, “Исломий давлат” гуруҳи учун муҳим мўлжалга айлантириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантираётган бир пайтда ёзиб қолдирди.

20 октябрь куни Қодиров Чеченистон Ички ишлар вазирлиги расмийларини мамлакатда “Исломий давлат” томонидан ҳужум уюштирилиши эҳтимоли ўсиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Россия жанубида жойлашган Чеченистонда асосан мусулмонлар яшайди. Икки айирмачилик урушини бошдан кечирган мамлакат исломий ғалаён маркази ўлароқ ҳам ном чиқарган.

Ҳуқуқ фаоллари Қодировни инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолларини қўллашда, Россия конституциясини писанд қилмасликда ҳамда Чеченистонда қўрқўв муҳитини яратишда айблаб келади. Уларга кўра, Путин Чеченистонда тинчлик сақланишига умид қилиб, Қодировга эрк бериб қўйган.

Том Балмфорт қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG