Линклар

logo-print

АҚШ Ўзбекистонга реактив самолётларни сотишни тақиқлади


Korea Times газетаси эълон қилган Т-50 учоғи фотосурати.

Korea Times газетаси эълон қилган Т-50 учоғи фотосурати.

Қўшма Штатлар Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга товушдан тез учадиган 12та ҳарбий жангавор ўқув самолётини сотишини тақиқлади. Бу ҳақда 25 октябрь куни хабар берган Korea Times газетасининг ёзишича, Вашингтон мазкур учоқларга доир технологиялар Ўзбекистон орқали Россиянинг қўлига тушиб қолиши олдини олиш учун шундай қарорга келган.

Korea Times газетасининг ёзишича, Жанубий Корея умумий қиймати 400 миллион долларга тенг бўлган 12 дона T-50 “Golden Eagle” учоқларини Ўзбекистонга сотиш шартномасига жорий йил май ойида Ислом Каримовнинг Кореяга қилган сафари чоғида эришган эди.

2015 йил апрелида Жанубий Корея мудофаа вазири Хан Мин Ку ва Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаган. Қобул Бердиев Кореяга сафари давомида Т-50 учоғининг енгиллаштирилган варианти бўлган FA-50 учоғи симуляторини бошқариб ҳам кўрган.

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга сотилган реактив самолётга доир технологиялар Россия қўлига тушиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдириб, мазкур шартномани амалга оширишга қаршилик қилган.

“Ўзбекистон Россия билан яқин муносабатларда бўлгани боис, АҚШ Т-50 самолётининг Ўзбекистонга экспорт қилиниши технологияларнинг Россияга тақдим этилиши эҳтимолидан ташвиш билдирмоқда”, деб билдирган газетага Корея мудофаа вазирлигидаги манба.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр мазкур қарор Ўзбекистон билан боғлиқ бўлмаса-да, ҳозирда АҚШ ва Россия ўртасида муносабатларнинг таранглашуви бошқа мамлакатлар ўртасидаги олди-бердига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Россия ва Америка ўртасидаги вазият ҳаминқадар бўлиб тургани маълум. Бу самолётлар Америка технологиялари асосида ясалган ва уларнинг хавотирларини тушунса бўлади. АҚШ истаса, бу самолётларни сотишни тақиқлаб қўя олади. Америка ҳар доим Россияни потенциал душман сифатида кўриб келган ва ўз технологиялари эҳтимолий душман қўлига тушиб қолишини истамайди, албатта. Бу қарор Ўзбекистон билан боғлиқ эмас, лекин Ўзбекистон Россия таъсир доирасига яқин бўлган мамлакат сифатида бу масалада америкаликларнинг хавотирини уйғотиши табиий. Айниқса, ҳозирда АҚШ-Россия муносабатлари таранглашиб турган вазиятда, бундан хайрон қолиш керак эмас, менимча,- дейди ҳарбий таҳлилчи.

Korea Times манбаси Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШга қарши тузилма сифатида кўриладиган Шанхай Ҳамкорлик ташикилотига аъзо экани ҳам Вашингтон қарорига таъсир кўрсатганини айтган.

“Бундан ташқари Қўшма Штатлар Ўзбекистон Т-50 учоқларини сотиб олиши ортидан қўшни давлатлар билан муносабатларда таранглик юзага келиши мумкинлигидан ҳам ташвиш билдирган”, деб ёзади газета.

Маълумотларга қараганда, Қорея қурол-аслаҳаларни сотиш ва сотиб олишни мувофиқлаштириш агентлиги Вашингтон қаршилигига қарамай, Ўзбекистон билан имзоланган шартнома бажарилиши учун ҳаракат қилишда давом этади.

Korea Times газетаси ўз манбасига таянган ҳолда Жанубий Корея ҳукумати Вашингтонни Ўзбекистонга учоқларни сотиш хавфли эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилаётганини ёзган.

Т-50 ҳарбий жангавор ўқув учоқлари АҚШнинг Lockheed Martin ва Кореянинг Korea Aerospace Industries – KAI ширкатлари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган. Лойиҳанинг 17 фоизи KAI, 13 фоизи Lockheed Martin, 70 фоизи Жанубий Корея ҳукумати томонидан молиялаштирилган.

Т-50 реактив самолётларини ясашда асосан АҚШ ширкати технологияларидан фойдаланилган. Шунинг учун Жанубий Корея Қўшма Штатларда қабул қилинган “АҚШ қуроллари экспорти устидан назорат ўрнатиш тўғрисида”ги қонунга биноан мазкур ҳарбий жангавор ўқув учоқларини сотиш учун Вашингтон розилигини олиш мажбуриятига эга.

Ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгаэурнинг айтишича, тараққий этган давлатларнинг кўпчилиги ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқаришда АҚШ технологияларидан фойдаланади, бу эса америкаликларга дунё мамлакатлари ўртасидаги қурол-аслаҳа олди-сотдисининг катта қисмини назорат қилиш ҳаққини беради.

- Бунинг янгилик тарафи йўқ. Америкаликлар, масалан, Исроилнинг ҳам Хитойга ҳарбий техника сотишини қўпол тарзда тақиқлаб қўйган эди. Умуман олганда Ғарбнинг бирорта мамлакатида, умумиятла, ҳеч бир ҳарбий техника Америка технологияларисиз ишлаб чиқарилмайди. Шунинг учун, маслан, тараққий этган мамлакат Хитой ёки Россияга бирор аслаҳани сотишдан олдин Пентагон розилигини олиши керак. Исроил Хитойга пилотсиз учқичларни сотиши учун Пентагондан рухсат сўраган, ёки Франция Мистраль вертолёт ташувчи кемаларини Россияга сотиш бўйича шартнома имзолаш учун АҚШни кўндиришга кўп вақт сарфлаган. Қисқаси, америкаликлар Ғарб мамлакатларида илғор технологиялар асосланган ҳарбий-саноат компплексларини назорат қилади,- дейди ҳарбий таҳлилчи Фельгенгауэр.

Бунгача Жанубий Корея Т-50 учоқларини Ироқ, Филиппин ва Таиландга экспорт қилган. Учоқнинг TA-50s деган версияси эса Индонезияга сотиб келинган.

Корея нашрига кўра, Вашингтон Т-50 учоқларини Ўзбекистонга сотишни тақиқлаш билан Жанубий Кореяга ўз ҳарбий авиациясини шакллантириш дастурига яна бир қаттиқ зарба берди. Бунгача Вашингтон Кореяга F-35 қирувчи учоқлари технологиясини тақдим этишдан бош тортган ва бу масала икки давлат ўртасидаги сиёсий муаммога айланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG