Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:20

Тошкентлик ўсмир ИШИД варақасини тарқатди деб 9 йилга қамалди


2014 йилнинг 28 августида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига илиб кетилган "Исломий давлат" байроғи
2014 йилнинг 28 августида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига илиб кетилган "Исломий давлат" байроғи

Тошкент вилоятида истиқомат қилган Фирдавс Салимов "ИШИД варақаларини тарқатгани учун" 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўзбекистон Олий судига таянган нашрлар собиқ коллеж ўқувчиси бўлган 18 яшар Фирдавс Салимов оиласига қарийб 10 миллион сўмлик жарима солинганини хабар қилди. Паркентда уч манзилдан ИД варақаси топилгани, туманга ИИВ ва МХХ раҳбарлари боргани ҳақида Озодлик шу йилнинг апрелида хабар қилган эди.

Террорчилар ўсмирни ижтимоий тармоқлар орқали ёллаган

Ўзбекистон ва Россиянинг бир неча ахборот агентлиги Тошкент вилояти Паркент туманида 18 яшар ўсмирнинг "Исломий давлат" чақириқлари битилган варақалар тарқатгани ва террор ташкилоти байроғини таълим муассасалари дарвозаларига илгани учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар қилмоқда.

Жумладан, 25 октябрь оқшомида Ўзбекистондаги бир неча телеканалда "Сўқирнинг пушаймони" номли 40 дақиқали ҳужжатли фильмда Фирдавс Салимов ҳикоя қилинди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист ва "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов фильмда 18 яшар ўсмир устидан ўтказилган маҳкамадан парчалар кўрсатилганини айтмоқда.

Унга кўра, кўрсатувда Салимовнинг "айбловни тан олгани, ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик кайфиятдаги шахслар билан танишиб, варақаларни тарқатиш ҳақида таклиф олгани, 1-2 минг АҚШ доллари эвазига таклифга рози бўлгани, атрофидаги ўсмирларга ҳам 100-200 доллар эвазига варақа тарқатишни тарғиб қилгани, шу йилнинг баҳорида содир қилган қилмишидан пушаймон бўлгани кўрсатилган".

Шунингдек, 9 йилга қамалган ўсмирнинг инглиз ва рус тилларида равон сўзлашувчи ўқимишли ёшлардан бири экани ҳам айтилган.

Журналист кўрсатувда ўсмирни Россиядаги экстремистик гуруҳлар вакиллари "Одноклассники" тармоғи орқали ўзига жалб қилгани ва ИД ("Исломий давлат" - таҳр.) ғояларига оғдиргани урғуланганини айтмоқда.

ИШИД варақасини коллеж ўқувчиси тарқатган

Vesti.uz нашри эса Тошкент вилояти Паркент туманидаги Транспорт ва сервис коллежининг собиқ ўқувчиси бўлган 18 яшар Фирдавс Салимов "ИД варақаларини тарқатишни уюштирган"и учун қамалди, деб ёзди.

"Ўсмир ўзи ўқиган коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаган отаси янги ноутбук сотиб олганидан сўнг Интернет тармоғидаги душманлик кайфиятида бўлган хорижий ОАВ ва экстремист ташкилотлар таъсири остига тушиб қолган", деб ёзди Vesti.uz нашри.

Агентлик хабарига кўра, собиқ ўқувчи экстремистик варақаларни бир неча мактаб ўқувчиси билан бирга тумандаги 29-мактаб, 18-боғча ва ўзи ўқиган коллеж дарвозаларига ёпиштирганини тан олган. Агентлик жиноят қачон содир этилгани ҳақида хабар бермади.

Варақалар таълим муассасаларида тарқатилган

Вилоят Жиноят ишлари судидаги манбасига таянган REGNUM ахборот агентлиги ҳам Фирдавс Салимов устидан ўтган маҳкама ҳақида хабар қилди.

"Салимов варақаларни маҳаллий ўқувчилар ёрдамида тунда ёпиштириб чиққан, у шунингдек "Исломий давлат" байроғини мактаблар, болалар боғчаси ва ўзи ўқиган коллежнинг дарвозасига ҳам осиб қўйган", дея иқтибос келтирди ўз манбасидан REGNUM агентлиги.

Тошкент вилояти судидаги манба 9 йилга қамалган шахсдан "етказилган маънавий ва молиявий зарар ундирилиши"ни ҳам қайд этиб ўтган. Унга кўмаклашган мактаб ўқувчилари билан эса профилактик суҳбатлар ўтказилган. Бу агентлик ҳам жиноят қачон содир этилгани ҳақида маълумот бермади.

Расмийлар жим

Озодлик бу хабарлар ортидан Тошкент вилояти ва Паркент туманидаги маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларига боғланди, аммо расмий маълумот ололмади.

Биргина Паркент туман судининг исмини очиқламаган ходими Фирдавс Салимов устидан маҳкама шу йилнинг сентябрь ойида вилоят судида бўлиб ўтгани, айни дамда Салимов жазосини ўташи белгиланган қамоқхонага етказилганини билдириш билан чекланди.

Жиноят шу йил баҳорда содир этилган

Шу йилнинг 29 апрелида Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларидан бирининг кириш йўлакчасида араб ёзувида портлаш уюштириш ҳақида таҳдидлар битилган варақалар топилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Аввалига туманнинг Бўстон қишлоғидаги ўрта мактаблардан бирининг ойналарига варақалар осиб кетилган, кейин Транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежидан варақалар чиққан, 27 апрель куни эса тумандаги болалар боғчасидан араб ёзувида таҳдидлар битилган варақалар солинган пластик идиш топилган эди.

Варақа топилган Паркент Транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи маъмурияти ҳодисани тасдиқлаб, коллежда туну-кун навбатчилик ташкил қилингани, тумандаги бошқа таълим-муассасалари ҳам мунтазам кузатувга олинганини айтган. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўшанда Паркент туманидаги ҳолат бўйича расман изоҳ бермаган.

26 октябрь куни тарқатилган хабарларда ҳам Фирдавс Салимов содир этган жиноят Паркентдаги апрель воқеалари билан боғлиқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Биргина телекўрсатувда ўсмир жиноятни шу йилнинг апрелида содир этгани ҳақида иқрорлик кўрсатмаси бергани айтилмоқда, холос.

Ўзбекистонда ИШИДга алоқадор маҳкамалар:

21 октябрь куни Озодлик Жиноят ишлари бўйича Қашқадарë вилоят суди Шаҳло Қудратова ва Нилуфар Абдуллаеваларни ижтимоий тармоқлар орқали халифалик қуришни тарғиб қилганликда айбдор деб топган, улардан бирига 5, яна бирига 7 йиллик қамоқ жазосини берганини хабар қилган. Маҳкамада аёлларнинг Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилоти аъзолари бўлгани айтилган.

8 октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 4-ўрта мактабда “Исломий давлат” варақаларини тарқатганликда гумон қилинган икки аёл ўқитувчи қўлга олинган. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича, 8 октябрь куни мактабда рейд ўтказган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ИШИД варақаларини ўқитувчиларнинг қўл телефонларидан топган.

Фирдавс Салимов иши бўйича хабар берган REGNUM агентлиги бунга қадар Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари суди одамларни ИШИД сафига ёллаганлик айби билан Нодир Жовлиев исмли шахсни 9 йилга қамаганини хабар қилганини ҳам эслади.

27 яшар Нодир Жовлиев ҳақида Ўзбекистон телевидениеси "Манфурлик" номли махсус кўрсатув намойиш қилган. Унда Жовлиев “мўмай даромад” ниятида Россияга кетиб, у ерда радикал гуруҳлар таъсири остида Сурияга боргани, жангларда қатнашгани ва Ўзбекистонга қайтгач, ҳамюртларини “Исломий давлат” сафида жиҳодга ёллашга урингани айтилган.

Қуйида Ўзбекистон телевидениесида ўтган йилнинг 26 октябрида намойиш қилинган "Манфурлик" номли ҳужжатли фильмдан парчани томоша қилинг:

XS
SM
MD
LG