Линклар

Украинадаги сайлов Порошенко ҳокимияти учун катта синов бўлди


Украинадаги сайлов участкаларидан бирида овозларни санаш жараёни.

Украинадаги сайлов участкаларидан бирида овозларни санаш жараёни.

Украинада 25 октябрда ўтган маҳаллий сайловларда сайловчиларнинг жуда оз қисми овоз бергани, бироқ бу сайлов ҳукумрон коалициянинг ғалабаси билан якунлангани айтилмоқда. Экзит-пол натижаларига қараганда ,”Петр Порошенко блоки” ва ҳукуматга мойил сиёсий кучлар кўпчилик шаҳар ҳамда вилоят кенгашларидаги асосий ўринларни эгаллайди. Экспертлар фикрича, мухолифат маҳаллий сайловлар натижаларидан келиб чиқиб, парламентга муддатидан олдин сайлов ўтказиш ташаббусини кўтаришдан тийилади.

Сайлов Донецк, Луганск, Қрим ва Мариуполда ўтказилмади

Украинада 25 октябрь куни ўтказилган шаҳарлар мэрлари ва маҳаллий кенгашлар сайлови президент Петро Порошенконинг заиф ҳукумрон коалицияси учун катта синов бўлгани айтилмоқда.

Сайловлар 33 минг сайлов участкасида ўтказилди. Мазкур сайловларда Украина халқи 359та шаҳар ҳокимини сайлади. Мамлакат бўйлаб, шунингдек, маҳаллий кенгашлар, қўрғон ва шаҳарчалар ҳокимлари сайланди.

Сайлов россияпараст исёнчилар назоратида бўлган Донецк, Луганск вилоятлари ҳамда Россия томонидан ўтган йили аннекция қилинган Қримда ўтказилмади. Исёнчи ҳудудларга яқин бўлган Мариуполда ҳам сайлов участкалари очилган эмас. Бунга Мариуполь шаҳар сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларни шубҳали, деб топиб, уларни қабул қилмагани сабаб бўлган.

Сайловда 46 фоиздан кўпроқ сайловчи овоз берди

Украина Марказий сайлов комиссияси овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 46,62 фоизи иштирок этганини маълум қилди. Сайлов пайтидаги қонунбузарликлар кўрсаткичи ҳам унча кўп бўлмаган. Марказий сайлов комиссияси ҳозирча бошқа маълумотларни эълон қилгани йўқ.

Сайловда сайловчиларнинг оз қисми қатнашганини экспертлар сайлов қонунчилиги мукаммал эмаслиги, сайловчиларнинг сиёсий апатияси ва фуқароларнинг ҳукуматга ишончи сўнгани билан изоҳламоқда.

Порошенконинг рейтинги 26 фоизга тушиб кетган

Сайлов арафасида мамлакатдаги иқтисодий инқироз ва шарқий ҳудудларда давом этаётган уруш оқибатида президент Порошенконинг рейтинги 26 фоизга тушиб кетгани айтилган. Украина Бош вазири Арсений Яценюкнинг рейтинги ҳам ўта тушиб кетгани сабабли, у ўз партиясидан маҳаллий сайловларга номзодларни кўрсатамаган.

Бироқ кузатувчилар Порошенко рейтинги тушиб кетганига қарамай, овоз бериш натижаларига кўра президент мансуб бўлган сиёсий коалиция маҳаллий кенгашлардаги асосий ўринларни эгаллайди, деган тахминни олға сурмоқда.

Януковичнинг "Регионлар" партияси учун реванш имконияти

Халқ орасида ҳукумрон партияларга ишончсизликнинг кўпайгани ортидан бир қатор майда партиялар ташкил этилди ва бунинг ортидан маҳаллий сайловда 130 партия иштирок этди.

- Ҳокимиятда қандайдир вакуум пайдо бўлган. Шунинг учун кўплаб майда гуруҳлар маҳаллий ҳукуматлардан жой олиб, ўз партияларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, -деди сиёсатшунос Иван Лозовой.

Бундай вазият ҳокимиятдан ағдарилган президент Виктор Янукович мансуб бўлган “Регионлар” партиясининг собиқ аъзоларидан ташкил топган “Мухолифат блоки”га ҳам қўл келиши мумкин. Негаки, “Регионлар” партиясининг собиқ аъзоларининг кўпчилиги ҳозирда ҳам маҳаллий ҳокимиятларда юқори лавозимларда ишлаб келмоқда.

- Украина шарқидаги халқ зич жойлашган шаҳарларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу ердаги овоз бериш жараёни, менинг фикримча, ўзини бошқача номлаб олган “Регионлар” партиясининг ҳокимиятга келишига омил яратади. Уларнинг номзодлари бошқа партиялар сафида сайловда қатнашаяпти, - деди сиёсатшунос Игор Лозовой.

Украинани яҳлит давлат сифатида сақлаб қолиш ҳаракати

“Мухолифат блоки” Украина парламентидаги ўринларнинг 10 фоизига эгалик қилади. Мазкур блок Украинанинг NATOга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда ҳамда Украина шарқидаги урушни Россия билан музокаралар ўтказиш орқали тўхтатиб, Қрим ҳудудини мамлакатга қайтариш ғоясини илгари суриб келмоқда.

- Украинани яҳлит давлат сифатида сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Бугунги кундаги саёз сиёсий маданият ҳар қандай ташвишларга сабаб бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ҳокимиятни марказдан бутунлай ажратиш, маҳаллий ҳокимиятларни марказ назоратидан чиқариш хавфли оқибатларга олиб келади, - деди Chatham House халқаро алоқалар институтининг украин форуми раҳбари Орися Луцевич.

25 октябрдаги маҳаллий сайловлар 2010 йилдан бери Украинада ўз белгиланган вақтида ўтказилган дастлабки сайлов бўлди. Бунга қадар ўтган беш йил давомида мамлакатда фақат муддатидан олдин президентликка ва парламентга сайловлар ўтказилган эди.

XS
SM
MD
LG